Истиқлол саодати
  • 28 Июль 2015

Истиқлол саодати

Шу кунларда мамлакатимизда Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишлаб “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, куни кеча Самарқанд вилоятида уюштирилган ана шундай тадбирларга пойтахтдан ёзувчи ва шоирлар, рассомлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Меҳмонлар вилоятда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди, жойларда аҳоли билан учрашиб, дилдан суҳбат қурди.
Пайариқ тумани марказида ўтказилган учрашувда иштирокчилар Пайариқ ва Челак шаҳрида кейинги икки йил ичида бунёд этилган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, корхоналар, истироҳат боғларида аҳолининг дам олиши, ҳордиқ чиқариши учун яратилган қулайликлардан хабардор бўлди.
— Истиқлол бизга бахт-саодат берди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Пайариқ тумани бўлинмаси раиси Сайдулла Бойзоқов. — Фикру тафаккуримиз янгиланди. Юртимиз озод ва обод масканга айланди. Нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларимиз ҳам таниб бўлмас даражада чирой очиб бораётир.
Дарҳақиқат, туман марказидаги истироҳат боғида қаровсиз бино замонавий тарзда таъмирланиб, “Ёшлар маркази”га айлантирилди. Ҳозир бу ерда ўғил-қизларнинг илм олишлари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча шарт-шароит муҳайё.
Кутубхона ва турли тўгараклар келажагимиз эгаларига хизмат кўрсатаяпти. Марказ ёнида қурилган мусиқали фаввора атрофи кекса авлод вакиллари ҳамда ёшлар билан гавжум. Камалакдек рангин нур таратиб, кўкка сапчиётган фавворадан салқинлик уфурса, янграётган турли куй-қўшиқлар қалбларга ором бағишлайди. Айниқса, истироҳат боғига туташ стадион, унинг яқинидаги 3 минг ўринли замонавий амфитеатр мажмуанинг кенг имкониятларини яққол кўрсатиб турибди.
Оқдарё, Самарқанд, Жомбой, Пастдарғом туманларида бўлиб ўтган шу каби учрашувларга ҳам ижодкорларнинг бир гуруҳи ташриф буюриб, обод манзилларни томоша қилдилар. Маҳаллий аҳоли вакиллари билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг ўй-фикрлари, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан қизиқдилар. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари, таниқли рангтасвир усталари ва ёш ижодкорларнинг расмлар кўргазмаси, элимиз ардоғидаги шоирлар иштирокида мушоира ўтказилди.
Тадбирларда вилоят ҳокими З. Мирзаев иштирок этди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эзгулик тараннуми Фаол, жонкуяр, ташкилотчи »