Эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат ифодаси
  • 18 Июль 2015

Эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат ифодаси

Жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига қизғин тараддуд кўрилаётган шу мунаввар кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида бунёдкорлик, ободончилик юмушлари янада авж олмоқда. Эзгу ниятлар, улкан мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётган бу каби ишлар инсон ва унинг манфаатларига қаратилганлиги билан янада қадрлидир.

“Ободлик кўнгилдан бошланади”, деганларидек, халқимизга хос яратувчанлик, ўзгалар кўмагига муҳтож кишиларга меҳр-оқибат кўрсатиш, беморлар ҳолидан хабар олиш каби хайрли амаллар муборак Рамазон ойида, айниқса, яққол намоён бўлди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 16 июнда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда 14 июлдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари жамиятимизда эзгулик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, мазкур шодиёнанинг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Айтиш керакки, асрлардан асрларга ўтиб келаётган, бугун том маънода миллий қадрият даражасига кўтарилган меҳр-шафқат, саховат, аҳиллик каби фазилатларни кенг тарғиб қилиш жамиятимизда устувор мақсадга айланди. Шу маънода, айни кунларда юртимизда кексалар, ногиронлар, ўзгалар ёрдамига муҳтожлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётгани, бунда жойлардаги тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар, маҳалла фаоллари ўрнак бўлишаётгани алоҳида эътиборга сазовордир
Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва фуқаролар йиғинлари билан биргаликда 1500 нафардан ортиқ уруш ҳамда 11 мингдан зиёд меҳнат фахрийлари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, 3 мингдан ортиқ ёлғиз кексалар ва  ногиронларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳомийлар ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, республикамиздаги Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига ҳиммати баланд юртдошларимиз ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан совға-саломлар улашилди.
Маҳаллаларда нуроний отахонлар, онахонлар ва ёшлар иштирокида шукроналик туйғуси билан яшаш, мустақилликни авайлаб-асраш, тинчликнинг қадрига етишдек муҳим мезонларни тарғиб этадиган давра суҳбатлари, маънавий тадбирлар уюштирилди. Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бунёдкорлик ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
—    Кунда-кунора йўқлаб, ҳолимиздан хабар олиб туришибди, — дейди Тошкент вилояти, Ангрен шаҳридаги Янгиобод маҳалласида яшовчи пенсионер Гулфия Салоҳиддинова. — Турли тадбирларга чақиришади, шифокорлар хонадонимизга келиб, саломатлигимни назорат қилишади. Куни кеча эса маҳалламиз фаоллари Рамазон ҳайити муносабати билан кийим-кечаклар, дори-дармонлар билан йўқлаб келишди. Қувончдан бошим осмонга етди. Биздек кексаларни эъзозлаётган, юртимизнинг ҳар бир гўшасини обод этишга ҳисса қўшаётган инсонлар ҳамиша бор бўлишсин.
Рамазон ҳайити дилларни дилларга боғловчи, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган олижаноб фазилатларни янада жўш урдирувчи айёмдир. Умрбоқий қадриятларимизни қалбига жо айлаган юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг изчил ислоҳотларни теран англаши ҳамда бевосита иштирокчисига айланиб бораётганида бугунги кундан шукроналик, мамнунлик билан яшаш завқи мужассам.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn