Бебаҳо неъмат саодати
  • 21 Июль 2015

Бебаҳо неъмат саодати

Кўпни кўрган, эл қандай нафас олаётгани-ю, юрт қай манзилга не йўсинда одимлаётганини зукколаниб кузата олиш мақомига эришган синчи қарияларимиз кўп. Уларнинг айтишича, тинчликнинг ўз куй-қўшиқлари бўлар эмиш, буларни эшита олишни кимлардир билармиш, кимлардир билмасдан ўтиб кетармиш.

Қишлоққа борганимда ҳаётининг талай қисми далада кечган, эндиликда оппоқ соч-соқоли очиқ чеҳрасига нуронийлик кўркини бахш этиб турган Азиз акани учратиб қолсам, қуюқ ҳол-аҳвол сўраб, йўлида давом этишдан аввал дуога қўл очарди-да, доим бир гапни такрорларди:
— Юртимиз тинч, Президентимизнинг тан-жонлари соғ бўлсин. Юртда хотиржамлик бўлса, файзу барака бўлади. Ҳаммамизнинг омадимизни берсин!
Фарзанду неваралари, асосан, ҳунармандчилик, томорқа билан рўзғор тебратувчи, ўзи ҳам бир умр далачи бўлиб келган бу кимсада бировга ялтоқланиб кун кўришга ҳеч қандай зарурат йўқлигини билганим учун унинг барча сўзлари, дуолари чин  юракдан айтилаётганини яққол ҳис этиб турардим. Тинчликнинг дилтортар куй-қўшиқларини тинглашни биладиган, бундан ҳузурлана оладиган ақли расо кишилардан бири эди раҳматли.
Диққатимизни жамлаб қулоқ тутсак, тинчликнинг куй-қўшиқлари ҳад-ҳисобсиз: ер чопаётган деҳқон кетмонининг гупиллаши, темирчи болғасининг даранглаши, дурадгор аррасининг шариллаши, қушларнинг шўх-шодон чуғурлаши, қиқирлаётган гўдак товуши, корхона ускуналарининг гувиллаши, чойхоналардан таралаётган қаҳқаҳалар, бозорлардаги “кепқолингу опқолинг”лар...
Ҳатто тунги сукунатнинг ўз тароналари бор: япроқлар шивири, чигирткалар чириллоғи, сувларнинг шилдираши, ўт-ўланларнинг шитир-шитири, ғарқ пишган олмаларнинг тапиллаб тўкилиши...
Ўткинчи ташвишларни четга суриб, мундоқ ўйлаб қарасак, буларнинг бари ғанимат, баҳоси йўқ бойлик, кўринмас хазина. Буни англай оладиганлар, шукурки, ҳозир ҳам оз эмас.
Ҳаммамиз биламиз, март ойи охирларидаги булдуруқсимон совуқ кўп минтақалардаги мевали дарахтларнинг талай қисмини уриб кетди. Айниқса, узум, ўрик, анжир, анор, хурмо янглиғ совуққа чидамсизроқлари қаттиқ шикаст еди. Шу боис Олтиариқда бўлганимда, маҳалладошларимдан томорқаларидаги аҳволни суриштиришга тушдим. Аксариятининг жавоби битта:
— Буям кўпга келган бир тўй-да...
Халқимизнинг ажабтовур феъли бор-да, кўпга келган ташвишни ҳам тўйга йўйиб, кўнглини бутун тутишга тиришади, омонликни асосий неъмат сифатида қабул этиб, эртанги кунга эзгу умид, яхши ният билан юзланади. Бундайларни “шукронаси борлар” дейишади. Бу каби мардоналикнинг тагида улкан маънавий куч ётганини сезиб олиш қийин эмас.
Табиат инжиқлиги кишиларимизнинг руҳини синдиролмаганидек, ғайратини ҳам сўндиролмади. Бири қуриган узумлар остига бодринг, помидор, бири гилосзору ўрикзорлар орасига қулупнай, дуккакли экинлар экишга тутинди. Тирикчилик тўхтаб қолгани йўқ. Қолаверса, ҳукуматимиз ташаббуси билан ташкил этилган минглаб гектар интенсив олмазорларнинг анчаси қийғос мевага кирди, кечкироқ шафтолилар, беҳилар, ноклар бозорларимизда бошқа мевалар тақчиллигини унча сездирмай бориши табиийдир.
Қапчуғайқир этагидаги тошлоқ ерни ўзлаштириб, катта боғ барпо этган Абдураҳим билан кўришиб қолдим. Гектарлаб гилосзорларингиз бор эди, ортиқча зиён етмадими, деб сўрасам, ўғилчага тўй қиламиз, деб қўювдим, нари борса, камтаронароқ ўтади-да, энг муҳими — бошимиз омон бўлсин, ака, дея жилмайди.
Шундай деди-ю, қилаётган ишлари, ичига тугиб қўйган ниятларини хотиржамлик билан сўзлашга тушди. Ўта тиришқоқ, фикрчан, ташаббускор қўшниси Толибжон билан бирга, боғнинг бир четида пистазор ташкил қила бошлашибди. Тошкентдан бу соҳада изланиш олиб бораётган олимларни таклиф этиб, керакли йўл-йўриқлар олишибди. Ҳозир писталарнинг айримлари ҳосилга кираётган экан. Бу — тумандаги дастлабки тажрибалардан бири, кимдир дангал бошлаб берса бас, қолганини бошқа азаматлар давом эттириб, янгилик кенг қулоч ёйиб бораверади.
Бу тиниб-тинчимас икки боғбон боғни томчилатиб суғоришга ўтказиш борасида ҳам иш бошлаб юборишган. Уларни баъзилар хаёлпарастга йўйишади: дам пастдан оқиб ўтадиган сойга кичик электр тармоқчаси қуришни режалаштиришади, дам шамол ёки қуёш энергиясидан фойдаланишни ўйлаб, тегишли мутахассислар билан маслаҳатлашишга киришадилар, гоҳида зараркунандаларга қарши ишлов беришнинг янгича усулларини кашф этишга уринишади. Борни ундириш, йўқни йўндириш, деб шуни айтсалар керак. Бунақа интилувчанликлар фақат тинч муҳитда юзага келади. Бу ишлардан кўзланган мақсад битта — эл дастурхонини хилма-хил неъматларга тўлдириш, бозордаги нархларни тобора арзонлатишга ҳисса қўшиш.
Кейинги йилларда қўлга киритаётган асосий ютуқларимиздан бири ҳам шу — арзончилик йўлида кўп савобли юмушлар амалга оширилаяпти. Лекин гоҳ табиий офатлар туфайли, гоҳ маҳсулот етиштиришдаги кичик номутаносибликлар боис бозорларда сабзавот ва меваларнинг қимматлашиб кетиш ҳоллари ҳам учрайди, бу эркин бозор иқтисодиёти шароитида юз бериб турувчи оддий ҳол. Қийинчилик даврларни бошдан ўтказган қарияларимиз эса шундай пайтларда энг муҳими, қаҳатчилик бўлмасин, дейишади.
Қаҳатчилик, биринчи галда, урушлар туфайли юзага келиши барчамизга аён. Уруш балоси бош кўтарган жойда яратувчанликка қаратилган меҳнат тақа-тақ тўхтайди, ишлаб чиқариш парокандаликка йўлиқади, жонни асрашга бўлган уриниш биринчи заруратга айланади.
Ҳозир вазият бошқача, уруш чиқариш учун баҳоналар кўпайгандан кўпайди. Бунинг орқасидан тирикчилик қилувчилар сероб. Қайсидир минтақага ўзгача ҳаво олиб кириш шиори остида кеча қутқу қўзиган жаноблар бугун ўша минтақадан қочиб келаётган жабрдийдаларни ўз мамлакатларига киритмасликка уринаётганини кўриб, уларнинг аслида қандай кимсалар эканини яққол билиб турибмиз. Яқингинада юртида бири ўзига тинч косиб ёки дўкондор бўлиб юрганлар энди лоақал қорин тўйдириш учун ҳатто кўча супурувчи бўлишга рози, аммо шу ишни ҳам тополмай сарсон. Кўнглингни яна бир савол тимдалайди — буларнинг боласи қаерда ўқийди-ю, қандай тарбия кўради, миллий удумларга содиқлик у ёқда турсин, келажакда, ҳеч бўлмаса, она тилида сўзлаша оладими ёки қисмат тўфони уни батамом бошқа тоифага айлантириб юборадими?
Шу кабиларни ўйлаганда, Ўзбекистонда тинч тараққиёт йўлидан одимлаш, катта-кичик машмашалардан имкон қадар нари туриш борасида кўламли ишлар қилинаётганидан беихтиёр қувониб кетасан, қалбингда шукроналик чечаклари юз очади. Юртбошимизнинг турли ҳарбий блокларга қўшилмасликка, аскар йигитларимизни ўз юртидан ташқаридаги тўполонларга аралашиб қолишдан асрашга қаратилган тадбирлари замирида юрт тинчи, манфаати, оддий одамларнинг эзгу истаги ётибди, албатта. Иккинчи жаҳон уруши балки бўлак масаладир, аммо биз тарафга умуман таҳдид солмаган афғонлар ўлкасига босқин уюштирилиб, ўша замонанинг зайлига кўра, бу қирғинга мажбуран жўнатилган қанчадан-қанча ўзбек йигитлари темир тобутларда қайтгани кечагина эмасмиди? Неча-неча хонадонларга бир умрлик қайғу ёғдирган бу кулфатни унутиб бўларканми?
Жияним афғон урушида юрганида Собир поччамиз айтган бир гап ҳануз ёдимда:
— Ўғлингни урушдан қайтариб келиб қўлингга топширсак, уйингни бор бисоти билан бизга берасанми, дейишса, жон-жон деб рози бўлардим. Уй, мол-дунё топилади, бойлигинг тоғ-тоғ бўлсаям, ўлган болангни қайтиб топиб кўр-чи!
Барча-барчага тилагимиз шу: турмушимиз ширинлигининг рамзи саналмиш болаларимиз умрбод ёнимизда бўлсин. Хотиржамлик саодати ҳеч бир хонадондан аримасин, илоҳим.
Келинг, шу хотиржамликда озгина вақт ажратиб, тинчликнинг элитувчан куй-қўшиқларини фарзандларимиз билан биргаликда бир тинглаб кўрайлик. Эшитинг-а, қандай ёқимли! Нақадар жозибали! Бу жозибага маҳлиё бўлганимиз сайин гинаю кудурат, адовату низолар омонатгина дунёнинг кераксиз чиқиндилари эканлигини теранроқ уқиб бораверамиз, ичимиз тозаланиб ёришаверади, енгил тортаверамиз.

Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn