Замонавий мебель жиҳозлари: хонадонларимиз кўрки
  • 17 Июль 2015

Замонавий мебель жиҳозлари: хонадонларимиз кўрки

Бундан бор-йўғи 20-30 йил аввал юртдошларимиз оддий бир шифоньер излаб шаҳарма-шаҳар кезганлари, маъқулини тополмагач, уларни кўп машаққат билан хориждан буюртма асосида харид қилишгани айни ҳақиқат. Негаки, ўша даврларда дўконлар бугунгидек тўлиб-тошиб турмас, оқибатда харидор танлаш имконияти йўқлиги боис диди ва талабига мос келса-келмаса, таклиф этилган маҳсулотлардан бирини сотиб олишга мажбур эди.

Хўш, бугун-чи? Вазият тамомила бошқача. Қаранг, биргина Гулистон шаҳрида ўнлаб мебель дўконлари ишлаб турибди. Уларда ўзингизга керакли буюм ёки жиҳознинг бир неча хилларини учратасиз. Муҳими, барчаси маҳаллий тадбиркорларимиз томонидан, замонавий дизайн асосида тайёрланган. Нархи эса ҳамёнбоп.
Чунончи, ҳозир Сирдарё вилоятида ана шундай фаолият турига ихтисослаштирилган 20 га яқин ишлаб чиқариш субъекти мавжуд. “Гулистон мебель”, “Гули Раъно нур жилоси”, “Прохима генезис”, “Сирдарё люкс мебель”, “Гулистон мебель салони” каби корхоналар ана шулар жумласидан. Эътиборлиси, вилоятда саноатнинг мазкур тармоғи йил сайин ривожланиб бораяпти.
Гулистон туманидаги “Мевазор мебель сервис” хусусий корхонасининг фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Шунга қарамай, унинг маҳсулотларига нафақат вилоят, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам талаб ортмоқда.
— Мебелларимиз тури 40 дан ошади, — дейди хусусий корхона раҳбари Қаҳрамон Кўпайсинов. — Улар орасида уй, идора ва бошқа муассасалар учун мўлжалланган жиҳозларгача бор. Ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ автоматлаштирганмиз. Яъни деярли барча юмушлар компьютерлар орқали бажарилади. Бундай юқори технологияга банк муассасаси томонидан ажратилган энг кам фоизли кредит туфайли эга бўлдик. Ўз навбатида, соҳада етарли тажрибага эга мутахассисларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратдик. Иш бошлашдан аввал бўлажак усталаримиз 2-3 йил мобайнида пойтахтдаги йирик мебелсозлик корхоналарида малака ошириб қайтишди.
Дарвоқе, “Мевазор мебель сервис”да буюртма асосида маҳсулот тайёрлаш ҳам намунали йўлга қўйилган. Масалан, мижознинг таклифига кўра, усталар жиҳоз қўйиладиган жой ўрнини ҳар томонлама ўлчаб олиб, сўнг мебелни тайёрлашга киришадилар. Натижада у хонага ўзгача шинамлик ва чирой бахш этади. Албатта, бу мебелсозлик саноати жадал ривожланиши баробарида, мижозлар диди ва талаби ҳам юксалиб бораётганидан далолатдир.
Умуман, ишлаб чиқарувчилар томонидан харидорларга яратилган бундай имкониятлар ҳақида мисоллар кўп. Айтайлик, айни пайтда талабгорлар “Гулистон мебель салони” хусусий корхонаси маҳсулотларини истеъмол кредити асосида ҳам сотиб олишлари мумкин. Шунингдек, деярли барча корхоналар мебелларини ўз дўконлари орқали савдога чиқаришлари жиҳозлар нархининг арзон бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, уларни мижознинг манзилига етказиш ва уни ўрнатиб бериш хизматлари жорий этилгани аҳолига қўшимча қулайлик туғдирмоқда.


Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn