Соғлом турмуш гарови
  • 11 Июль 2015

Соғлом турмуш гарови

Пойтахтимизда 11 июль — Аҳолишунослик кунига бағишланган спорт марафони ўтказилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда аёллар, имконияти чекланган болалар ҳамда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари қатнашди.
Мусобақанинг очилишида таъкидланганидек, республикамизда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг, айниқса, спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шарт-шароит яратилган. Бу борада оилаларда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, қизларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришга устувор аҳамият берилмоқда. Мана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугунги кунда спортда юксак натижаларга эришиб келаётган қизлар сони тобора ортиб бораяпти.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўсмир қизлар, аёллар, шу жумладан, уй бекаларини турли соғломлаштириш секцияларига жалб этиш мақсадида ўтказилаётган аёллар спорт фестиваллари, оилавий мусобақалар ва бошқа лойиҳалар опа-сингилларимизнинг спортга бўлган қизиқиши ортишига замин яратаётир.
Марафонда иштирокчилар 1,5 километр масофага югуриш бўйича баҳслашди. Болалар учун шашка мусобақаси, “Ёз ўтади соз” мавзуида расмлар танлови ташкил этилди. Маҳаллалардаги аёллар спорт жамоалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари томонидан тайёрланган дастур намойиш қилинди.
— Маҳалламизда спорт билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилган, — дейди Яккасарой туманидаги “Қушбеги” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Доно Карабаева. — Жумладан, сузиш ҳавзаси, “Қушбеги” болалар спорт мажмуасида хотин-қизларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, турли спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилган. Уларда маҳалламиз аёллари, ўсмир қизлар фаол қатнашиб, ўз саломатликларини мустаҳкамлашмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Азизбек РАМАЗОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Аёллар маслаҳат маркази Обод турмуш қувончи »