Салоҳиятли кадрлар
  • 29 Июль 2015

Салоҳиятли кадрлар

осойишта ҳаётимиз ва тараққиётимиз таянчидир

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида битирувчиларга диплом ва кўкрак нишонлари топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақилликка эришган кундан бошлаб, тинчлик-осойишталигимиз, жамиятимиз барқарорлиги ҳамда тараққиётимизнинг муҳим кафолати сифатида ўзини намоён этадиган, сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, замон талабларига жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга профессионал армияни шакллантиришга катта эътибор қаратилди. Президентимиз раҳнамолигида Ватанимиз сарҳадларини муносиб ҳимоя қилишга қодир мудофаа тизими барпо этилди. Албатта, бунинг туб мазмун-моҳиятида истиқлолимиз неъмати, унинг абадиятга дахлдор қудрати мужассам. Зеро, мустақиллик шарофати туфайли Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси ўз орзу-истаклари рўёбини кўриш, муносиб турмуш кечириш имконига эга бўлди, миллий анъана ҳамда қадриятларимиз қайта тикланди, аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, муқаддас қадамжолар обод қилинди. Дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни келажаги буюк давлат сифатида тан олди. Бугун мамлакатимиз эришаётган ютуқларга ҳавас қиладиганлар, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга интилаётганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Энг қувонарлиси, кундалик турмушимизда янгиланишлар, ўзгаришлар жараёни изчил давом этаяпти. Ҳозир қай бир шаҳар ёки қишлоқ ҳудудига борманг, улкан бунёдкорлик жараёнининг устидан чиқасиз. Кўркам тураржой бинолари, ижтимоий инфратузилма объектлари, таълим даргоҳлари, спорт иншоотлари қад ростламоқда, боғу хиёбонлар ободонлаштирилиб, янги йўллар, ҳашаматли кўприклар қурилаётир. Албатта, буларнинг барчаси — халқимиз, унинг бахтли ва фаровон турмуши учун!
Юртимиздаги ана шундай тинч ва осуда ҳаёт бардавомлигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг ҳам муносиб ўрни бор. Таъкидлаш жоизки, мазкур Академия зиммасига малакали офицерларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш, шунингдек, ҳарбий соҳадаги илмий-амалий тадқиқот ва ишланмаларни мувофиқлаштириш, мамлакатимизда ҳарбий таълимни ривожлантириш каби вазифалар юкланган. Таълим муассасаси ўз олдига қўйилган масъулиятли вазифа — Қуролли Кучларимизга етук, стратегик фикрлай оладиган ҳамда юксак интеллектуал салоҳиятли офицер кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этмоқда.
Бу даргоҳда осойишталигимиз посбонларининг бекаму кўст билим олишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Машғулотлар ўз соҳасининг тажрибали мутахассислари ва республикамиздаги олий таълим муассасаларининг етук педагоглари томонидан олиб борилади.
Ўқиш жараёнида тингловчиларнинг ҳарбий, маънавий-маърифий билимларини оширишга катта аҳамият берилади. Бунда ҳарб илми ва умуман, таълим тизимининг замонавий ютуқларидан унумли фойдаланилмоқда. Энг сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари, моделлаштириш ҳамда симуляция воситалари, тренажёр мажмуалари ва тизимлари бу борада самарадорлик омили бўлаётир.
Дарс жараёнлари компьютер ҳамда мультимедиа воситалари, инновацион, илғор педагогик технологиялар кенг қўлланилган ҳолда олиб борилаётгани тингловчиларнинг стратегик ва тактик жиҳатдан малакасини ошириш, мураккаб вазиятларда ҳам тезкор ҳамда аниқ қарорлар қабул қилиш лаёқатини кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Зарур инвентар ва тренажёр воситалари билан жиҳозланган спорт зали, гимнастика шаҳарчаси, минифутбол, волейбол ва баскетбол майдонлари, теннис корти тингловчилар ихтиёрида.
— Мана шундай нуфузли олий ҳарбий таълим муассасасини битирганимдан фахрланаман, — дейди майор Шавкат Абдураҳимов. — Бу ерда амалий ва назарий билимларимизни янада мустаҳкамлаб, илғор тажрибаларни ўргандик. Бунга муносиб бўлиб, Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимизни сидқидилдан адо этиш, тинчлик ва осойишталигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш зиммамиздаги улкан масъулият эканлигини теран ҳис қиламиз.


Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn