Фаол, фидойи, ташаббускор маҳалла маслаҳатчилари ислоҳотлар жараёнида ўзларини намоён этишмоқда
  • 15 Июль 2015

Фаол, фидойи, ташаббускор маҳалла маслаҳатчилари ислоҳотлар жараёнида ўзларини намоён этишмоқда

Бухоро шаҳрида “Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Унда республика ташкилий қўмитаси аъзолари, тегишли вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг васийлик кенгаши аъзолари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган тизим ходимлари, Бухоро вилоятида меҳнат қилаётган маҳалла фаоллари ҳамда танловнинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар маслаҳатчи қатнашди.
Тадбирнинг очилишида сўз олганлар таъкидлаганидек, халқимизнинг бой тарихий тажрибасини ўзида мужассам этган ноёб бошқарув тизими — маҳалла нуфузи истиқлол шарофати билан тобора ошиб бормоқда. Буни ушбу тузилманинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантириш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашдаги иштироки мисолида яққол кўриш мумкин. Табиийки, бундай кенг кўламли вазифаларни муваффақиятли бажариш тизимда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим, шу жумладан, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларидан катта билим ҳамда тажриба, фидойилик ва юксак масъулият талаб этади.
Бугунги кунда республикамизда 8,5 минг нафардан зиёд маслаҳатчи самарали фаолият юритмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида улар томонидан 4 миллионга яқин оилаларнинг ижтимоий-маънавий ҳолати ўрганилди, 105 мингдан зиёд фуқаронинг иш билан таъминланишига кўмаклашилди. Айни чоғда маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришга қаратилган тадбирлар изчил ташкил этилаяпти. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида 52 мингга яқин учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича 41 мингдан ортиқ, ота-оналарнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини ошириш бўйича 56 минг, “оммавий маданият” салбий кўринишларининг олдини олиш юзасидан 53 минг, эрта никоҳ оқибатлари бўйича 48 минг, тўй-ҳашамларни ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш юзасидан 50 мингдан зиёд тарғибот тадбирлари ташкиллаштирилган.
Тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эрта никоҳнинг салбий оқибатларини кенг тушунтириш, ажрашишларнинг олдини олиш, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар сифатида вояга етказишда ҳам маҳалла маслаҳатчиларининг ўрни салмоқли бўлаётир.
Шунга мос ҳолда улар меҳнати муносиб баҳолаб келинмоқда. Чунончи, кейинги беш йилда Президентимизнинг фармонларига биноан, юз нафарга яқин маҳалла маслаҳатчиси давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Ҳар йили “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий ўтказиб келинаётган “Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танлови маслаҳатчиларнинг билим ва малакасини ошириш ҳамда илғор тажрибаларини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этаяпти.
— Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг сиёсий онги ва тафаккурини юксалтириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, ишга жойлаштириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳалардаги роли янада ошиб бораётганлигини алоҳида эътироф этдилар, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчиси Дилшода Мирзаджанова. — Албатта, ушбу юксак эътибор тизим фаоллари масъулиятини янада кучайтиради. Ўйлаймизки, уч босқичли тизимда ўтказилган бу танлов маслаҳатчилар учун ўз вазифаларини самарали амалга ошириш, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси, оилаларни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол этиб тарбиялаш, “Соғлом она — соғлом бола” деган ғоянинг амалиётга татбиқ қилиниши каби йўналишлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтаяпти. Унинг республика босқичи ҳудудларда ўтказилаётгани эса жойларда маслаҳатчилар фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда, деб ўйлайман.
— Шундай нуфузли беллашувда қатнашаётганимдан жуда хурсандман, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси, Кегейли туманидаги “Нурли бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Олтингул Муҳамбетова. — Маҳалламиз ҳудудида 547 та оила истиқомат қилади. Уларнинг тинч-тотувлигини таъминлаш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар учун муносиб иш ўринлари яратиш ва соғлом авлодни камолга етказиш доимий эътиборимизда бўлиб келаётир. Шу мақсадда маҳалламизда “Ташаббускор аёллар” гуруҳини тузиб, унга ишбилармон, фаол, эл ўртасида обрў-эътибор қозонган опа-сингилларимизни жалб этганмиз. Бу амалда ўз самарасини бераяпти. Кўрик-танловда фаолиятимиздаги ана шу жиҳатлар алоҳида ўрганиб чиқилди. Мазкур танлов биз учун ўзаро тажриба алмашиш, билим ва салоҳиятимизни синовдан ўтказиш, иш фаолиятимизда янгича ёндашувларни қўллаш ва бу борада тўпланган илғор тажрибаларни ўрганиш нуқтаи назаридан фойдали бўлди.
Кўрик-танловда иштирокчилар 3 шарт бўйича ўзаро беллашди. Дастлаб уларнинг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда намойиш этилган, ҳудудда амалга ошираётган эзгу ишлари, бу борада қўлга киритган ютуқлари ва намунали иш тажрибалари ҳакамлар ҳайъати томонидан чуқур таҳлил қилинди.
Хусусан, жойларда барқарор диний ва маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш, маърифий ишларни ташкил этиш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, тўй-маъракаларни ихчам ҳамда тартибли ўтказиш, кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш каби йўналишларга эътибор қаратилди. Иккинчи шартда иштирокчиларнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маслаҳатчилар фаолиятига оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятига оид билимлари, улар фаолиятида учраётган турли масалаларнинг ечимини топиш юзасидан малакаси, дунёқараши синовдан ўтказилди. Учинчи шартда эса улар эркин мавзу йўналишида ўз иқтидорлари ва истеъдодларини намойиш этишди.
— Маҳалламизда ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, уларни турли ёт ғоялар, салбий иллатлар таъсиридан ҳимоя қилиш, маънавият ва маърифат масалаларида жамоатчилик комиссияларининг ўзаро ҳамкорлиги намунали йўлга қўйилган. Хусусан, фуқаролар йиғини қошида “Маҳалламнинг энг билимдон қизи” йўналиши бўйича 5 та касб-ҳунар тўгараги ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар уларга 307 нафар қиз жалб қилинган, — дейди танлов иштирокчиси, Наманган туманидаги “Тепақиёт” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Холпошша Қаюмова. — Меҳнатимиз танлов жараёнида эътироф этилганидан мамнунмиз. Муҳими, мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келган ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашиб, шунга ишонч ҳосил қилдимки, ҳали амалга оширишимиз зарур бўлган ишлар оз эмас экан. Мазкур ижодий кўрик касб маҳоратимни юксалтиришим учун кўп нарса берди. Бу ерда ўрганганларимиз фаолиятимизни бундан-да кучайтиришимизда қўл келишига ишонаман.
Танлов якунида Тошкент шаҳридаги “Чилонзор” маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Марҳамат Мақсудова биринчи ўринга муносиб, деб топилди. Қорақалпоғистон Республикаси вакили Олтингул Муҳамбетовага иккинчи ўрин насиб этди. Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги “Шўробод” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Саодат Ҳотамова ва Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Фарида Ҳайитматова учинчи ўринга лойиқ кўрилдилар.
— Ушбу кун менинг ҳаётимда энг бахтли ва унутилмас кун бўлди, — дейди танлов ғолибаси М. Мақсудова. — Давлатимиз раҳбарининг доимий эътибор ва ғамхўрлиги туфайли юртимиз обод, халқимиз турмуши тобора фаровон бўлиб бормоқда. Буни бизнинг маҳалламиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳудудимизда 1605 та оила, 6010 нафар аҳоли бахтли ва фаровон турмуш кечираяпти. Маҳалламиз кундан-кун обод бўлиб бораётир. Аҳоли бандлигини таъминлаш, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш бўйича кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалламизда хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида соғломлаштириш гуруҳлари ташкил қилинган бўлиб, уларга 1892 нафар хотин-қиз спортнинг турли йўналишлари бўйича жалб этилган. Бундай эзгу ишларни туманимиздаги бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам кўриш мумкин. Албатта, бу рағбат мени янада масъулият билан ишлашга, маҳалламизда ёшлар тарбияси, миллий анъана ва урф-одатларни сақлаш ҳамда ривожлантириш, ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини тарғиб қилиш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш каби вазифаларни муваффақиятли бажаришга ундайди. Бундай кўрик-танловлар маслаҳатчилар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, қўшимча куч ва ғайрат бағишлаши ҳам, шубҳасиз.
Умуман, “Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танлови маслаҳатчиларнинг оила институтини янада мустаҳкамлаш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, жамиятда маҳалла институти ўрнини кенгайтириш, нуфузини янада ошириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш мактаби сифатида ҳам аҳамиятли бўлди.
Танлов доирасида иштирокчилар фаолиятига оид фотоальбомлар, плакат ва стендлар, ҳунармандчилик ишлари, хотин-қизларнинг кийиниш маданиятига оид миллий либослар кўргазмаси намойиш этилди. Айни чоғда иштирокчилар Бухоро вилоятининг диққатга сазовор жойлари билан танишиш имконига ҳам эга бўлишди.
Ғолиблар диплом ва “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бир қатор номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди. Таниқли санъаткорларнинг чиқишлари эса кечага байрамона шукуҳ бағишлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова ҳамда Бухоро вилояти ҳокими М. Эсанов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn