Меҳр-эътибор намунаси
  • 30 Июль 2015

Меҳр-эътибор намунаси

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан республикамиздаги Меҳрибонлик уйлари ҳамда болалар шаҳарчаларида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Уларда эл суйган санъаткорлар ҳамда бадиий жамоалар болажонларга энг сара мусиқий гулдасталарини тақдим этишаяпти.
Пойтахтимиздаги 23-Меҳрибонлик уйида ташкил қилинган ана шундай тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари қатнашди.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, истеъдодини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади.
Бу борада қатор фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, ижодий беллашувлар ташкил этилмоқдаки, буларнинг барчаси ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти юксалишига хизмат қилаётир.
Дарвоқе, мазкур тарбия муассасаси энг замонавий қулайликларга эга бўлиб, унда ёшларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Хусусан, ўндан ортиқ тўгаракларда навқирон авлод вакиллари фан ва касб-ҳунар сирларини пухта ўрганиб боришаяпти. Бундан ташқари, “SOS”-болалар шаҳарчасида йўлга қўйилган ўқув машғулотлари уларнинг билимини мустаҳкамлаши баробарида, янгидан-янги марралар сари руҳлантирмоқда.
Шу билан бирга, муассасада ёпиқ ва очиқ сув ҳавзалари бўлиб, болажонларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишларига замин яратилган. Бадиий гимнастика эса уларнинг соғлом ҳамда дуркун ўсишларини таъминлаяпти.
— Бугунги концерт менга жуда ёқди, — дейди ушбу Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Робия Жўраева. — Ота-она, Ватан ҳамда ёшлик ва болалик ҳақида куй-қўшиқлар эшитдик, мириқиб ўйнадик. Тенгдошларим билан бирга шеърлар айтдик. Бу ҳеч қачон бизнинг ёдимиздан чиқмайди.
Тадбир доирасида болажонларнинг билимини янада мустаҳкамловчи турли викториналар, ижодий суҳбатлар ҳам уюштирилди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn