Кучли фуқаролик жамияти сари
  • 01 Август 2015

Кучли фуқаролик жамияти сари

Тошкентда “Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Фридрих Эберт номидаги жамғарма ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат органлари вакиллари, Франция, Бельгия, Германия, Италия, АҚШ, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан экспертлар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди. Форумнинг биринчи куни давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлиб, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси фаолияти билан танишишди, Қўмитанинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент назорати тадбирлари, фуқаролик институтлари фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид иш тажрибаси ҳақида батафсил ахборотга эга бўлишди.
Хорижлик экспертлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари билан учрашди. Мулоқот чоғида ҳар йили Давлат бюджетидан ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағларни тақсимлаш шаффоф, очиқ, манзилли, айниқса, демократик тамойилларга мос экани алоҳида қайд этилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди фаолияти самарали йўлга қўйилиши натижасида нафақат маблағлар манзилли ва тенг тақсимланди, айни пайтда ушбу саъй-ҳаракатлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташкилий-техник ҳамда иқтисодий базасини такомиллаштиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатди.
— Мен Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш тизими ҳақида атрофлича ахборот олдим, — деди “Шимол-Шарқ 77 маҳаллий миссияси” ННТ директори Селин Мартан (Франция). — Дунёдаги ҳамма мамлакатда ҳам фуқаролик жамияти институтларини қонунчилик асосида кенг қўллаб-қувватлайдиган тизим мавжуд эмас. Ўзбекистон бу борада анча илдамлаб кетибди.
Хорижлик экспертлар Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида бўлиб ўтган тақдимотда, шунингдек, йирик нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари билан учрашувларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, баркамол авлодни тарбиялашда жамоат ташкилотлари роли ўсиб бораётгани, кам таъминланган аҳоли қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўзаро ҳамкорлиги хусусида батафсил ахборотга эга бўлишди.
Мамлакатимиздаги энг йирик ННТ — Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолияти давра суҳбати иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бугунги кунда Экоҳаракат атроф-муҳитни ва инсон саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритаётган юзлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштирган. Экоҳаракатга Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 15 депутатлик ўрни ажратилган бўлиб, бу ҳозирги босқичда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалаларининг ниҳоятда долзарблиги билан бевосита боғлиқдир.
— Экоҳаракат бирлаштирувчи ва йўналтирувчи роль ўйнайди, — дейди Ж. Неру номидаги университетнинг халқаро тадқиқотлар мактаби тадқиқот дастури директори Ажай Кумар (Ҳиндистон). — У экология соҳасида давлат сиёсатини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Бу Ўзбекистонда атроф-муҳит муҳофазасига нечоғли катта эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Депутатлар орасида Экоҳаракат фаоллари бўлиши табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, марказда ва жойларда унинг ижросини таъминлашга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун бунга яққол мисолдир. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда табиатни муҳофаза қилишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокига оид механизмлар мустаҳкамланган.
Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон тажрибаси тақдимоти ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан танишиш давра суҳбати мавзуига амалий руҳ бағишлади. Тадбир кун тартибида ялпи мажлис, сўнг гуруҳларда муҳокамаларни давом эттириш кўзда тутилган эди. Уларда мамлакатимиз ва хорижлик экспертлар давлат ҳамда фуқаролик жамиятининг самарали ҳамкорлиги механизмларини ривожлантириш, республика учун долзарб вазифаларни ҳал этишда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ишлаш амалиёти, шунингдек, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда аҳолининг иштирокини кенгайтириш масалаларини атрофлича ўрганиб чиқишди.
Тадбирда кучли ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш Ўзбекистонда демократик ўзгаришларнинг устувор йўналиши эканлиги қайд этилди. Бугунги кунда устувор мақсад йўлида жамоат бирлашмалари, жамғармалар, жамоат муассасалари, касаба уюшмалари ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари самарали фаолият юритмоқда.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасидаги демократик ўзгаришлар мамлакат тараққиётининг ўзига хос жиҳатлари, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ҳамда ижтимоий онги ўсишини ҳисобга олган ҳолда тизимли, изчил ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
— Фуқаролик жамиятини шакллантириш давлат ҳамда жамият ҳаётининг бошқа соҳаларини янгилаш ва демократлаштириш жараёнлари билан узвий боғлиқдир, — деди давра суҳбатида ЎзННТМА кенгаши раиси Абдумажид Каримов. — Социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар натижасида аҳоли фаровонлиги жадал юксалди. Тарихан қисқа даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 баробардан кўпроқ ўсди, аҳолимизнинг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошди, охирги йилларда ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоизлик даражада барқарор ўсиши суръатларига эришилди. Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги тобора юксалиб бормоқда. Бугунги кунда юртдошларимизнинг 75 фоизидан ортиғи хусусий секторда банд бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Маънавият ҳамда маърифатни, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида одамларда ўзликни англаш, фуқаролик фаоллиги ва жамиятда кечаётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси мустаҳкамланди. Истиқлол йилларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг эркин ҳамда мустақил фаолият юритишига қаратилган қонунчилик асослари ва ҳуқуқий кафолатлар яратилгани бунда ҳал қилувчи омил бўлмоқда.
Конституциямиз мамлакатда мустақил ҳамда эркин нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мақсад ва вазифаларини, мазмун-моҳиятини белгилаб берди. Конституция қоидалари икки юздан ортиқ қонун ҳужжатларида янада ривожлантирилиб, нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил қилиш ҳамда улар фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва кафолатлар яратилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда ҳамда давлатнинг мамлакат социал-иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар ривожланишининг муҳим масалаларини биргаликда ҳал қилишга бўлган интилишидан баҳраманд бўлиб турибди. Бу ҳамкорлик, айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари, уларнинг фаровонлиги билан бевосита боғлиқ бўлган соҳаларда амалга оширилмоқда.
— Мамлакатдаги энг йирик нодавлат нотижорат ташкилотлари орасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси муҳим ўрин эгаллайди, — дейди “Европа аёллари лоббиси” ташкилотининг Италия бўлими бош котиби Мария Ботарелли Транкуили-Леале. — Қўмита аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда. Ушбу ташкилотнинг давлат ҳамда жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида у ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар ривожланиш масалаларини ҳал қилишда фаол қатнашмоқда. Хотин-қизлар қўмиталарига кенг ваколатлар берилгани Ўзбекистонда аёлларни доимо қўллаб-қувватлаш бўйича механизмларни яратади.
Миллий анъаналар ҳамда қадриятларни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтиришда ноёб ижтимоий институт — маҳалла негизида ташкил этилган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари муҳим роль ўйнамоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 10 мингга яқин фуқаролар йиғини бўлиб, улар илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасида бўлган 30 дан ортиқ вазифаларни бажармоқда.
— Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимини мустаҳкамлашда “Маҳалла” фонди фаолияти катта аҳамиятга эга, — дейди Корё университетининг Россия ва МДҲ мамлакатларини ўрганиш институти профессори Сон Юк Хак (Жанубий Корея). — Бизда маҳалла институти фаолияти ҳақида кўпчилик билади, шунинг учун ҳам ўзини ўзи бошқаришни ташкил этиш тажрибасига катта қизиқиш билан қарашади. Корея Республикасида ҳам шунга ўхшаш маҳаллий тузилмалар бор, лекин улар ҳуқуқий мақомга эга эмас, жамият ишларида ҳам у даражада фаол иштирок этмайди.
Давлат томонидан ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни бажараётган “Камолот” ЁИҲ, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситаларини ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, “Сен ёлғиз эмассан” республика хайрия фонди, Республика Болалар ижтимоий мослашув маркази, “Экосан” халқаро экология ва саломатлик жамғармаси ҳамда бошқа шундай йирик жамоат ташкилотларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани жамият ва давлат қурилиши жараёнида, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари нуфузи мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
2010 йил ноябрь ойида Президентимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган ва парламент томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти кўлами ва уларнинг ваколатларини кенгайтириш ҳамда фаоллаштиришда янги босқични бошлаб берди.
Концепциянинг асосий қоидаларини амалга ошириш доирасида сўнгги беш йил давомида “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ҳамда бошқа қонунлар қабул қилинди. Хусусан, ижтимоий шериклик институти жамият ва давлат ўзаро ҳамкорлигининг самарали шаклларини жорий қилишга, мамлакат ижтимоий, социал-иқтисодий юксалишнинг долзарб масалаларини ҳал қилиш ҳамда аҳоли турли қатламлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида муносабатлар яхлит тизимини ривожлантиришга қаратилгандир. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, маҳаллий вакиллик органлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари шакллантирилди. Комиссия таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари, ҳокимликларнинг тегишли бўлимлари, адлия, молия органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари жалб қилинди.
— Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг ташкил этилиши мавжуд вазифаларни ҳал қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини янада кучайтириши билан муҳим аҳамият касб этади, — дейди Берлин ижтимоий тадқиқотлар илмий маркази ходими Экхард Приллер (Германия). — Улар давлат ва фуқаролик институтлари ҳамкорлигини ривожлантиришга, маҳаллий ҳокимият вакиллик ҳамда ижро органларининг фуқаролик жамияти институтларининг эмин-эркин ривожланиши, жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги роли ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданияти ошиши, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларнинг мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишдаги роли ҳамда аҳамиятини кучайтириш бўйича ишларни давом эттириш зарурати ҳисобга олинган ҳолда, 2013 йилнинг 12 декабрида Президентимизнинг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун олинадиган давлат божи ставкаси 5 баробар, уларнинг рамзларини давлат рўйхатига олиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 баробар камайтирилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари адлия органлари томонидан амалдаги икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланди. Нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган бошқа чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган.
— Бугун ННТ Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида фаол ишламоқда, мамлакат фаровонлиги йўлида катта масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини намоён этаяпти, — дейди “EU Logos Athena” ННТ маслаҳатчиси Пьер Бергольц (Бельгия). — Халқаро давра суҳбати давомида уларнинг фаолияти ҳақида кўп маълумотга эга бўлдик. Нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантиришда алоҳида ўрин тутаяпти. Аҳолининг турли қатламларига дахлдор ижтимоий аҳамиятга молик масалаларга ечим топишда уларнинг роли ошиб бораётир. Бундан ташқари, жамоатчилик ташкилотлари ўз фаолиятида миллий менталитетни инобатга олаётганини қайд этишни истардим. Уларнинг ишида халқингизнинг бой тарихи, маънавияти ҳамда маданияти ўз ифодасини топаяпти. Фақатгина охирги беш йилда ННТнинг сони бир ярим баробар кўпайиб, бугунги кунда саккиз мингдан зиёдни ташкил қилмоқда. Бу ҳайратланарли, албатта. Улар ижтимоий ҳимоя соҳасида самарали ишлаяпти, атроф-муҳит ва фуқаролар саломатлиги муҳофазаси, ёш авлод тарбияси, фан-таълим, маданият ҳамда спорт ривожи, кўп асрлик маънавий-ахлоқий ва тарихий-маданий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошираяпти.
Жамоатчилик назоратининг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш вазифаси конституциявий даражага кўтарилиши ушбу йўналишни босқичма-босқич равнақ топтиришда муҳим воқеа бўлди. Хусусан, давлатингиз раҳбари ташаббуси билан 2014 йилда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)” Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун асосида 32-моддага киритилган ўзгартишга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ҳамда давлат органларини демократик тарзда ташкил қилиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.
— Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланиши, биринчи навбатда, миллий давлатчилик тараққиёти даражаси, жамиятни демократлаштириш ҳамда либераллаштиришнинг изчил ривожланаётган жараёни, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий даражаси янада ўсиб боришига ҳар томонлама жавоб беради, — дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти лойиҳа раҳбари Гулрухсор Хатамова. — Бу ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий принципини изчил рўёбга чиқариш, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш бўйича ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга йўналтирилган бўлиб, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини жадал ривожлантириш, уни давлат ҳамда жамият қурилишининг энг муҳим институтларидан бирига айлантириш, жамиятда халқ ҳокимиятчилигини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга хизмат қилади.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий пойдевори мамлакатда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий жараёнларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва баҳолаш, одамларнинг сиёсий маданияти, ҳуқуқий тафаккурининг ўсиб бориши, илғор демократик давлатлар амалиётини ўрганиш асосида шакллантирилаётгани қайд этилди. Мазкур жараён узлуксиздир. Зеро, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди ҳамда жамият олдига янгидан-янги вазифалар қўяди.
Тадбир давомида иштирокчилар хориж давлатларининг демократлаштириш жараёнларида фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш соҳасидаги тажрибаси ҳақидаги маълумотлар билан танишдилар. Шубҳасиз, ушбу тажрибани ўзига хос жиҳатларга эга у ёки бу давлатнинг демократик ривожланиш моделидан айро ҳолда кўриб бўлмайди. Лекин, экспертлар таъкидлаганидек, турли давлатлардаги демократик жараёнлар таҳлили ва чуқур ўрганилиши миллий хусусиятларни инобатга олиб, хориж амалиётининг керакли жиҳатларидан фойдаланган ҳолда ҳамда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий нормалар асосида миллий моделни яратиш ва такомиллаштириш имконини беради.
Давра суҳбати якунида тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Фирюза КУБАРЕВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn