Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий лойиҳалари қўллаб-қувватланди
  • 23 Июль 2015

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий лойиҳалари қўллаб-қувватланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мазкур комиссия аъзолари, сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди. Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг изчил ривожланиши учун кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Ҳозирги вақтда улар демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шарт-шароит яратмоқда.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб, давлат дастурларини рўёбга чиқаришда иштирок этиш механизмларини мустаҳкамлади.
Масалан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга ННТни кенг жалб қилиш мақсадида танлов ўтказилди. Унда ижтимоий шериклик субъектларининг 15 лойиҳаси давлат ижтимоий буюртмаси шаклида 2 миллиард сўм миқдоридаги маблағ билан қўллаб-қувватланди.
Ҳозирги вақтда ижтимоий буюртма бажарувчилар — ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда тегишли давлат ташкилотлари ўртасида давлат ижтимоий буюртмасини амалга ошириш бўйича шартномалар тузилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, мазкур лойиҳалар муҳим давлат дастурларида белгиланган ҳамда кекса авлод вакилларига ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳаёт сифати даражасини ошириш, ёшларни умуммиллий қадрият ва анъаналар асосида, кекса авлод вакилларига нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёши улуғ инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда жамоатчилик назоратини рўёбга чиқариш, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти асосларини, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга оид вазифаларни амалга оширишда ННТ иштирокини фаоллаштиришга қаратилган.
Давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳаларини амалга оширишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ижтимоий шериклик бўйича тажрибасини электрон ҳамда босма ОАВда, энг аввало, интернет-газета ва интернет-сайтларда, шу жумладан, лойиҳалари давлат грантлари орқали қўллаб-қувватланган миллий блогерлардан фойдаланган ҳолда кенг тарғиб этишни уюштириш лозимлиги таъкидланди.
Жорий йилда давлат дастури муҳим бандларини амалга ошириш истагини билдирган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари сони аввалги йилларга қараганда 20 фоиз, лойиҳалар сони эса 11 фоиз ошган. Бу ННТ, ОАВ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакилларининг давлат гранти танловлари шартлари, муддати, мақсади ва вазифалари ҳақида хабардорлигини ошириш  бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар самарасидир.
Мисол учун, Парламент комиссияси томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга ННТни кенг жалб қилиш” танлови натижаларига кўра, умумий қиймати бир миллиард 100 миллион сўм бўлган 75 лойиҳани қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, йиғилишда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, жамоат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг давлат органлари билан жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, аҳоли турли қатламлари ҳуқуқ, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўзаро ҳамкорлиги жараёнини фаол ёритаётган ОАВ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Ана шу мақсадлар “Мустақил ОАВнинг давлат ижтимоий дастурлари татбиқ этилиши, демократик ислоҳотлар чуқурлаштирилиши ва фуқаролик жамияти ривожланиши жараёнларини ёритиш бўйича лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” танловида ўз аксини топди. Унда 88 ОАВ қатнашиб, 105 лойиҳа аризалари тақдим этилди. Шундан Парламент комиссияси томонидан 60 лойиҳани 900 миллион сўм миқдорида қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Умуман, мазкур иккита танлов якунлари бўйича Парламент комиссияси ННТнинг умумий миқдори 2 миллиард сўм бўлган 135 ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қарор қабул қилди.
Тадбир давомида Парламент комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида тузилган ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларига услубий ёрдам кўрсатиш масалаларини ҳам кўриб чиқишди.
Парламент комиссияси, шунингдек, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунда белгиланган ижтимоий шерикликнинг асосий шаклларини амалга оширишни кучайтириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини таъминлаш механизмларига йўналтирилган республика ва ҳудудларда ўтказиладиган қатор тадбирлар жадвалини тасдиқлади.
Йиғилиш якунида давлат ижтимоий буюртмалари ғолибларига сертификатлар топширилди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn