«Гузардаги гурунглар»
  • 31 Июль 2015

«Гузардаги гурунглар»

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик шодиёналари олдидан жойларда турли маданий-маърифий кечалар ўтказилмоқда. Хусусан, Зангиота туманида бўлиб ўтган тадбир “Гузардаги гурунглар” деб номланди.

Кексаларни эъзозлаш йилига бағишлаб уюштирилган ушбу маросим вилоятдаги энг яхши маҳалла гузарини аниқлашга қаратилган бўлиб, унга маҳаллалар фаоллари, ибратли оилалар вакиллари, ёшлар таклиф этилди. Тадбирда маҳаллаларда амалга оширилаётган маданий-маърифий ишлар, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримиз бардавомлигини таъминлаш борасида қўлга киритилаётган ютуқлар, хайрли ишлар хусусида сўз юритилди. Айниқса, эллик йил ва ундан зиёд вақт давомида бирга умргузаронлик қилиб, маҳаллада обрў-эътибор топган нуронийларнинг ибратли ҳаёт йўллари ҳақидаги ҳикоялари йиғилганларга ғоятда манзур бўлди.
Юртимиз ва халқаро тоифадаги спортчилар, фан олимпиадалари ғолиблари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, маҳалладаги “Ораста қизлар” тўгараги аъзолари, иқтидорли ёшларнинг чиқишлари кечага ўзгача файз киритди. Тадбир доирасида ёш мусаввирларнинг ижодий ишлари, тадбиркорлар, ҳунармандлар ҳамда фермерларнинг амалий санъат буюмлари кўргазмалари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмарка-савдоси ташкил этилди.
Шунингдек, вилоятнинг Қуйи Чирчиқ тумани маданият ҳамда истироҳат боғида ҳам Мустақиллигимизнинг 24 йиллигига бағишланган маросим ўтказилди.
Тадбирларда Ватанни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, куй-қўшиқлар рақсларга уланди.

Дилфуза ҚАРШИБОЕВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Меҳр-эътибор намунаси Айёмга муносиб туҳфа »