Сўлим манзиллар таровати
  • 16 Июль 2015

Сўлим манзиллар таровати

Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллик байрамини муносиб кутиб олишга қизғин тараддуд кўрилмоқда. Буни жойларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳам яққол тасдиқлайди.

Хусусан, Андижон шаҳри марказида жойлашган Бобур номидаги майдон қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилгани ҳудуд аҳлига муносиб туҳфа бўлди.
Шу муносабат билан кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ёшлар иштирокида тадбир ташкил этилди. Унда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, истиқлол йилларида юртимизда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, шаҳар ва қишлоқларда замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари, маданият масканлари, истироҳат боғлари барпо қилишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Айтиш жоизки, қисқа фурсат — 15 кун мобайнида бу ерда 1 миллиард 671 миллион сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, майдонни кенгайтириш, унинг қопламасини янгилаш, Бобур ҳайкалини реставрация қилишга бош пудратчи — “Зуҳро таъмир қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ишчилари катта ҳисса қўшган бўлса, дам олиш масканидаги яшил чимни тўлалигича алмаштириш Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан бажарилди.
Ноёб игнабаргли дарахтлар ва манзарали гуллар маскан кўркига кўрк қўшган бўлса, янги мусиқали фаввора унга ўзгача тароват бағишлади. Тошкент шаҳридаги “Акватех” МЧЖ мутахассислари томонидан ўрнатилган мазкур гидроиншоотнинг диаметри 20 метрга тенг бўлиб, у 10 метр баландликкача сув пуркайди.
Мусиқа садолари ва ёритиш чироқларига ҳамоҳанг равишда отилиб чиқадиган обиҳаёт атрофда микроиқлим ҳосил қилиб, дам олувчиларга ҳузур бағишлайди. Дилбар оҳанглар эса ён-атрофга бирдек таралади.
— Янгиликдан айнан мусиқа орқали хабар топиб, майдоннинг очилиш маросимига ошиқдик, — дейди шу ҳудудда истиқомат қилувчи Ҳуснида Иномова. — Қулай ўриндиқларда ўтириб, ям-яшил майсазорлару фавворани томоша қилиш, ҳордиқ чиқаришга нима етсин?! Шаҳримиз янада чирой очганидан жуда хурсандмиз.
— Бобур номидаги майдоннинг буюк бобокалонимиз номига муносиб бўлиши ҳам мамлакатимизда аждодларимизга кўрсатилаётган эҳтиромнинг ёрқин намунасидир, — дейди Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Шукуржон Маматқулов. — Ушбу мажмуа юртдошларимизнинг энг севимли масканларидан бири бўлиб қолишига шубҳа йўқ.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов қатнашди.

С. ШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Кўп тармоқли марказ Беғубор болалик завқи »