Тадбиркорнинг йўли ойдин
  • 14 Июль 2015

Тадбиркорнинг йўли ойдин

Президент соврини учун бўлиб ўтган “Ташаббус — 2015” республика кўрик-танловининг якуний босқичида иштирок этиб, кўнглим осмон қадар юксалди. Тадбиркорлик этагидан тутганимдан ич-ичимдан севиндим.

Буни танловда “Энг яхши озиқ-овқат саноати корхонаси” номинациясида ғолиб бўлганимизга йўйсангиз, адашасиз. Гап юртимизда ишбилармонларга бўлган эътибор, уларга кўрсатилаётган ғамхўрликда.
Чиндан ҳам, мамлакатимизда кичик бизнес соҳаси учун яратилган шарт-шароитларнинг қиёси йўқ. Натижада юртдошларимизнинг ишбилармонлик қобилияти тезда юзага чиқмоқда. Республикамизнинг энг олис ҳудудларида ҳам саноат жадал ривожланаётгани бунга мисол бўла олади. Хусусан, мен раҳбарлик қилаётган, гўштни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Karakalpakskie delikatesi” МЧЖ корхонамиз ҳам истиқлол берган имконият, қулай ишбилармонлик муҳити мевасидир. Жамоамиз томонидан тайёрланаётган гўшт ва колбаса маҳсулотлари хорижникидан асло қолишмайди. Негаки, сифати юқори, нархи ҳам қиммат эмас. Буюртмачилар кун сайин кўпайишининг боиси ана шунда. Агар 2013 йилда қарийб 160 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 1 миллиард сўмликка етказилиши кутилаяпти.
Очиғи, камтарона меҳнатинг юксак баҳоланиб, ўз вақтида рағбатлантирилса, кучингга куч қўшилар экан. Илгари буюртмачиларга 11 хилдаги маҳсулотни тақдим этган бўлсак, бугунги кунда 20 турдан зиёд гўшт ва колбаса маҳсулотларини етказиб бераяпмиз.
Сирасини айтганда, Оролбўйи минтақасида бизникига ўхшаган замонавий корхоналар сони йил сайин кўпаймоқда. Зотан, ишбилармонларга янада эркинлик берилаётгани, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантирилаётгани одамларни шу юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундаяпти.

Махсуд ТУРСУНОВ.
Қўнғирот тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn