Ватан ҳимояси — муқаддас бурч
  • 14 Июль 2015

Ватан ҳимояси — муқаддас бурч

Республикамиздаги барча олий ҳарбий таълим муассасаларида давлат тест синовлари бўлиб ўтди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида замонавий қурол-яроғ ва техника билан ҳар томонлама яхши таъминланган, ихчам ва тезкор, юксак талаб ҳамда андозаларга жавоб берадиган, юртимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир миллий армияни шакллантириш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Бунинг самараси ўлароқ, мазкур cоҳа вакилларининг нуфузи ортди, ҳарбий либос кийиш ёшларимиз учун юксак шарафга айланди.
Миллий армиямиз сафларини ҳар томонлама етук офицер кадрлар билан таъминлаш Қуролли Кучларимиз тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Шу боис мамлакатимиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул жараёнида ушбу соҳага қизиқиш ва иштиёқи баланд ёшларнинг дунёқараши, билими, интеллектуал салоҳияти тест асосида синовдан ўтказилади.
Унда муваффақиятга эришганлар эса бугун ҳар бир йигитнинг орзуси бўлмиш шарафли касб — офицерлик сари қадам ташлайди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойишига асосан, олий ҳарбий таълим муассасаларида тест синовлари ҳар йили 10 июль санасида ташкил этилаяпти. Унинг натижалари эса 15 июлда эълон қилинмоқда. Бу ҳам ёшларимиз учун яратиб берилган ўзига хос қулайликдир. Гап шундаки, ўқишга кириш жараёнида етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар ҳужжатларини бошқа олий таълим муассасаларига топшириб, билимларини 1 август куни яна бир карра синаб кўриш имкониятига эга.
Эътиборли жиҳати, жорий йилда саралаш жараёнидан муваффақиятли ўтиб, ҳал қилувчи босқичда иштирок этиш имкониятга эга бўлган абитуриентлар сони сезиларли даражада ортган. Бу соҳага қизиқиш юқорилигидан, олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олиб, келажакда офицер сифатида элу юртимизга садоқат билан хизмат қилишни дилига туккан ёшлар сафи кенгайиб бораётганидан далолатдир.
Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида ҳам давлат тест синовлари бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, мазкур ўқув даргоҳи миллий армиямизга юксак малакали мутахассислар етказиб бераётган нуфузли олий ҳарбий таълим муассасаларидан биридир. Бугун бу ерда бир қанча йўналишда офицер кадрлар тайёрланмоқда. Таълим масканида таҳсил олган ва юрт осойишталиги йўлида хизмат қилаётганлар сафида маҳорат, матонат ва жасорат бобида алоҳида намуна кўрсатаётган, Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган офицер ҳамда сержантлар кўпчиликни ташкил этади.
Билим юрти ҳузурида услубий марказ, офицер кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш факультети ҳамда бир қатор тўгараклар фаолият кўрсатаётир. Мавжуд кафедралар, барча шарт-шароитга эга ўқув хоналари, замонавий техника воситалари, компьютерлаштирилган тренажёрлар, спорт зали, кутубхона, энг сўнгги русумдаги технологик жиҳозлар, мультимедиа воситалари ҳамда жанговар техникалар курсантлар билимини оширишга хизмат қилмоқда.
Ушбу таълим даргоҳига ҳужжат топширганлар орасида сурхондарёлик Беҳруз Аҳатов ҳам бор.
— Офицер бўлишни астойдил орзу қилганман, — дейди у. — Шу боис тест синовларига жиддий ҳозирлик кўрдим. Билимимга ишонаман. Мақсадим — синовдан муваффақиятли ўтиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш.
Давлат тест синовлари Мудофаа вазирлиги тизимидаги бошқа олий ҳарбий таълим муассасалари, жумладан, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультетида ҳам юқори савияда ўтказилди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn