Беғубор болалик завқи
  • 17 Июль 2015

Беғубор болалик завқи

Ёш авлодни маънан ва жисмонан етук инсонлар сифатида камол топтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Зеро, уларнинг нафақат замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, балки мазмунли ва мароқли ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш ҳам бу борадаги муҳим вазифалар сирасидан.

Шундан келиб чиққан ҳолда, юртимизда болалар оромгоҳларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Манзилли дастур асосида кенг кўламли ишлар олиб борилиб, келажагимиз ворислари учун зарур шарт-шароит яратилаяпти.
Масалан, Яккабоғ туманида Мирзо Улуғбек номидаги болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳида 4 миллиард 250 миллион сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилиб, 4 та бир қаватли, 4 та икки қаватли ётоқхона, ошхона бинолари таъмирланди ва янгидан жиҳозланди. Сув ҳавзаси, суҳбат майдончалари ҳамда яна қатор иншоотлар қурилди. Пировардида масканда бир навбатда 650 нафар ўғил-қизни қабул қилиш имконияти яратилди.
— Оромгоҳимизда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари билан бирга, билимларини янада мустаҳкамлашлари учун ҳам қулайликлар мавжуд, — дейди муассаса раҳбари Ўткир Муҳаммаджонов. — Кутубхона ва маънавият хонаси улар ихтиёрида. Бундан ташқари, спорт майдончалари бугунги кун талаблари даражасида жиҳозланган.
Таъкидлаш керакки, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кўмагида мавсум давомида ҳудуддаги 19 та стационар болалар оромгоҳида 26240 нафар ўғил-қизнинг дам олиши режалаштирилган. Жумладан, ҳозиргача кам таъминланган оилаларнинг 3500 нафар фарзанди, Меҳрибонлик уйларининг 160 нафар тарбияланувчиси, 100 нафар иқтидорли бола бепул йўлланмалар билан таъминланди.
Шунингдек, Оролбўйи ҳудудларида истиқомат қилаётган 500 нафар, “Камолот” ЁИҲ ва “Камалак” болалар ташкилоти томонидан ўтказилган танловларда ғолиб бўлган 1000 нафарга яқин иқтидорли ёшлар Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” оромгоҳида бепул дам олишаяпти.
— Вилоятдаги оромгоҳлар жорий таъмирланди, янги қурилган дам олиш масканларига замонавий мебель ва жиҳозлар келтирилди, — дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсонбой Ражабов. — “Автомобилчи”, “Зебинисо”, “Гулнора”, “Бинокор” оромгоҳлари эса янгидан қурилди.
Шу кунларда республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Қашқадарё вилоятидаги сўлим оромгоҳларда яратилган зарур шарт-шароит ва қулайликлардан фарзандларимиз баҳраманд бўлиб, таътил дамларини мароқли ўтказмоқдалар.


Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn