Эзгу ташаббус, юксак шижоат
  • 23 Июль 2015

Эзгу ташаббус, юксак шижоат

“Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракатининг таътилни зарбдор қурилиш иншоотларида ўтказиш анъанаси жорий йилда ҳам қизғин давом этмоқда. Наманганда бу мавсумда олий ўқув юртлари талабалари ёнига маҳалла ёшлари қўшилиб, икки минг нафардан зиёд йигитлар ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига йўл олишди.

Жумладан, Наманган давлат университетининг 200 нафар талабаси ўқув даргоҳининг баскетбол ва бадиий гимнастика залларини таъмирлаш, вилоят марказидаги мусиқали фаввора қурилишида бинокорларга яқиндан ёрдам беришаяпти. Наманган муҳандислик-педагогика институтида 150 нафар ёшни бирлаштирган гуруҳ Тўрақўрғон туманининг Елхон маҳалласида намунавий лойиҳа асосида барпо этилаётган тураржойлар, муҳандислик-технология институтининг 60 нафар талабаси эса Наманган шаҳрининг Ибрат кўчасида тикланаётган коттежлар қурилишида фаоллик кўрсатмоқда.
— Жойларда “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати ишини мувофиқлаштириш штаблари тузилган, — дейди “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши бўлим мудири Элмурод Рўзибоев. — Улар меҳнат объектлари ва иш ўринларини аниқлаш, қурувчилар сафида ишлаётган ёшларга шарт-шароит яратиб бериш масалалари билан шуғулланади. Бундан ташқари, “Бунёдкор”чиларни рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши меҳнат жамоаси”, “Меҳнат жамоасининг энг фаол аъзоси” каби номинациялар бўйича танловлар ўтказишни кўзда тутганмиз.
Юқорида таъкидлаганимиздек, бу хайрли ишга маҳалла фуқаролар йиғинларида вақтинча ишсиз юрган ёшлар ҳам жалб этилди. Масалан, Наманган туманида вақтинча иш билан банд бўлмаган 40 нафар йигитни бирлаштирган “Бунёдкор” меҳнат ҳаракати гуруҳи педагогика коллежида амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш юмушларида фаол қатнашмоқда.


Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn