Эзгуликка йўғрилган лойиҳалар
  • 04 Август 2015

Эзгуликка йўғрилган лойиҳалар

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ресурс марказида “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш — кучли фуқаролик жамияти шаклланишининг муҳим омили” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳолининг барча қатлами манфаатларини ҳимоялайдиган фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш масаласи доимий эътиборда эканлиги, бу масала Асосий Қонунимиз ҳамда кўплаб қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топганлигини алоҳида таъкидлашди. Хусусан, жамоат ташкилотларининг эътиборли лойиҳалари, ғоя ва ташаббуслари Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан грант танловларини ўтказиш, ижтимоий буюртмаларни амалга ошириш тарзида молиялаштириб келинмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, ҳуқуқий, экологик, тиббий маданиятни юксалтириш сингари кўплаб соҳалар ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. 
Таъкидланганидек, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ҳамда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Парламент комиссияси томонидан 2015 йилда давлат ижтимоий буюртмаси шаклида ижтимоий шериклик субъектларининг 15 лойиҳаси учун 2 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу танловда  “Нуроний” жамғармасининг “Кексаларга эътибор ва ғамхўрлик — ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг асосий жиҳати” лойиҳаси ҳам ғолиб деб топилиб, 200 миллион сўмлик грант маблағи ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ижтимоий шериклик асосида амалга оширилувчи мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасининг “Тахиатош” ҳамда Жиззах вилоятидаги “Маржон суви” уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийларида соғломлаштириш курсларини ўтаётган кекса ва ногиронлар, Қашқадарё ҳамда Фарғона вилоятларидаги Саховат уйларида нуронийларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, шунингдек, кекса отахону онахонлар учун “Авлодлар учрашувлари”, давра суҳбатлари, муқаддас қадамжолар, тарихий-маданий жойлар, музей ва кўргазмаларга сафарларни ташкил этиш сингари тадбирларга  йўналтирилади.

М. ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn