Аёл бахтли бўлса — оила, бутун жамият бахтли
  • 18 Июль 2015

Аёл бахтли бўлса — оила, бутун жамият бахтли

Ватанимиз мустақиллигига ҳадемай 24 йил тўлади. Бу давр мобайнида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси, энг аввало, турмушимиз тобора фаровонлашаётганида, эришаётган муваффақиятларимиз дунё ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилаётганида яққол намоён бўлмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасида оилага, аёл зотига бўлган муносабатимиз ўзгариб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланди. Давлатимиз раҳбари жорий йил март ойида Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган табригида эътироф этганидек, айнан истиқлол даврида биз кўп нарсаларни худдики қайтадан кашф этгандек бўлмоқдамиз. Аёл гўзал бўлса — олам гўзал, аёл бахтли бўлса — оила, бутун жамият бахтли бўлади, деган қараш онгу шууримизга чуқур кириб бораётгани ва бизнинг ҳаётий фалсафамизга айланаётганини ҳар томонлама англаб етаяпмиз.

Қадри юксак, азиз ва муҳтарам
Президентимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида келтирилган долзарб масалалар қаторида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини, нуфузи ва қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг етарли кафолати учун, уларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришда ва бошқаришда иштирок этишига қулай шароитлар яратиш лозимлиги, оналар ва болалар соғлиғини, аҳолининг билим ва маданият даражасини сақлаш ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ва мафкуравий жиҳатдан таъминланиши кераклиги қайд этилган.
Бундан англашиладики, мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ, хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, қиз болаларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш, уларни спортга кенг жалб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бинобарин, 1991 йилда давлатимиз раҳбарининг аёллар билан ишлаш тизимини яратиш борасидаги ташаббуси асосида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилди. Бугунги кунда у йирик жамоат ташкилоти сифатида аёлларга оид давлат сиёсатини аҳолига етказиш, унинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, опа-сингилларимизнинг ижтимоий фаоллигига оид янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, мазкур йўналишларга доир дастур ҳамда ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.
Ўтган йилларда ишлаб чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш, аграр соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган ўн уч нафар аёл “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган олий унвонга, кўплаб опа-сингилларимиз давлат мукофотларига сазовор бўлгани, айниқса, қизларимиз учун Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилгани ва ҳозирги кунгача 226 нафар иқтидор эгаси ушбу мукофот билан тақдирлангани, том маънода, уларга кўрсатилаётган  юксак эътибор намунасидир.
— Аёли улуғланган юртда яшашдан ортиқ бахт бўлмаса керак, — дейди андижонлик фермер Лола Бойназарова. — Оиланг тинч, турмушинг обод, фарзандларинг бағрингда камол топаяпти. Меҳнат қилишинг, изланишинг, умуман айтганда, бор имкониятларингни рўёбга чиқаришинг учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Бугун шу нарсага амин бўлдимки, астойдил меҳнат қилган одам, албатта, унинг роҳатини кўрар экан. Бунга далаларимиздаги пахта, ғалла, боғларимиздаги сархил, шириндан-шакар меваларимиз ортидан топаётган даромадимиз бир мисол. Шукр, турмушимиз фаровон, бировдан кам жойимиз йўқ. Тўйлар қилаяпмиз, уй-жойлар солаяпмиз, ҳар йили санаторийларда дам олмоқдамиз. Сартарошхона, гўзаллик салони, новвойхона ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари хизматимизда.
Эсимда, авваллари аёлларнинг турмуш даражаси бутунлай бошқача эди. Рангпар, юпун болалар, пахта этакларини нозик белига танғиб олган нимжон ҳомиладор келинчаклар... Дала шийпонида кўплаб гўдакларга “боғча опалик” қилиб ўтирган онахонлар... Буни ёши улуғлар жуда яхши билишади. Бугунги кунимизни кўринг, буткул бошқача. Аёллар иқтисодий, ижтимоий томондан кенг қўллаб-қувватланаётир. Хотин-қизларнинг бахти, камоли, истиқболини кўзлаган ва буни олий мақсад, деб билган мамлакат дунёда камдан-кам топилади. Ана шундай юртда яшаётганимдан беҳад фахрланаман.

Ҳуқуқ ва манфаатларнинг мустаҳкам кафолати
Бугун Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир аёл, чин маънода, бахтли. Зеро, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар билан мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ўнлаб қонунлар, саксонга яқин фармон ва қарорлар, давлат дастурлари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимиз турли конвенция, битим, шартномаларга қўшилган бўлса, улардан бевосита хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилгани салмоқлидир. Жумладан, БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси (СЕDAW), Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Меҳнат ва бандлик соҳасида камситишлар тўғрисидаги конвенциялар ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлар миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топган ва уларнинг бажарилиши таъминланмоқда.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда янги босқични бошлаб берди. Бинобарин, бундан йигирма йил олдин қабул қилинган мазкур ҳужжатда хотин-қизларнинг аҳволини ижро ҳокимияти даражасида яхшилаш бўйича миллий механизм асослари яратилди, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиши бўйича давлат дастурларининг амалга оширилишига йўл очилди. Бунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари янги лавозими жорий этилиб, унинг зиммасига хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини янада ошириш билан боғлиқ масалаларни бошқариш юкланди.
1996 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикасида хотин-қизларнинг аҳволини яхшилаш бўйича концепциянинг қабул қилингани, мамлакатда ҳар йили хотин-қизлар ва болалар манфаатларини ривожлантириш ҳамда кучайтиришга бағишланган давлат дастурларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани, БМТ қўмитасига Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси ижроси бўйича Миллий маъруза тақдим этилаётгани опа-сингилларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. 
Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони опа-сингилларимизнинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, уларга эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш, ташкилотчилик, тадбиркорлик, ишбилармонлик қобилиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтирди, десак, асло муболаға бўлмайди. Унга кўра, юртимиздаги мавжуд ўн мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Ҳозирги кунда катта ҳаёт тажрибасига эга, эл орасида обрў-эътибор топган аёллар ушбу масъулиятли вазифада ишлаб, давлатимизнинг юксак эҳтиромига сазовор бўлмоқда.
— Бугун аёлларнинг сиёсат майдонида, иқтисодиёт, саноат тармоқларида, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида, умуман, барча жабҳада фаоллиги ортиб бораётир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева. — Чунончи, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга кўра, хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши лозимлиги белгилаб қўйилди.
Таҳлил қиладиган бўлсак, 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ўтказилган сайлов якунлари бўйича хотин-қизлар жами сайланган депутатларнинг 7 фоизини ташкил этган. 2004 йилда бу кўрсаткич 16 фоизга етди. 2009 йилда икки палатали парламентга ўтказилган сайловдан сўнг қуйи палата депутатларининг 22, юқори палата аъзоларининг 15 фоизи аёллардан иборат бўлди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг 17 фоизи, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизини аёллар ташкил қилади. Юзлаб аёллар халқ депутатлари вилоят, шаҳар ҳамда туман Кенгашларида фаол меҳнат қилмоқда. Уларнинг ушбу йўналишдаги вакиллиги, шубҳасиз, ижтимоий соҳалар, хотин-қизлар, оила, оналик ва болалик муҳофазасига оид мукаммал қонунларнинг қабул қилинишида долзарб аҳамият касб этади.

Кечаги уй бекаси — бугун жамиятнинг фаол аъзоси
Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этувчи хотин-қизлар ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиб, Ватанимиз тараққиёти, унинг янада гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бундан ўн — ўн беш йиллар илгари фақатгина ижтимоий сектор, айниқса, таълим ва тиббиёт соҳаси ходимларининг асосий қисмини аёллар ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб, республикамиз иқтисодий ривожида катта аҳамиятга эга бўлган банк-молия, ишлаб чиқариш каби соҳаларда, автомобилсозлик, микробиология, фармацевтика, электрон ва электротехника саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, сервис ва бозор иқтисодиёти хизматлари каби юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқларда ҳам хотин-қизларимизнинг ҳиссаси тобора ортиб бормоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда тадбиркорлик, хусусий ва оилавий бизнес соҳасида аёлларнинг иштироки кучайиб бораётганини қайд этиш жоиз. Буни охирги ўн йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарига раҳбарлик қилаётган хотин-қизларнинг улуши 1,6 баробар ошгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, аёллар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётганини кўриш мумкин. Мисол учун, 2007 йилда 90,1 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари берилган бўлса, 2014 йилга келиб бу кўрсаткич 1 триллион сўмдан ортиқни ташкил этди. 2015 йил биринчи чорагининг ўзидаёқ республика тижорат банклари томонидан аёлларга 314,3 миллиард сўмлик кредитлар ажратилиб, 50 мингдан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда аёлларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Аҳоли, айниқса, қишлоқларда яшовчи аёллар турмуш даражасини янада яхшилаш борасидаги амалий чора-тадбирлар опа-сингилларимиз имкониятларини рўёбга чиқариб, уларнинг оғирини енгил қилаяпти. Чунончи, қўмита ташаббуси билан 2012 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” танлови ишбилармон опа-сингилларимиз сафини кенгайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда. Ўтган йили мазкур танловда ғолиб бўлган 14 аёлнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга 2 миллиард 215 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
— Истиқлол мендек уй бекасининг тадбиркор сифатида фаолият юритишимга жуда катта имконият яратди, — дейди “Спортжиҳозлюкс” хусусий корхонаси раҳбари Қимматхон Султонова. — Буни сўз билан таърифлаш қийин. Дастлаб уйда болаларимнинг эҳтиёжи учун спорт кийимлари тикардим. Қўни-қўшнилар, таниш-билишларнинг буюртмаларини ҳам қизиқиш, ҳам иштиёқ билан бажарардим. Бу кейинчалик катта бир истакка, аниқ мақсадга айланди. Тадбиркорликка оид турли лойиҳаларда, грант-танловларда иштирок эта бошладим. Кичик тикув цехи ташкил этганимизда, жамоамиз аъзолари сони уч нафар эди. Айни пайтда 30 нафардан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхонага масъулман. Улар билан биргаликда 22 турдаги спорт анжомлари тайёрлаб, буюртмачиларимиз талабини қондираяпмиз. Эътиборли томони, мамлакатимизда ўтказилаётган мусобақаларда ёш спортчилар айнан корхонамизда тикилган турли спорт кийимларини кийиб, қатнашишаяпти. Албатта, бу бизга жуда катта ғурур бағишлайди. Энг асосийси, бунинг ортидан нафақат оилам фаровон, балки мен билан елкама-елка меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг ҳам турмуши ободдир. Ўтган йили “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” танловида ғолиб бўлиб, тижорат банкининг 200 млн. сўм миқдоридаги кредитини олдик. Истиқболда иш кўламини кенгайтириб, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган йигит-қизлар бандлигини таъминлашни ният қилиб турибмиз.
Дарҳақиқат, ўтган даврда юртимизда, шу жумладан, чекка қишлоқларда “Гўзаллик салон”лари, таъмирлаш ва тикув цехлари, маиший техникаларни тузатиш шохобчаларидан иборат 150 дан ортиқ хизмат кўрсатиш комплекси барпо этилгани аҳоли турмуш даражасини оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилди. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари орасидан ўз бизнесини ташкил қилишга интилаётган йигит-қизларга 170 миллиард 700 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратиб берилгани ва улар ўз хусусий ишини очиш имконига эга бўлганининг ўзи, ҳеч шубҳасиз, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан ўта муҳим муаммоларни ечишга имкон берди.
Тошкентлик Дилбар Ҳайдарова ўз мақсади сари астойдил интилаётган ёшлардан. Ҳозир у Учтепа туманидаги Кўкча-Оқтепа маҳалласида “Гўзаллик салони” очиб, хотин-қизларимизнинг янада  латофатли бўлиб юришларига ҳиссасини қўшаётир.
— Айни пайтда ишимиздан нафақат маҳалладошларим, ҳатто бошқа туманлардаги хотин-қизлар ҳам баҳраманд бўлишаяпти, — дейди у. — Келажакда салонимизни кенгайтириб, опа-сингилларимизга юксак даражада хизмат кўрсатишни, тенгдошларимга ўз бизнесини бошлашларига кўмаклашишни мақсад қилаяпмиз.

Она соғлом бўлса — миллат соғломдир
Бугунги кунда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бирга, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом фарзанд дунёга келишини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида қайд этганидек, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг энг муҳим устувор вазифаларидан биридир.
Бу борада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ўтган даврда “Соғлом она — соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Унинг доирасида жами 13 миллион 600 мингдан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 2 миллион 800 минг аёл ва 2 миллион 500 минг бола соғломлаштирилгани бу йўлдаги катта қадам бўлди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг яхшиланиши халқимиз ҳаёт даражасининг кўтарилишига олиб келди. Истиқлол йилларида аёлларнинг умр кўриш давомийлиги 67 ёшдан 75,8 ёшга узайгани, оналар ва болалар ўлими 3 баробардан зиёдга камайгани бунинг ёрқин далилидир.
Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Давлатимиз раҳбарининг она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир бир қатор қарорлари мазкур йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мутахассислар фикрига кўра, 90-йилларда ҳомиладор аёлларнинг 70-80 фоизи анемиядан, катта қисми унинг ўрта ва оғир формаларидан азият чекар эди. Бу нафақат оналар саломатлигига, шу билан бирга, болалар соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатар эди. Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат яхшиланиб, юртимизнинг турли ҳудудларида анемия ва унинг оғир формалари сезиларли даражада камайган. 
Соғлом болани дунёга келтиришнинг асосий омиллари хусусида тўхталадиган бўлсак, шу ўринда, албатта, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган ихтисослаштирилган тиббиёт масканлари ҳақида алоҳида сўз юритиш  жоиз. Чунончи, перинатал марказларида ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини асрашга катта эътибор қаратилиб, ҳомиладорлик  даврида муайян бир хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғуруқ хавфи мавжуд бўлган оналар ҳамда эрта туғилган чақалоқлар парваришланмоқда. Шу билан бирга, турли анамолияли туғма хасталиклар жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволанаётир. Бундан ташқари, Она ва бола скрининги фаолиятининг яхши йўлга қўйилгани хасталикларни эрта аниқлаш имконини бераяпти. Натижада гўдакларнинг нуқсон билан туғилиши камайишига эришилмоқда.
Мазкур йўналишлар ижросига қаратилган ишларнинг узвий ва тизимли равишда олиб борилаётгани, албатта, соҳа ривожида, пировардида миллат саломатлигини асрашда долзарб аҳамият касб этаётир. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қишлоқ жойларда яшовчи ҳомиладор аёлларни махсус  поливитаминлар, таркибида инсон ҳаёти учун зарур бўлган микроэлементлар комплекси билан таъминлаш йўлга қўйилди. Ушбу мақсадда ҳар йили Давлат бюджетидан миллиардлаб сўм маблағ йўналтирилмоқда. Айни вақтда ҳомиланинг тўлиқ ривожланишини таъминловчи таркибида 13 хил витаминлар ва 10 хил микроэлементлар мавжуд бўлган поливитаминлар комплекси қўлланилаяпти.
Давлатимиз раҳбарининг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори, шубҳасиз, бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Айни пайтда Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан вазирликлар, давлат идоралари, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда мазкур қарор ижросини таъминлашга жиддий ёндашилмоқда. ҚВП ва оилавий поликлиникаларда “Нуронийлар куни”, “Болалар ва ўсмирлар куни”, “Хонадон ва экология куни”, “Аёллар ва қизлар куни”, “Ўқув муассасалари куни” жорий этилгани мазкур даргоҳларнинг тиббий маданиятни тарғиб этиш, шифокор ва ҳамшираларнинг оилалар билан ишлашдаги масъулиятини оширишга хизмат қилаяпти.
— Энг аввало, таълим муассасаларида, маҳаллаларда, корхона ҳамда ташкилотларда ўтказилаётган тадбирларда болаларни, айниқса, қизларни спортга янада кенгроқ жалб этиш масалалари алоҳида эътиборга олинмоқда, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Озода Парпибоева. — Зеро, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш уларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлашда, ўртача умр кўриш даражасининг ўсишида, соғлом фарзандлар дунёга келишида муҳим омил ҳисобланади.
Шу боис “қўмитамиз томонидан спортнинг хотин-қизларга хос турларини ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилаётир. Масалан, бундан уч йил аввал пойтахтимиз маҳаллаларида “Эъзозли аёллар” спортсеварлар гуруҳи фаолияти йўлга қўйилган эди. Ушбу ташаббус қўмита томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, уни республикамизнинг барча маҳаллаларида жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирги вақтда 40 ёшдан 85 ёшгача бўлган 7 минг нафарга яқин аёллар жамоа бўлиб мунтазам машғулотлар олиб боришаётгани диққатга сазовордир.
Бу каби саъй-ҳаракатлар “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури  ижроси доирасида кенг давом эттирилаётир. Хусусан, маҳаллаларда барча ёшдаги фуқаролар, айниқса, онахонлар ва хотин-қизлар ўртасида оммавий  спорт турлари ҳамда жисмоний тарбия кўникмалари кенг тарғиб этиб борилаяпти. Соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган кексаларнинг ҳаёт йўли ёшларимизга ибрат қилиб кўрсатилмоқда.

Эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир намунаси
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан жойларда ташкил этилаётган Аёллар маслаҳат марказларини нозик ҳилқат вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси сифатида келтириш мумкин. Зотан, ушбу марказлар хотин-қизлар ўртасида маънавий муҳитни соғломлаштириш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, оила институтини ривожлантириш, уй бекаларининг турмуш тарзини, дунёқарашини янада яхшилаш ва турли маънавий-мафкуравий хуружлардан асраш каби долзарб мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
— Баъзан аёлларнинг ўз яқинларига айта олмайдиган муаммолари, ўй-фикрлари бўлади. Кимгадир маслаҳат солса, гап-сўз бўлишидан чўчийди. Бундай аёлларга тўғри йўл кўрсатиш, руҳий далда бериш, муаммоларини оқилона ечишга кўмаклашиш билан уларни турли нохушликлардан асраш мумкин. Марказимиз фаолиятида айнан шу мақсад асосий мезон ҳисобланади, — дейди пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Аёллар маслаҳат маркази раҳбари Дилдора Тожибоева.
Марказда, шунингдек, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб  қилиш, хотин-қизларни турли ёт иллатлар таъсиридан асраш, фарзандларни, айниқса, қизларни миллий қадриятларимизга таянган ҳолда тарбиялаш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг, қизларни эрта турмушга беришнинг салбий оқибатларига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар доимий равишда ўтказилаяпти. Таъкидлаш лозимки, малакали мутахассислар томонидан олиб борилаётган ушбу тадбирлар аёлларнинг дунёқараши, атроф-воқеликларга муносабати ўзгаришида салмоқли ўрин тутмоқда.
Эътиборли томони, бундай марказлар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган бўлиб, уларнинг аёллар, айниқса, фарзанд тарбияси ва уй-рўзғор юмушлари билан машғул, иш билан банд бўлмаган уй бекалари жамиятда ўзини тўлақонли ҳис қилишида, ижтимоий фаоллиги ошишида таъсири ортаётир. Чунончи, Сурхондарё вилоятида фаолияти йўлга қўйилган Аёллар саломатлик ва гўзаллик ижтимоий-ҳуқуқий кўникма марказлари оилани мустаҳкамлаш, турли муаммога дуч келган аёллар ва уларнинг оила аъзоларига ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этишда катта ўринга эга бўлаяпти.
— Айни пайтда марказ хотин-қизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаяпти, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова. — Уларга мурожаат этаётганларга тажрибали психолог, аёллар тадбиркорлиги бўйича маслаҳатчи, гинеколог, ҳуқуқшунос, болалар шифокори хизмат кўрсатаётир. Натижада кўплаб опа-сингилларимиз ўз бизнесини йўлга қўйиш, соғломлаштириш гуруҳларида тиббий маданиятини юксалтириш, саломатлигини тиклаш имкониятига эга бўлмоқда.

Халқаро ҳамжамият баҳоси
Шак-шубҳасиз айтиш мумкинки, мустақилликнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлашга оид катта тажрибага эга бўлди. Бугун бемалол дунё хотин-қизлар ҳаракатининг эътибор марказида турган долзарб масалаларни ҳал қилишга ҳисса қўшаётган мазкур амалиётни жаҳонга кўрсатиш мумкин. Чунончи, 2013 йилда пойтахтимизда “Аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий, маданий ҳаётидаги тўлақонли иштирокини кенгайтириш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида ўтказилган халқаро конференция ҳамда 2014 йилда Самарқандда “Жамоа шартномалари ва келишувлари доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида ташкил этилган халқаро семинар, маълум маънода, бу борадаги тажрибалар намойишига айланди. Унда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатларини муҳофаза қилиш, айниқса, уларга ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши таътилидаги аёлларга ҳар ойда моддий ёрдам кўрсатиш, 2 ёшгача фарзанди бўлган оналарга ҳақ тўланадиган танаффуслар бериш борасидаги имтиёзларни алоҳида эътироф этишган эди.
 Шу билан бирга, 2014 йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ҳамда 2015 йилнинг март ойидаги Президент сайловларини кузатган халқаро экспертлар юртимизда аёлларга қаратилаётган эътиборни юксак баҳолашганига гувоҳмиз.         
— Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда аёлларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтириш, ижтимоий мослашуви бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз, — деган эди “Европа аёллари лоббиси” ташкилоти Италия бўлими бош котиби, сиёсатшунос Мария Людовика Боттарелли. — Юртингизда хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Масалан, ўтказилган парламент сайловида депутатликка номзодларнинг 31 фоизини хотин-қизлар ташкил қилгани, ушбу сиёсий жараёнда уларнинг фаол иштироки Ўзбекистонда аёлларнинг роли сезиларли ўсгани, жамиятда муҳим ўринга эга эканлигини кўрсатади.
Дарҳақиқат, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати халқнинг, миллатнинг маданий даражасини ва маънавий камолотини белгилайди. Мамлакатимизда аёлларнинг  ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ва маданият соҳаларидаги, давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки фаоллашиб бораётгани уларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан далолатдир. Зотан, ҳар бир аёл учун тинч ва фаровон юртда яшашдан, оила ва жамият эъзозида бўлишу соғлом фарзандларни камолга етказишдан ортиқ саодат йўқ.
Мақолага худди ана шу ерда нуқта қўймоқчи эдик. Аммо яна бир муҳим жиҳат эътиборимиздан четда қолаётгандек туюлди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида, аҳоли билан учрашувларда опа-сингилларимизнинг бетакрор фазилатлари қаторида латофати ва нафосати, вафо ва садоқатини алоҳида қайд этиб, фарзандларимиз юрагига ўз она-юртига севги ва садоқат туйғусини сингдирадиган бу, энг аввало, аёллар эканини эътироф этади. Яқинда Президентимиз Ислом Каримов Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш жараёнида хотин-қизлар масаласига яна бир бор тўхталиб, аёллар — юртимизнинг энг катта бойликларидан бири эканини таъкидлади.
Бу бежизга эмас. Бугунги кунда мамлакатда олиб борилаётган оқилона сиёсат опа-сингилларимиз орзуларини рўёбга чиқарди. Оналаримиз, момоларимиз ҳикояларида собиқ иттифоқ даврида аёлларнинг тўрт девор ичида ҳаёт кечирганини, муштипар оналарнинг заҳарли пахта далаларида болаларини опичлаб “план” учун ўзини аямаганини, ташвишланарлиси, бу улар пешонасидаги қисмат бўлганини кўп эшитганмиз. Қанча оғир бўлмасин, қанча зулм ўтказилмасин аёлларимиздаги чидам, сабр-бардош, фидойилик, меҳнатсеварлик, қисқача айтганда, бағрикенглик уларни бугунги дориламон кунларнинг қаҳрамонига, вафо ва назокат рамзига айлантирди.
Шулар ҳақида гапирар эканмиз, Юртбошимизнинг “Аёлларимиз хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ҳар доим ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт ўчоғининг энг кучли посбони бўлиб келган ва бугун ҳам ана шундай фазилатлари билан инсонни инсон, оилани оила қилиб келмоқда, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”, деган сўзларини эслаш ҳар биримизнинг қалбимизни фахру ифтихорга тўлдиради.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn