Эзгулик тараннуми
  • 28 Июль 2015

Эзгулик тараннуми

Энг улуғ ва энг азиз айём — Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги ҳамда Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан республикамиз маданият ва истироҳат боғларида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида мусиқий кечалар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида пойтахтимизнинг ўафур ўулом ва Бобур номидаги маданият ҳамда истироҳат боғларида бўлиб ўтган ана шундай тадбирларда нуронийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар қатнашди.
Таъкидлаш керакки, юртимизда ўғил-қизларни она-Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида камол топтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Миллий мусиқа санъатини янада равнақ топтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳам ана шу эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилаётир.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори, шубҳасиз, миллий мусиқа таълимини ривожлантиришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб замонавий қиёфага эга болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилдики, буларнинг барчаси ёшларимизнинг ушбу йўналишда пухта билим олишларига замин яратаяпти.
— Тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова. — Халқимиз фаровон ҳаёт кечираётир, юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кун чирой очмоқда. Қадим маданиятимиз ва санъатимиз ривож топаяпти. Қилаётган меҳнатимиз давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилаётир. Бу барчамизни хушнуд этиш билан бирга, зиммамизга алоҳида масъулият ҳам юклайди.
Тадбирларда мустақиллигимиз, тинч ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг безавол қадриятларини тараннум этувчи куй-қўшиқлар йиғилганлар, хусусан, кексаларимиз дилини хушнуд қилмоқда. Ёшлар эса мумтоз мусиқа санъатимиз билан фахрланиш, ғурурланиш ҳиссини туйишаяпти.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тарғибот масъулияти Истиқлол саодати »