Тезкорлик ва холислик
  • 23 Июль 2015

Тезкорлик ва холислик

ОАВ ходимлари фаолиятининг муҳим жиҳатидир

Пойтахтимизда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз иқтисодий тараққиётидаги ўрни ҳамда ролига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда республикамиз марказий нашрларида фаолият юритаётган журналистлар қатнашди.
Семинар-тренингни ўтказишдан асосий мақсад соҳага оид янгилик ва маълумотлар билан ОАВ вакилларини хабардор қилиш ҳамда жараённи босма нашрларда ёритишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида фикр алмашишдир.
Таъкидланганидек, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимизнинг таянч кучига айланмоқда. Соҳа вакиллари сонининг тобора ортиб бораётгани, ўтган йили 500 дан зиёд янги корхона, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектлари экспорт амалиётига жалб этилгани ана шундан далолат беради.
Мамлакатимизда ҳар йили ўртача 5-6 мингта кичик бизнес субъекти ташкил этилаётган бўлса, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган мебель, қурилиш моллари, электрон жиҳозлар, автомобиллар учун бутловчи буюмлар, дори-дармон ва тўқимачилик маҳсулотлари сифат жиҳатидан харидорларга манзур бўлмоқда. Қолаверса, бу истеъмолчилар эҳтиёжини ўзимизда тайёрланган маҳсулотлар билан таъминлаш баробарида, валюта захираларини тежаш имконини ҳам яратаётир.
Шундан келиб чиқиб, юртимизда хусусий секторни янада ривожлантириш, унга тегишли кўмак, имтиёз ва преференциялар бериш ҳамда рағбатлантиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий база йил сайин такомиллаштирилиб, хорижий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилаяпти, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик эса тобора мустаҳкамланаётир. Жумладан, сўнгги беш йилда кичик бизнесни кредитлаш ҳажми қарийб беш баробар кўпайган бўлса, ўтган йили солиқ юки 20,5 фоиздан 20 фоизга, даромад солиғи ставкаси 9 фоиздан 8 фоизга камайтирилди.
Семинар-тренингда мутахассислар томонидан журналистларга шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилдики, бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиш оммавий ахборот воситалари ходимларининг билим ва тажрибасини ошириш баробарида, тегишли ташкилотлар вакиллари билан алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Мустаҳкам ҳамкорлик эса тезкорлик ва холислик омилидир.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn