Обод турмуш қувончи
  • 14 Июль 2015

Обод турмуш қувончи

Яқинда ўғлим туманимиздаги Пўлатдархон маҳалласида қурилган замонавий тураржойлардан бирига оиласи билан кўчиб ўтди. Одамлар бу хонадонларни “Намунали уй” деб атаганларича бор экан. Кенг ва ёруғ, кўркам ва шинам хоналарни кўриб, дил яйрайди. Барча қулайлик яратилган.

Зарур инфратузилма иншоотлари мавжуд. Ҳозир янги уйда невараларим роҳат-фароғатда яшашаяпти. Ён-атрофдаги обод манзара эса киши кайфиятига кайфият қўшади.
Болаларим баъзида машинасига ўтирғизиб, ҳали Самарқандга, ҳали Тошкентга олиб бориб, айлантириб келишади. Гапнинг рости, бу шаҳарларнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб, ўзгача чирой очибди.
Ҳаммаёқда қиёси йўқ янгиланишлар. Шаҳар ва туман марказларидан бошланган ободлик энг чекка маҳаллаларимизгача, хонадонларимизгача кириб бораяпти. Коллежу лицейлар, шифохонаю спорт мажмуалари, бозору гузарлар, майдону хиёбонлар, боғу гулзорлар... Буларнинг барчаси мустақиллик берган кенг имкониятлар, турмушимиз фаровонлигининг ёрқин ифодаларидир.
Кейинги йилларда Самарқанд шаҳрида барпо этилган замонавий фаввораларнинг ўзини мўъжизага қиёслаш мумкин. Ёз оқшомларида ана шу фавворалар ёнида мароқ билан ҳордиқ чиқараётган одамларни кўриб, тинчлигимизга кўз тегмасин, дейман. Ахир бу осойишталикнинг, фаровонликнинг меваси-да! Бундай фароғатда яшагандан кейин халқимиз қалбида яратувчанлик иштиёқи янада жўш уриши табиий.

Гулнора ТОҲИРОВА,
пенсионер.
Оқдарё тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn