Манзилли ижтимоий муҳофаза ва масъулият
  • 17 Июль 2015

Манзилли ижтимоий муҳофаза ва масъулият

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш: муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуида ўтказилган давра суҳбати ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, имконияти чекланган инсонларни манзилли ижтимоий муҳофаза этиш, уларнинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини янада яхшилашга оид имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди вазирликлар, идоралар ва муассасаларнинг масъул ходимлари, соҳага алоқадор нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишнинг мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган ҳамда у давр талабидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилаётир. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур соҳадаги саъй-ҳаракатлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, 2008 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ногиронларни ижтимоий муҳофазалашга қаратилган ҳуқуқий базанинг мустаҳкам пойдевори саналади.
Давра суҳбатида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари масъул ходимларининг мазкур Қонун ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахбороти тингланди.
Қайд этилганидек, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимида Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ҳамда минтақавий реабилитация марказлари имконияти чекланган инсонларга тиббий-психологик, ижтимоий, касбий реабилитация хизматини, ҳуқуқий масалалар бўйича эса ҳуқуқшунос маслаҳат ёрдамини кўрсатмоқда. Ҳар йили ушбу муассасаларда ногиронлар комплекс равишда реабилитация муолажаларини олишаяпти.
Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам мазкур Қонунда белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилаётир. Чунончи, ногирон болаларга реабилитация хизматлари мунтазам кўрсатиб келинмоқда. Айни чоғда ушбу йўналишда фаолият юритаётган болалар реабилитация марказлари, турли санаторийлар ишини такомиллаштириш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилаяпти.
Тадбирда ногирон болаларни мактабгача таълим, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига қамраб олиш диққат-эътибордаги масалалардан бири эканлигига урғу берилди. Таъкидланганидек, Халқ таълими вазирлиги тизимида имконияти чекланган болалар учун махсус мактабгача, шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўп тармоқли мактабгача таълим муассасалари ташкил этилган. Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда ушбу тоифадаги болалар таълим-тарбия олишаётир.
Якунда ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, соҳага оид қонунчилик тизимининг тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлаш ҳамда бошқа бир қатор масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn