Кундузги оромгоҳлар болаларнинг нафақат мароқли ҳордиқ чиқариши, балки билим ва дунёқарашини бойитишга ҳам хизмат қилмоқда
  • 30 Июль 2015

Кундузги оромгоҳлар болаларнинг нафақат мароқли ҳордиқ чиқариши, балки билим ва дунёқарашини бойитишга ҳам хизмат қилмоқда

Ёзги таътил мавсумида ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш юртимизда ёшларга таълим-тарбия бериш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири саналади.

Бинобарин, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик эртамиз эгалари маънавиятини юксалтириш, уларни соғлом тафаккур соҳиблари этиб камол топтириш, қалби ва онгу шуурига она-Ватанга муҳаббат, тарихимизга ҳурмат ҳамда эҳтиром туйғуларини чуқур сингдиришда беқиёс аҳамиятга эга.
Шундан келиб чиқиб, жорий йилда ҳам Халқ таълими вазирлиги бир қатор ташкилот ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътилини самарали ташкил қилиш, хусусан, кундузги соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича махсус режа ишлаб чиқди.
— Мазкур мавсумда республикамиз бўйича жами 818 та кундузги оромгоҳ ташкил этилган бўлиб, уларда шу кунгача 113 мингдан зиёд ўқувчи ҳордиқ чиқарди, — дейди Халқ таълими вазирлиги шуъба мудири Дониёр Эрматов. — Шунингдек, 23 минг 677 нафар педагог болажонларга таълим-тарбия бериб, мазмунли ҳордиқ олишларига кўмаклашаётир.
Айтиш жоизки, бу йил мамлакатимизда 65 та ихтисослаштирилган оромгоҳ, жумладан, 15 та интеллектуал, 14 та бадиий ижодиёт, 14 та техник ижодкорлик, 14 та ўлкашунослик ва экология ҳамда 8 та ижтимоий мослаштирув оромгоҳи ташкил қилинди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши билан келишилган ҳолда, бундай масканларда жами 1253 нафар етакчи фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда университет ҳамда институтлардан уларга жалб этилган 394 нафар чет тили мутахассиси жажжи ўғил-қизларга хорижий тилларни ўргатиб бораётгани қувонарлидир.
Жорий йилда кундузги оромгоҳлар тажриба-синов тариқасида эрталаб соат 8:30 дан 14:00 гача фаолият кўрсатиши режалаштирилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда эса уларда ўғил-қизлар учун 10 кунлик тахминий овқатланиш менюси тайёрланган.
Таъкидлаш керакки, мавсум олдидан умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган барча кундузги оромгоҳ “Баркамол авлод” болалар марказлари билан ҳамкорликда бадиий адабиётлар, спорт анжомлари, тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Бундай қулайликлар, ўз навбатида, ўқувчиларга ёзги таътилни кўнгилдагидай ўтказиш имконини беради. Қолаверса, оромгоҳларга жалб этилмай қолганлар мамлакатимиздаги “Баркамол авлод” болалар марказларида, умумтаълим мактаблари ва маҳаллалардаги турли тўгараклар машғулотларида қатнашишлари мумкин.
Яратилган қулайликдан пойтахтлик болажонлар ҳам бирдек баҳраманд бўлишаяпти. Шаҳар бўйича жами 16 минг нафар ўқувчи мактаблар қошидаги оромгоҳлар, ёзги соғломлаштириш стационарларига қабул қилинаётир.
— Тошкентдаги 36 та мактаб қошида кундузги оромгоҳлар очилди, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аваз Мамажонов. — Бундан ташқари, ёзги мавсумни мазмунли ўтказишлари учун 100 мингдан ортиқ болалар спорт-соғломлаштириш майдончалари, болалар спорт мажмуалари, клуб ва тўгаракларга жалб этилди.
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 70-умумтаълим мактабида ташкиллаштирилган “Бинафша” спорт-соғломлаштириш оромгоҳида болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча қулайлик муҳайё қилинганлигига гувоҳ бўлдик. Бу ерда ошхона, кутубхона, спорт майдони, сузиш ҳавзаси мавжуд бўлиб, соғломлаштириш комплекси тўрт сменада фаолият кўрсатаяпти. Мавсум охирига қадар мазкур гўшада 540 нафардан зиёд ўқувчилар дам олиши мўлжалланган. Қолаверса, бошқа туманлардаги ёшлар ҳам бу ерда фаолият кўрсатаётган тўгаракларга қамраб олинаётир.
“Бинафша” оромгоҳида ўқувчиларнинг билим ва дунёқарашини бойитишга хизмат қиладиган турли маданий-маърифий тадбирлар, интеллектуал беллашувлар, санъаткорлар билан ижодий учрашувлар мунтазам ўтказилмоқда. Айни чоғда, болалар “Моҳир қўллар”, “Ёш спортчи”, “Ёш китобхонлар”, “Мозийдан садо”, “Ёш мусаввир”, “Мусиқам — жону дилим” сингари тўгаракларга катта иштиёқ билан қатнашишаётир. Ўғил-қизлар ёқтирадиган машғулотларидан яна бири сузишдир. Шифобахш фитобар ҳам улар хизматида. Ҳар куни кинотеатр, театр, цирк сингари маданий масканларга, музейлар, истироҳат боғлари, пойтахтимизнинг диққатга сазовор гўшаларига уюштирилаётган саёҳатлар уларга олам-олам қувонч ва завқ бағишлаётгани, шубҳасиз.
— Уч йилдан буён ёзги таътилни шу ерда ўтказаман, — дейди Зуфарбек Иброҳимов. — Оромгоҳда тўгараклар кўп. Мен теннис, сузиш, шахмат бўйича машғулотларда иштирок этиб, спорт мусобақаларида бир неча бор ғолиб бўлдим. Яқинда туманимиздаги оромгоҳлар ўртасида ташкил қилинган “Қувноқ стартлар” беллашувида ҳам 1-ўринни қўлга киритдик.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда болажонларимизнинг оромгоҳларда яхши дам олиб, навбатдаги ўқув мавсумига кўтаринки кайфият, янги куч, шижоат ва олам-олам таассуротлар билан қайтишларини таъминлаш учун барча шарт-шароит яратиб берилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn