Экхард ПРИЛЛЕР: «Ўзбекистон — жадал ривожланаётган мамлакат»
  • 04 Август 2015

Экхард ПРИЛЛЕР: «Ўзбекистон — жадал ривожланаётган мамлакат»

Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар дунё ҳамжамияти диққат-эътиборини ўзига жалб этмоқда. Хорижлик экспертлар иқтисодий ўсиш, аҳоли фаровонлиги ва фуқаролик фаоллиги юксалиши борасида ҳавас қилишга арзигулик натижаларни намоён қилаётган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий тараққиётнинг “ўзбек модели”ни катта қизиқиш билан ўрганаяптилар.

Франция, Бельгия, Германия, Италия, АҚШ, Жанубий Корея, Ҳиндистондан келган экспертлар иштирокида ташкил этилган “Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуидаги халқаро давра суҳбати асносида социология фанлари доктори, Германия Фуқаролик фаоллиги федерал тармоғи ишчи гуруҳи раҳбари Экхард Приллердан интервью олдик. Тадбирда маълум бўлдики, фуқаролик жамиятини шакллантириш масаласи кўплаб демократик давлатлар қатори аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда маданияти, фуқаролик фаоллигини оширишга катта эътибор қаратаётган Германия учун ҳам долзарбдир. Мазкур йўналишда турли институтлар қатори Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш институти ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан самарали алоқаларни йўлга қўйган Германиянинг Сиёсий таълим федерал маркази, Фуқаролик фаоллиги федерал тармоғи, Берлин ижтимоий тадқиқотлар илмий маркази доимий иш олиб бормоқда. Экхард Приллер фуқаролик жамияти ривожланиши соҳаси олими ҳамда эксперти сифатида Ўзбекистонда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга катта қизиқиш билдириб, мамлакатимиздаги ижтимоий жараёнларни ўрганмоқда. У халқаро кузатувчи сифатида парламент ва Президент сайловларида қатнашган. Республикамизда фуқаролик жамиятини шакллантириш мавзусида ўтказилган илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, давра суҳбатларида қатор йиллардан буён қатнашиб келмоқда.

— Жаноб Приллер, Ўзбекистон сизда қандай таассурот қолдирди?
— Мамлакатингизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳаётга татбиқ этилаётган модели олим сифатида мен учун жуда қизиқ ва тадқиқ этишга молик. Ўзбекистон бой тарихи, ўзига хослиги ҳамда маданияти билан машҳур. Ўз навбатида, у сайёрамизнинг бугун жадал ривожланаётган қисмидир. Бинобарин, бу ерда рўй бераётган жўшқин жараёнларни бефарқ бўлмай, балки диққат билан кузатиш ва мамлакатингизнинг ноёб тажрибасини ўрганиш лозим.

— Яқинда Ўзбекистон фуқаролари мустақилликнинг 24 йиллигини нишонлайдилар. Ўтган қисқа даврда республикада деярли йўқ жойдан жадал равнақ топаётган иқтисодий-ижтимоий соҳаларга эга давлат барпо қилинди. Фуқаролик жамияти шаклланишининг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. Айни пайтда турли фуқаролик жамияти институтлари давлат ва жамият ишларини бошқаришда фаол қатнашмоқда.
— Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти соҳасида кўп ютуқларга эришилди. Мамлакатда соҳа шаклланиши учун “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида махсус модель ишлаб чиқилган ва у муваффақиятли рўёбга чиқарилаяпти. Давлат фуқаролик жамияти ривожланиши, амалга оширилаётган ислоҳотларда аҳоли фаоллигини ошириш учун зарур шарт-шароитларни тақдим этиб келмоқда. Мамлакат раҳбарияти қонунчилик базаси, махсус институтлар яратиш йўли билан ушбу жараёнларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солаётир. Кўплаб давлатларнинг демократик тараққиёти шуни кўрсатадики, бу анча узоқ давом этадиган жараёндир. Ўзбекистоннинг бу борадаги бугунги интилишлари келажакда ўзининг ижобий самараларини бериши шубҳасиз. Зеро, бунда ёш авлодга асосий умид билдирилмоқда. Айнан улар жамиятнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланмоғи керак. Шу маънода, Ўзбекистонда кўп ишлар қилинган. Ҳозирги глобаллашув шароитида ёшлар, шу жумладан, Германияда ҳам, ташқаридаги салбий таъсирдан тўлиқ ҳимояланмаган. Демак, навқирон авлоднинг фуқаролик жамиятидаги фаоллашуви учун янада кўпроқ шарт-шароит яратишни асло эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Бугун жамиятда яратилган шароитлар асосида рўй бераётган ҳодисаларни кузатиш ва ўрганиш, булардан келиб чиқиб, бош тамойиллар самарали ишлаши учун кейинги қадамларни ташлаш зарур.

— Жаноб Приллер, фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми ҳисобланган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти, уларни қўллаб-қувватлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жадал равнақ топишига таъсир кўрсатувчи самарали ҳуқуқий пойдевор яратилган. Умуман, фуқаролик жамияти институтларининг турфа хиллиги ҳам катта таассурот қолдиради. Зеро, айнан ҳуқуқий асослар шу йўналишдаги ташкилотлар, институтлар ташкил қилинишига туртки бўлади. Масалан, Германияда ушбу вазифа диққат-эътиборимизда турибди. Сабаби, айнан институтлар жамиятни бирлаштиради, аҳолини ижтимоий фойдали фаолиятга жалб этишда муҳим роль ўйнайди. Биз ҳам шу каби ташкилотларга фуқаро интеграцияси ва ижтимоийлашувининг муҳим институти сифатида катта эътибор қаратилиши учун курашаяпмиз.
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича очиқ ва шаффоф, демократик асосда фаолият юритаётган инфратузилма барпо қилинган. Хусусан, бу борада Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси муҳим ўрин тутади. Айни пайтда ушбу мавзу Германияда ҳам кенг муҳокама қилинаяпти. Кези келганда қайд этиш жоизки, фуқаролардаги ижтимоий фаоллик кўрсатиш истаги бу борада бирламчидир. Давлат эса улар ўзини намоён қилишлари учун шароит яратиши даркор. Ўзбекистонда мазкур имконият бор.
Олим сифатида айтишим мумкинки, фуқаролик жамияти ривожланишининг турли моделлари мавжуд. Ва мен ноёб миллий хусусиятлар асосида ва демократик ривожланишнинг устувор вазифаларини инобатга олиб ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Мисол учун, сизда маҳалла институти самарали ишламоқда. Ўзини ўзини бошқаришнинг энг асосий вазифаларини бажараётган бу каби маҳаллий тузилмалар дунёнинг кўплаб давлатларида мавжуд эмас. Ушбу тажрибани ўрганиш, назарий асосларини яратиш ҳамда тарқатиш лозим. Ўйлашимча, Ўзбекистон бу борада биринчидир. Бугун кўплаб мамлакатлар маҳаллий тузилмаларни фаоллаштириш, бунинг учун зарур механизмларни яратишга уринмоқда. Боиси, фуқаролик жамияти мустаҳкамланишида уларнинг аҳамияти беқиёсдир.

— Ўзбекистонда давлат органлари ва фуқаролик институтларининг муҳим ижтимоий вазифаларга ечим топишдаги ҳамкорлиги механизмини ривожлантириш, фуқаролик жамияти равнақ топишида ижтимоий шерикликнинг ўрни ҳақидаги фикрларингиз қандай?
— “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши, ижтимоий шерикликни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашаётган маҳаллий вакиллик органлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари шакллантирилгани давлат органлари ҳамда ННТ ҳамкорлиги нуқталарини аниқлаб бермоқда, фуқаролик институтларининг жамиятдаги позицияси ва таъсирини мустаҳкамлашда катта роль ўйнамоқда. Германияда ҳам ННТ маҳаллий даражада ишлашга ҳаракат қилаяпти, тегишли кенгашлар бор. Ижтимоий шерикликни қўллаб-қувватлаш механизмларига институт мақомини бериш бу жараёнда давлат органлари масъулиятини оширади. Бироқ айрим давлатлар амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, фуқаролик жамияти эркин ривожланиши йўлида бюрократик тўсиқлар пайдо бўлишининг олдини олиш керак. Социолог сифатида ННТ ўртасидаги бевосита ҳамкорликни ҳам тараққий топтириш лозимлигини айтишни хоҳлардим. Бу жамиятда бирдамликни ва ўзаро алоқалар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Германияда худди шу каби ўзаро муносабатлар амалда синаб кўрилаяпти. Аммо асосан марказлашган даражада. Айни пайтда уни жойларда ҳам ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

— Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловларини кузатишда иштирок этдингиз. Кўплаб кузатувчилар сайловчиларнинг фаоллигига юқори баҳо бердилар. Фуқароларнинг бундай иштирокига асосий сабаб нимада деб ўйлайсиз?
— Мен ҳам кўплаб сайлов участкаларида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланилганини қайд этгандим. Афсуски, Германияда кўрсаткичлар бу даражада эмас. Ҳайратга тушдим. Ўйлашимча, бу биринчи навбатда, фуқароларнинг давлат томонидан олиб борилаётган тараққиёт йўлидан рози эканлиги ҳамда уни қўллаб-қувватлаш, республикада тинчлик ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлашга интилиш билан боғлиқдир. Розилик ислоҳотларнинг базавий асоси, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, одамлар сайловларга байрам сифатида боришди.

— Ўзбекистонда ННТ фаолиятининг йўналишларидан бири, қонунчиликда ўз ифодасини топганидек, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдир. Юртимизда 130 дан зиёд миллат, 16 конфессия вакиллари истиқомат қилади. Фуқаролик жамияти институтларининг, жумладан, Ўзбекистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги иштироки ҳақида нуқтаи назарингиз қандай?
— Шубҳасиз, фуқаролик жамияти мамлакатда тинчлик ва ҳамжиҳатлик, осойишталикни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Жуда кўплаб миллат ва эътиқод эгалари яшаётган Ўзбекистондек мамлакатда фуқаролик институтлари мазкур миллатларни улар ўртасидаги аҳиллик сақланишига таъсир кўрсатган ҳолда мамлакатингизнинг умумий маданиятига интеграциялаштириш йўлида катта ишларни амалга ошираяпти.
Жамоатчилик ташкилотини тузишда унинг айнан интеграциялаштиришдаги ролига эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистонда кўплаб миллий маданият марказлари фаолият юритаётганидан хабарим бор. Улар ўзига хос маданият, қадриятларни асраб-авайлар экан, бир тану жон бўлиб, жамиятни бирлаштирган ҳолда, ҳамжиҳатликни сақлашга ҳисса қўшаяпти.

— Жаноб Приллер, Ўзбекистонга биринчи келишингиз эмас ва миллий маданиятимиз ҳамда тарихий меросимиз билан яхши танишсиз. Таассуротларингиз қандай?
— Ўзбекистон бу борада дунёдаги энг бой мамлакатлардан бири. Ушбу диёрда турфа хил маданиятлар йиғилган, турли миллат ва даврлар мероси мавжуд. Бундай ранг-баранглик бетакрорлиги билан кишини ўзига тортади. У давлат томонидан кўз қорачиғидек муҳофаза қилинмоқда.
— Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат.

«Халқ сўзи» мухбири
Саиджон МАХСУМОВ суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn