Тадбиркор, зукко ва оқила хотин-қизларимизнинг оила ва жамиятдаги мавқеи мустаҳкамланиб, ишлаб чиқаришдаги улуши ортмоқда
Версия для печати
  • 22 Июль 2015

Тадбиркор, зукко ва оқила хотин-қизларимизнинг оила ва жамиятдаги мавқеи мустаҳкамланиб, ишлаб чиқаришдаги улуши ортмоқда

Навоий шаҳридаги “Nafis Tex” хусусий корхонасида енгил саноат маҳсулотлари тайёрланади. Кейинги йилларда рақобатнинг кучайиши ишлаб чиқаришни модернизация қилишни талаб этгач, соҳага инновацион технологияларни жорий қилиш эҳтиёжи туғилди.

— Шундан келиб чиқиб, ўтган йили тижорат банкининг 120 миллион сўмлик кредити ва ўз маблағимиз ҳисобидан корхонамизни техник ва технологик жиҳатдан янгилаганимиздан сўнг қўшимча 20 нафарга яқин хотин-қизни ишга қабул қилдик, — дейди унинг раҳбари Мавжуда Абдиева. — Айни пайтда Япониянинг 15 та замонавий тикув дастгоҳи ёрдамида 150 турдан ортиқ трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараяпмиз. Шу билан бирга, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари — сўзана, кўрпа, ёстиқ жилдлари каби ўнлаб буюмлар ҳам буюртмачиларга етказиб берилмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Навоий вилоятида қарийб икки минг нафар аёл тадбиркорлик билан шуғулланаяпти. Ваҳолонки, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида улар бармоқ билан санарли эди.
— Бунинг сабаби шундаки, бугун қайси соҳада бўлмасин, ишбилармонликда ўз салоҳиятини намоён этиш истагидаги аёлларнинг барчаси қўллаб-қувватланаётир, — дейди “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими раиси Гуландон Жумаева. — Айниқса, ҳар йили ўтказилаётган семинар-тренингда уларнинг иштирокчилари бизнес лойиҳалари тегишли ташкилотлар томонидан қабул қилинаётгани, энг истиқболлилари турли грантларга сазовор бўлаётгани кутилган самараларни бераяпти. Қолаверса, хотин-қизларимизнинг тадбиркорлик қобилиятини юзага чиқаришда банкларнинг молиявий кўмаги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дарҳақиқат, 2014 йилда юзлаб тадбиркор, фермер ва ҳунарманд опа-сингилларимизга тижорат банклари томонидан 35 миллиард сўмликдан ортиқ кредитлар ажратилди. Шунинг эвазига қарийб 2 мингта иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банклари томонидан йўналтирилган 10,5 миллиард сўмлик сармоя ҳисобидан яна юзлаб иш ўрни ташкил этилди.
Бундан ташқари, кейинги йилларда коллеж битирувчилари — қизларни тадбиркорлик соҳасига жалб қилишда анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ўз бизнесингни бошла” мавзуидаги семинарнинг ҳам аҳамияти катта бўлаяпти. Нега деганда, ушбу тадбир иштирокчилари нафақат назарий билим олмоқда, балки амалий кўникмага ҳам эга бўлаётир. Шунингдек, хотин-қизларга бизнес-режа тузиш, корхонани рўйхатдан ўтказиш, экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш, божхона ва солиқ тизимлари қонун-қоидаларига риоя этиш борасида ёрдам кўрсатилаётгани уларга меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши, халқаро кўргазмаларда иштирок этиши учун имкониятлар эшигини очмоқда.
Қисқача айтганда, мамлакатимиз, шу жумладан, Навоий вилоятида тадбиркор хотин-қизлар қўллаб-қувватланиб, рағбатлантирилаётгани уларнинг салоҳияти юксалиб, оила ва жамиятдаги мавқеи мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn