Соғлом авлод — юрт келажаги
  • 17 Июль 2015

Соғлом авлод — юрт келажаги

Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида нафақат шаҳарлар, балки энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий спорт мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари қурилиб, келажагимиз эгалари ихтиёрига топширилаётир.

Буни ўтган йиллар мобайнида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан биргина Қорақалпоғистон Республикасидаги 154 та спорт объектида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Эътиборлиси, уларнинг барчаси энг замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди. Бу мақсадлар учун 80 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Ҳозирги пайтда ана шу мажмуаларда 184 мингдан ошиқ ёшлар жисмоний тарбия ва спортнинг турли йўналишлари бўйича машғулотлар олиб боришмоқда.
Бугун Оролбўйи минтақасидаги шаҳар ва қишлоқларда жаҳон андозалари асосида бунёд этилган 3200 дан зиёд спорт объектлари, жумладан, 19 стадион, 716 спорт зали, 4 сузиш ҳавзаси ва 39 спорт мактаби ёшларга хизмат қилаётгани ҳам эътиборга молик.
Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида Нукус шаҳрида бадиий гимнастикага ихтисослаштирилган 4-республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби учун замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жами бир миллиард 69 миллион сўмлик лойиҳа асосида барпо этилган муассаса зарур спорт анжомлари билан таъминланган. Ҳозир таътил даври бўлишига қарамай, бу ерда 560 нафар қиз бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланаяпти.
Спорт мактаби тарбияланувчилари мамлакатимизда бўлиб ўтаётган кўплаб мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаётгани қувонарлидир. Жумладан, Нигора Қалназарова, Рамуза Жангабаева, Анжела Толемисова, Лиана Қутлимуратова каби спортчилар нафақат Қорақалпоғистон, балки юртимизнинг бошқа ҳудудларида ташкил этилаётган мусобақаларда ҳам маҳоратларини намойиш қилиб келаётир.
— Кейинги йилларда юртимизда бадиий гимнастикага қаратилаётган юксак эътибор туфайли мазкур спорт тури Оролбўйида ҳам оммалашиб бормоқда, — дейди мактаб директори Гулбаҳор Бабажанова. — Биз давлатимиз раҳбарининг хотин-қиз мураббийлар фаолиятини кучайтириш, уларнинг шарт-шароитларини яхшилаш ҳамда иш ҳақларини ошириш борасидаги ғамхўрлигидан руҳланиб, бор билим ва маҳоратимизни ёш авлоднинг таълим-тарбиясига йўналтираяпмиз.
Оролбўйида бадиий гимнастикани кенг оммалаштиришда ҳудудда мунтазам равишда уюштирилаётган турли мусобақалар муҳим аҳамият касб этаётир. Пировардида бугун Нукус ва Тахиатош шаҳарлари ҳамда Хўжайли, Қўнғирот, Қораўзак, Тўрткўл ва Мўйноқ туманларидаги бадиий гимнастика секцияларига қатнайдиган қизлар сони йилдан-йилга ортиб бораяпти.
Мухтасар айтганда, Қорақалпоғистон Республикасида бадиий гимнастикани жадал ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар нафақат қизларимизни соғлом, қатъиятли, иродаси мустаҳкам шахслар сифатида камолга етказишдек эзгу мақсадга, балки халқаро майдонларда Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган маҳоратли спортчиларни тарбиялашга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.


Ҳидоят АҲМЕДОВ,
Шомурот ШАРАПОВ (суратлар)
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn