Маънавий тарбия фарзандларимизни миллий қадриятлар руҳида вояга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда
  • 28 Июль 2015

Маънавий тарбия фарзандларимизни миллий қадриятлар руҳида вояга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда

Наманганда “Глобаллашув шароитида ёшларнинг медиа-саводхонлигини ошириш” мавзуида республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, Маънавият тарғибот маркази, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбир Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Анжуманда таълим тизимида медиа-саводхонлик ишларини изчил йўлга қўйиш, ушбу йўналишда тўпланган тажрибаларни оммалаштириш ҳамда соҳадаги бошқа долзарб масалалар ҳақида фикр юритилди. Жумладан, ўқувчиларда медиа-саводхонлик кўникмаларини шакллантириш, медиа-воситаларда тақдим этилаётган ахборотлардан тўғри фойдаланишга ўргатиш, ёшларда миллий менталитетимизга ёт бўлган хуружлардан ҳимояланиш иммунитетини ҳосил қилиш, узлуксиз таълимнинг барча босқичида медиа-таълим воситаларидан самарали фойдаланиш асосида юқори натижаларга эришиш сингари вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маъруза ҳамда мунозараларда таъкидлаб ўтилганидек, бугунги тезкор даврда инсониятнинг ахборот олишга бўлган эҳтиёжи кун сайин ортиб бораяпти. Матбуот, телевидение, интернет орқали берилаётган ахборотлар оқимини ўзлаштириш учун, албатта, ҳар бир фуқаро, хусусан, ёшлардан етарли медиа-саводхонлик талаб қилинади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз ахборот маконида глобаллашув ҳамда рақобатдош мафкуравий иммунитетни шакллантириш, ўсиб келаётган авлоднинг ахборот воситалари, жумладан, интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
— Ўқувчи-ёшларнинг медиа-саводхонлигини ошириш масаласи, чиндан ҳам, бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ўқув-методика маркази директори Кенгесбай Сейдуллаев. — Чунки ўғил-қизларимиз кун сайин кўпроқ қизиқиш билдираётган интернет, унинг турли-туман сайтларидаги ахборотларнинг бехавотирлигига кафолот бериб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, мактаб ўқувчиларининг медиа-воситалардан тўғри фойдаланиши масаласига жиддий эътибор бераяпмиз. Мазкур илмий-амалий семинардан олган сабоқларимиз бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришнинг қўшимча имкониятларини очиб беради, албатта.
Семинар қатнашчилари, шунингдек, Наманган шаҳридаги бир қатор таълим муассасаларига ташриф буюриб, медиа-саводхонлик бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Чунончи, шаҳардаги 11-умумтаълим мактабида ахборот технологияларини жорий этиш, бу ерда фаолият кўрсатаётган иккита компьютер синфи, мактабнинг веб-сайти, 8-синф ўқувчиси Алишер Хўжаевнинг ўз сайти билан вилоят танловида ғолибликни қўлга киритгани иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди.
Якунда ёшларнинг медиа-саводхонлигини оширишга қаратилган илмий хулоса ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илмий-амалий семинарда Наманган вилояти ҳокими Б. Юсупов сўзга чиқди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn