Саховат, мурувват ва бағрикенглик айёми
  • 21 Июль 2015

Саховат, мурувват ва бағрикенглик айёми

Осмони мусаффо, турмуши фаровон юртга байрамлар, хурсандчиликлар ярашади. Шу боис юртдошларимиз орасида ана шундай дориламон кунлар учун шукроналар айтиш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, кексаларни эъзозлаш, беморлар ҳолидан хабар олиб, уларга далда бўлиш эзгу анъанага айланган.

Халқимизга хос бундай хислатлар Рамазон ҳайити муносабати билан жойларда ўтказилган тадбирларда яққол намоён бўлди. Президентимизнинг 14 июлдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ушбу айёмнинг янада кўтаринки руҳда ташкил этилиб, халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини юксалтиришга хизмат қилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам муборак Рамазон ҳайити уюшқоқлик билан ўтказилди. Байрам арафасида уюштирилган хайрия ҳашарида 3 та муқаддас қадамжо, 2 тарихий обида, 284 маҳалла, гузар ва кўчалар обод қилинди. Кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган ва ёлғиз кексаларга, шунингдек, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига моддий ёрдам кўрсатилди. Қисқача айтганда, Рамазон ҳайити кишиларни қалбан бир-бирларига янада яқинлаштирди. Ёши улуғ кишилар ушбу айёмда юртимизга тинчлик-осудалик, хайру баракот тилаб, дуога қўл очдилар.
Ҳайит байрами Оролбўйининг барча гўшаларида кўтаринки руҳда нишонланди.
Андижон вилоятида ушбу байрамни миллий урф-одат ва анъаналаримизга мос тарзда кутиб олиш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Бу ишга қатор давлат, жамоат ва диний ташкилотлар ўз ҳиссаларини қўшди.
Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви томонидан Андижон шаҳридаги Саховат, Андижон ва Избоскан туманларидаги Мурувват уйларидаги якка-ёлғизларга жами 37 миллион 500 минг сўмлик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, “Нуроний” жамғармаси Андижон шаҳар бўлими фаоллари жойларда бу муқаддас айёмнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этди. Саховат уйида истиқомат қилувчи кишилар учун байрам дастурхони ёзилиб, совға-саломлар улашилди.
— Шу билан бирга, “Тўққизариқ”, “Ёрбоши”, “Яхши”, “Шифокор” маҳалла фуқаролар йиғинларида Рамазон ҳайитининг азалий қадриятларимизга ҳамоҳанглиги маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятига оид, юрт ободлиги, маҳаллаларнинг кўркамлиги, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш авлодни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган давра суҳбатлари ташкил этилди, — дейди “Нуроний” жамғармаси Андижон шаҳар бўлими Кенгаши раиси Тўрахўжа Раҳматжонов. — “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари ҳам бу жараёнда қатнашиб, якка-ёлғиз нуронийлар уйларида хайрия ҳашарларини ташкил этдилар, уй-рўзғор юмушларида яқиндан ёрдам кўрсатдилар.
Эзгулик ва шукроналикка йўғрилган ушбу айём Навоий вилоятида ҳам кенг нишонланди.
— Шу кунларга етказганига минг шукр, — дейди Навоий шаҳрилик меҳнат фахрийси Насим ота Норов. — Ота-боболаримиз орзу қилиб етишолмаган мустақилликни кўрдик. Истиқлолимиз азалий қадриятларимизни, ҳақ-ҳуқуқимизни қайтарди. Мамлакатимизни дунёга танитиб, тинчликни, тараққиётни, фаровонликни таъминлаётган Юртбошимизга раҳмат.
Вилоятда ушбу хайру саховат, меҳр-оқибат, шукроналик айёмини байрамона кайфиятда кутиб олиш ва ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрилди. Байрам муносабати билан “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари ҳамда кўплаб жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Кўнгилларга шодлик улашувчи Рамазон ҳайити Наманган вилояти шаҳар ва қишлоқларида ҳам ўзгача шукуҳ билан қарши олинди.
Инсон қадри ҳар нарсадан улуғ. Кишиларни эзгулик, ҳар қачонгидан кўра кўпроқ савоб ишларни амалга оширишга даъват этувчи муқаддас ойни муносиб ўтказган вилоят аҳли Рамазон ҳайитини кўтаринкилик билан кутиб олди. Жойларда халқ сайиллари, дилларга қувонч бағишлайдиган бошқа қатор маданий-маънавий тадбирлар қизғин тус олди. Хусусан, вилоят марказидаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи қалби қутлуғ айём нашидаси билан тўлган отахону онахонлар, миллий қадрият ҳамда анъаналаримизни улуғлаётган ёшлар билан гавжумлашди.
— Ийди Рамазон қалбларимизга сурур ва фараҳбахшлик олиб кирди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раисининг ўринбосари Шуҳратжон Кенжаев. — Фуқаролар йиғинлари, кўпни кўрган оқсоқоллар, фаол ёшлар ташаббуси билан жойларда ташкил этилган меҳр-оқибатга йўғрилган тадбирлар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар аъзолари, якка-ёлғиз яшаётган кексалар кўнглини ҳар қачонгидан обод этди.
Сурхондарё вилоятида ҳам юртдошларимиз эрта тонгданоқ эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат айёми бўлмиш муборак Рамазон ҳайитини нишонлашга киришдилар.
— Юртимизда азалий қадриятларимизга бўлган юксак эҳтиромни янада чуқурроқ ҳис қилаяпмиз, — дейди Термиз шаҳрида яшовчи Исмоил Ботиров. — Тинч, фаровон юртимизга ана шундай улуғ байрамлар ярашади.
Бу йилги муборак Рамазон ҳайити олдидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида байрамга пухта тараддуд кўрилди. Жумладан, воҳадаги 712 та маҳалла фуқаролар йиғини томонидан Рамазон ойи муносабати билан ободонлаштириш ишлари бажарилди. 4583 та кам таъминланган оила, 2 та Мурувват ҳамда Саховат уйидаги фуқаролар “Маҳалла” фонди ҳамда ҳомий ташкилот, корхоналар томонидан йўқланди, уларга совғалар берилди. Вилоят ва туманлар ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи аъзолари тадбир кунлари боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кексалар хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олишди.
Президентимизнинг 2015 йил 14 июлдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ушбу байрамни миллий қадриятларимизга мос равишда ўтказиш учун Қашқадарё вилоятида ҳам барча чора-тадбир кўрилди. Маҳаллалар, зиёратгоҳ ва қабристонлар саранжом-саришта қилинди. Ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногирон ва беморлар ҳолидан хабар олинди.
Айёмни кўтаринки руҳда нишонлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, шаҳар ҳамда туманлар бўлинмалари томонидан кам таъминланган оилалар вакиллари, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз фуқароларга 47 миллион сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига 2 миллион сўмликдан зиёд ҳомийлик кўмаги берилди. Бу каби эзгу амаллар юртимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устунлигини яна бир бор исботлайди.
— Ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш халқимизга хос фазилатлардан, — дейди Комилон маҳалласида истиқомат қилувчи Шукур бобо Авазов. — Шундай дориламон кунларга етказганига шукр. Байрамларни кўнгил хотиржамлиги, тинчлик-омонликда кутиб олиш насиб этаётганидан мамнунмиз.
Бағрикенглик, меҳр-оқибат, шукроналик ва эзгулик байрами — Рамазон ҳайити Хоразм вилоятида ҳам халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда кенг нишонланди. Вилоятнинг барча ҳудудида катта ҳажмдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар таъмирланди, ҳудудлар ободонлаштирилди.
Кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронларга ҳиммат, саховат ҳамда меҳр кўрсатилиб, улар ҳолидан хабар олинди. Меҳрибонлик, Мурувват, Саховат уйларида айём муносабати билан тадбирлар ўтказилди. Кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ва ёлғиз кексаларга, ногиронларга ҳомийлар томонидан 415 миллион сўмликдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
— Рўза ҳайити қалбларни поклайдиган, дилларни бир-бирига боғлайдиган байрам, — дейди меҳнат фахрийси Отахон Ўрозметов. — Байрамда нафақат диллар, балки юртимиз янада обод бўлди. Бундай хайрли ишлар юксалиш, тараққиёт сари илдам одимлаётган юртимизга жуда ярашади.
* * *
Ушбу айём мамлакатимизнинг бошқа вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ҳам катта кўтаринкилик билан нишонланди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn