Аграр соҳадаги ислоҳотлар самараси
  • 17 Июль 2015

Аграр соҳадаги ислоҳотлар самараси

Юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, уни таркибий жиҳатдан янгилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли соҳада улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Кейинги йилларда ғаллачилик ва пахтачиликдан ташқари, бошқа тармоқларда ҳам юқори самарадорликка эришилаётгани бунга яққол мисол бўла олади.

Иқтисодиёт вазирлигида асосий турдаги мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ҳамда аҳолининг ушбу неъматларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш масаласига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидландики, охирги беш йилда полиз экинлари майдони 119 фоиз, боғ ва токзорлар ҳудуди 111 фоиз кенгайиб, айни пайтда республикамиз бўйича суғориладиган ер майдонларининг 20 фоизидан асосий турдаги мева-сабзавот ҳамда картошка етиштириш учун фойдаланилаётир.
Бундан ташқари, деҳқон ва фермерларимиз томонидан илғор тажрибалар асосида 23,5 минг гектар майдонда юқори ҳосилли пакана ҳамда яримпакана мевали кўчатлар ўтқазиш орқали интенсив боғлар яратилди. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари технологиялари асосида эса 3,3 мингта иссиқхона қурилган бўлса, шахсий ёрдамчи хўжаликларда 40 мингдан зиёд енгил конструкцияли иссиқхоналар ташкил қилинди.
Қолаверса, 2004 — 2014 йилларда жойларда 475 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини қайта ишловчи 130 та корхона фойдаланишга топширилиши натижасида 145 дан зиёд янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани, экспорт салоҳияти 400 минг тоннадан 700 минг тоннага етказилгани ҳам диққатга сазовордир.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ошиши ички эҳтиёжни қондириш баробарида, қишлоқ жойларда замонавий қайта ишлаш корхоналари барпо этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.


Д. ЖУМАБОЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn