Масофавий назорат дастури
  • 17 Июль 2015

Масофавий назорат дастури

Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасида жорий этилган янги дастур электр энергияси сарфини масофадан туриб назорат қилиш имконини яратади.

Маълумки, электр энергияси узатишда тармоқдаги йўқотишларга барҳам бериш, ускуналарни зўриқишдан муҳофаза қилиш, кўп жиҳатдан, ўша вақтдаги кучланишга боғлиқ. Агар қувват сарфи назорат остида бўлса, буларнинг барчасини белгиланган лимит доирасида амалга ошириш мумкин. Аммо яқин вақтгача бунинг уддасидан чиқиш мушкул ҳисобланар, негаки, ишончли назорат тизими йўқ эди.
Корхонада олиб борилган изланишлар самараси ўлароқ, ана шундай компьютерлаштирилган тизим яратилиб, амалиётга муваффақиятли жорий этилди. Уни жамиятнинг алоқа ва телемеханика бўлими бошлиғи О. Нуриддинов раҳбарлигидаги мутахассислар гуруҳи амалга оширди. Мазкур янгилик Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 июндаги “Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида рўёбга чиқарилди.
Малакали мутахассис хорижда тайёрланган ва ўзи яратган қурилмалар ёрдамида “Radiomer” дастурини яратди. Ушбу автоматлаштирилган тизим нимстанциялардан узатилаётган қувват миқдорини масофадан туриб узлуксиз назорат қилади.
— Бу ердаги бош серверга ҳар 20 сонияда шаҳар ва туманлардаги 115 та нимстанциядан маълумотлар автоматик равишда келиб тушади, — дейди муҳандис. — Авваллари бирор бир жойда узилиш, зўриқиш кузатилса ёки ғайриқонуний уланишга қўл урилса, аҳолидан хабар келмагунча, бундан огоҳ бўлмасдик. Энди эса бундай ҳолатдан бир зумда хабар топиш мумкин. Ихтиромизга Ўзбекистон Республикаси Стандартлаштириш ва метрология агентлигидан муаллифлик сертификати берилди.
Айни пайтда янги дастурий тизимни “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси томонидан амалиётга кенг жорий этиш чоралари кўрилмоқда.


Саидаҳмад ШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn