Фаол, жонкуяр, ташкилотчи
  • 28 Июль 2015

Фаол, жонкуяр, ташкилотчи

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Йилнинг энг фаол маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” кўрик-танловининг республика босқичи якунланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талаблари асосида тизимни янада такомиллаштириш, директор ўринбосарлари орасидан илғор, ташаббускор, ижодкор ҳамда энг намуналиларини аниқлаш, уларнинг таълим мазмунини яхшилаш борасидаги иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда ҳудудий босқич ғолиблари қатнашди.
Кўрик-танловга ушбу лавозимда камида 3 йиллик иш тажрибасига эга, жамоа орасида обрў-эътибор қозонган ва муайян натижаларга эришган, етакчи, фаол ҳамда ижодкор устозлар “Менинг ғоям” мавзуидаги лойиҳаларини тақдим қилдилар.
Белгиланган шартлар бўйича энг юқори кўрсаткичга эга бўлган пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 107-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шоира Багирова биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ҳамда учинчи ўринлар Самарқанд туманидаги 2-умумтаълим мактабидан Ситора Зафарова ва Навбаҳор тумани 5-умумтаълим мактабидан Дилфуза Тилововага насиб этди.
Ғолибларга Халқ таълими вазирлигининг дипломлари ҳамда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди.

Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Истиқлол саодати Сизга таъзим нуронийлар »