Маҳалла институти: фуқаролик жамиятининг муҳим асоси
  • 29 Июль 2015

Маҳалла институти: фуқаролик жамиятининг муҳим асоси

Юртимизда маҳалла азалдан тарбия, маърифат ва маънавият ўчоғи бўлиб келган. Истиқлол туфайли эса у миллий анъана ҳамда қадриятларимизга асосланган демократик институт сифатида шаклланди, ҳуқуқий мақом, кенг имконияту ваколатларга эга бўлди.

Пировардида бугун ушбу институт Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ҳамда осойишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар — дўстона қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жараёнида фаол иштирок этиб келмоқда.
Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш ва уни қўллаб-қувватлашда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқарувининг маҳаллаларда миллий анъана ҳамда қадриятларимизни кенг тарғиб этиш, кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолияти, айниқса, эътиборга молик. Биргина 2014 йилда Фонд томонидан 1330 та фуқаролар йиғини 2 миллиард 660 миллион сўмлик компьютер жамламалари, 2442 таси бир миллиард 481 миллион сўмлик мебель жиҳозлари билан таъминлангани бунга яққол мисолдир. Шунингдек, 5 миллиард 517 миллион сўм маблағ ҳисобидан 314 та фуқаролар йиғини жорий, 85 таси капитал таъмирланди, 2 таси қайта реконструкция қилинди, 30 таси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Барча фуқаролар йиғинларига 10 дан зиёд номдаги услубий қўлланмалар, улар ҳузуридаги тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича маслаҳат марказларига зарур адабиётлар етказиб берилди.

Оилаларимиз таянчи ва суянчи
Оила институтини мустаҳкамлаш, уларни моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам маҳалланинг ўрни беқиёс. Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият тарғибот маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, “Оила” илмий-амалий маркази ҳамда бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида эрта никоҳ ва ёш оилалар ажралишининг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган турли тадбирлар ўз самарасини бераётир. Айниқса, отахону онахонларнинг бу ишга жалб этилаётгани қўл келмоқда. Қолаверса, маҳаллалардаги “Ота-оналар университетлари”нинг ота-оналар ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ҳамда физиологик билимларини ошириш борасидаги саъй-ҳаракати хусусида ҳам илиқ фикрлар айтиш мумкин. Айни пайтда, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида ёшларни ҳаётга тайёрлаш ва оиланинг муқаддаслигини тушунтиришга йўналтирилган тарғибот тадбирлари изчил давом эттирилаяпти.
— Ҳар йили маҳаллалар фаоллари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилиб, шулар асосида тегишли тавсиялар берилмоқда, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар амалга оширилаяпти, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Дилшода Мирзажонова. — Жумладан, ўтган йили тизим фаоллари томонидан 7 миллиондан зиёд оилаларнинг ижтимоий-маънавий ҳолати таҳлил қилинди. Натижада 55 мингга яқин оиладаги низоларнинг олди олинди, айнан фуқаролар йиғинлари томонидан эса 25 мингга яқин оилани яраштиришга эришилди.

Ёшларга қанот бўлаётган маскан
Ёшлар тарбияси ҳамда камолотида спортнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Маҳаллаларда бу борада ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 2014 йили 141 маҳаллада замонавий болалар майдончалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мактаб, коллеж, лицей ҳамда маҳалла гузарларидаги спорт заллари, майдончалар ва иншоотларда оилавий спорт ҳамда ижодий тўгараклар ташкил қилиш мақсадида ҳар бир ҳудуддан 5 тадан маҳаллада ана шундай масканлар фаолияти йўлга қўйилди, бунинг учун 400 миллион сўм сарфланди.
Жойларда аҳоли, хусусан, ёшларни спортга оммавий жалб этиш ишлари ҳам изчил олиб борилмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ҳар йили ўтказиб келинаётган “Футболимиз келажаги” республика кубоги бунда алоҳида ўрин тутади. Эътиборлиси, мазкур мусобақада қатнашаётган маҳаллалар ҳамда ёшлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Ўтган йили бу баҳслар 8402 та маҳаллада ташкил этилиб, уларга бир миллиондан зиёд болалар ва ўсмирлар қамраб олинди. Мазкур кўрсаткич 2013 йилдагига нисбатан 21621 нафар кўпдир.
“Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи” баҳслари оилаларнинг севимли мусобақаси даражасига кўтарилди. Буни иштирокчилар сафи тобора кенгайиб бораётганидан ҳам билса бўлади. 2013 йили унинг қуйи босқичларида 115 мингдан зиёд оила қатнашган бўлса, ўтган йили 255 мингга яқин оила иштирок этди.
Миллий курашни янада ривожлантириш, ёш авлодни жисмонан соғлом, мустаҳкам иродали, ҳар жиҳатдан етук инсонлар сифатида камолга етказиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, энг моҳир ёш полвонларни рағбатлантиришда “Маҳалламиз паҳлавонлари” республика турнирининг ўрни катта бўлмоқда. Ўтган йилги баҳсларнинг ҳудудий босқичлари 6 та ёш тоифасида ўғил ва қиз болалар ўртасида 8 мингдан ортиқ маҳаллаларда ўтказилиб, уларга 146 минг нафар ёшлар жалб қилинди. Қувонарлиси, мазкур турнир орқали катта спортга қадам қўйган иқтидорли полвонларимиз бугун халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқдалар. Жорий йилда ҳам ушбу тадбирларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.

Фахрийларга эҳтиром
Кексаларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, ҳурматини жойига қўйиш — халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган қадриятдир. Истиқлол йилларида, шу жумладан, жорий йилда бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўлами янада кенгайди. Хусусан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида фуқаролар йиғинлари томонидан нуронийларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, уларга моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, пенсия таъминоти ҳамда тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, ёшларни халқимизнинг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда уларнинг иштироки ҳамда ролини ошириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар бажарилмоқда.
Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Маҳалла” фонди ҳисобидан 520 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийсига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган телевизорлар совға қилинди. Шунингдек,  9000 га яқин ёлғиз ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож кексаларнинг уй-жойлари таъмирланишига кўмаклашилди. Нуронийларимиз иштирокида “Кексаси бор хонадон — файзли хонадон”, “Кексалар дуосини олайлик” мавзуларида турли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида 22 мингдан ортиқ уруш ҳамда меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кекса ва ногиронлар учун Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент, Қўқон каби шаҳарларга саёҳатлар уюштирилди.

Тадбиркорларнинг ишончли кўмакчиси
Бугун маҳаллани тадбиркорларнинг энг яқин кўмакчиси, дейиш мумкин. Фуқаролар йиғинлари ҳузурида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича маслаҳат марказлари фаолияти йўлга қўйилгач, унинг бу борадаги фаолияти янада жадаллашди. Айни чоғда маслаҳат марказларига мутахассислар таклиф этилмоқда, улар томонидан маҳаллаларда тадбиркорликни, жумладан, оилавий бизнес ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Натижада тадбиркорлик, хусусан, оилавий бизнеснинг ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, ҳунармандчилик ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш каби йўналишлари изчил ривожланмоқда.
Бунда ҳар бир ҳудуднинг хусусият ҳамда имкониятлари ҳисобга олинаётгани муҳим омил бўлаётир. Йирик шаҳарларда оилавий тадбиркорликнинг савдо ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш йўналишларига катта эътибор қаратилаётган бўлса, қадимий обидалар сақланаётган марказларда ҳунармандчилик, тоғли ҳудудларда чорвачилик ҳамда асаларичилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан ном қозонган жойларда эса деҳқончилик суръати баланд. Ҳозир сабзавот, мева, полиз маҳсулотлари ва асалнинг катта қисми оилавий бизнес вакиллари ҳиссасига тўғри келаётгани, гўшт, тухум ҳамда балиқ етиштириш ҳажми йилдан-йилга кўпайиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир.
— Ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш борасида ҳам изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда, — дейди Fиждувон туманидаги “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнора Шамсиева. — Натижада маҳалламизда ўз бизнесини йўлга қўйган ишбилармонлар сони кўпайиб, уларнинг ишлаб чиқаришдаги улуши тобора ортаётир. Ҳозир маҳалламиздан 1700 киши тадбиркорлик билан машғул. Айни чоғда уларнинг 124 нафари касаначилик, 300 га яқини ҳунармандчилик, чорвачилик, паррандачилик ҳамда асаларичилик бобида бой тажриба тўплаган. Муҳими, ишбилармонларимиз ҳудудимизни ободонлаштиришга ҳам ҳисса қўшиб келишмоқда.


ХОРИЖЛИКЛАР ЭЪТИРОФИ
Мамлакатимиз ва ривожланган чет эл давлатларида маҳалла тажрибасига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманларда қатнашган хорижлик эксперт ҳамда мутахассислар ушбу институт фаолиятига юксак баҳо бериб, уни ўрганиш кераклигини таъкидлагани бизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Т. ТАНАКА, Марказий Осиё ва Кавказ давлатларини ўрганиш институти ижрочи директори (Япония):
— Маҳалла нафақат фуқаролик жамиятининг асоси, балки демократиянинг катта мактабидир. У, албатта, халқнинг маънавий ҳамда маданий қадриятларини сақлаш ва ривожлантириш, шунингдек, мамлакатни модернизациялашда пойдевор бўлиб хизмат қилади.

П. МОРВИЖ, Нью-Йорк давлат университети профессори:
— Ўзбек маҳалласини бир неча йиллардан буён қизиқиш билан ўрганиб келаман. Ана шу тадқиқотлар натижасида бир хулосага келдим, яъни ҳақиқий демократия анъаналари маҳалла фаолиятида ўз ифодасини топган. Ушбу ноёб институт фаолиятини ўрганиш, тажрибасини оммалаштириш мақсадга мувофиқ.

Т. МАРИАНИ, Франция Миллий ассамблеяси депутати, “Франция — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раҳбари ўринбосари:
— Маҳалланинг борлиги — халқингизнинг бахти. Бирор масала бўлса, шу масканда сизга ёрдам беришади. Буни ёшлар тарбияси йўналишидаги ишлар мисолида аниқ тасаввур қилиш мумкин. Бола мактабдан келгач, ҳудуддаги фан ва спорт тўгаракларида вақтини мазмунли ўтказади. Муҳими, ёмон иллатлар таъсирига тушиб қолмайди. Шу боис маҳаллани ҳар томонлама ўрганиш, унинг илғор тажрибасини дунёга ёйиш зарур, деб ўйлайман.
Ўтган йили Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Хитой, Бельгия, Буюк Британия, Франция каби давлатларда “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” номли китоб ҳамда “Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва ҳозирги кун” ҳужжатли фильми тақдимотига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатлари ҳамда учрашувларда ҳам хорижлик экспертлар томонидан қимматли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу эса, шубҳасиз, ўзбек маҳалласи ҳақиқий маънода ҳалқчил демократия мактаби сифатида шаклланиб бораётганининг халқаро эътирофидир.
Мухтасар айтганда, бугун мамлакатимизда демократик институт сифатида шаклланган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кенг кўламли чора-тадбирларни самарали амалга ошириб келмоқда. Тизимда меҳнат қилаётган фаоллар аҳил қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшаётир. Зеро, маҳалла асрлар оша келаётган миллий анъана ҳамда қадриятлар маскани, шу билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига яқиндан кўмаклашаётган, илғор ташаббусларни рўёбга чиқараётган фуқаролик жамиятининг муҳим институтидир.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Носир ҲАЙДАРОВ
олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn