Тарғибот масъулияти
  • 28 Июль 2015

Тарғибот масъулияти

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент олий ҳарбий-техник билим юртида “Гиёҳвандликка қарши кураш — долзарб вазифа” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Тошкент ҳарбий округи ҳарбий прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази, Божхона қўмитаси ходимлари ҳамда тегишли таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, тингловчи ва курсантлари, ҳарбий хизматчилар қатнашди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда инсоният учун энг хавфли бўлган иллатлардан бири, бу — гиёҳвандлик. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё миқёсида 170-250 миллион одам бевосита гиёҳвандликка чалинган. Шунинг ўзиёқ бу иллат нечоғли хатарли эканини, мазкур офатга қарши биргаликда курашилмас экан, у янада авж олиб кетиши мумкинлигини кўрсатиб турибди. Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон бу борада қатор мамлакатлар ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келаяпти. Айни чоғда юртимизда гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини аҳоли, шу жумладан, ёшларга тушунтириш мақсадида турли тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилаётир.
Тадбирда республикамизда гиёҳвандлик моддаларининг истеъмол қилиниши, уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича тизим яратилгани, бу борада амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар, ушбу иллатнинг олдини олиш ҳамда бартараф этишга қаратилган жиноий-ҳуқуқий меъёрлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Пировардида ҳарбий хизматчилар, курсант ва тингловчилар гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларнинг инсон руҳиятига таъсири, уларни истеъмол қилишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида тушунчаларга эга бўлишди.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn