Ўзбекистонда фуқаролик жамияти шаклланишининг долзарб масалалари Берлинда муҳокама этилди
  • 10 Июль 2015

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти шаклланишининг долзарб масалалари Берлинда муҳокама этилди

Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонасида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти делегациясининг Германияга сафари доирасида “Фуқаролик жамияти шаклланишининг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ф. Эберт номидаги жамғарма билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.

Германия ҳукумати ва парламенти, ижтимоий, илмий-академик, эксперт доиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтган мазкур тадбирда мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг тараққиёти билан боғлиқ батафсил маълумотлар давра суҳбати қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. Юртимизда ушбу йўналишда ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирларга, фуқаролик институтларининг меъёрий-ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилига изчил риоя қилинмоқда. Унинг мазмун-моҳияти Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари тизимини янада ривожлантириш ҳамда унинг давлат бошқаруви жараёнига уйғун интеграциялашувини тўла таъминлаш билан изоҳланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 2010 йилда қабул қилинган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистон ривожланиши стратегиясининг энг муҳим дастуриламал ҳужжати экани таъкидланди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вакилларининг маърузалари германиялик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Улар томонидан бир неча маротаба қайд этилганидек, фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг демократик ривожланиш тамойилларига содиқ эканлигини намойиш қилади. Германиялик мутахассислар эътироф этганидек, республикада фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар аҳолининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларининг ишлаб чиқилиши ҳамда уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жараёнларида фаол қатнашиш кўламларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Масалан, Ф. Эберт номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги минтақавий мувофиқлаштирувчиси Пеер Тешендорф мамлакатимизда фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилганини таъкидлади. У қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳамда ишбилармонлик фаоллигини ошириш ва ижро ҳокимияти устидан жамоатчилик назорати тизимини мустаҳкамлаш йўлида ташланган муҳим қадам бўлганига эътибор қаратди.
— Шуниси диққатга сазоворки, Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотларининг сони 8 мингтадан ошди, уларнинг фаолияти амалда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олган, — деди П. Тешендорф. — Ф. Эберт номидаги жамғарма фуқаролик жамияти шаклланиши бўйича Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган изчил чора-тадбирларни ижобий баҳолайди ва мазкур жараёнда бундан кейин ҳам кўмак кўрсатишга тайёрдир.
“Мацената” фуқаролик жамиятини ўрганиш Берлин институти илмий ходими Экхард Приллер фуқаролик жамияти масалалари юзасидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатганини, Ўзбекистон ҳамда Германияда ушбу мавзуга бағишлаб ўтказилаётган давра суҳбатлари ва семинарларда, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан учрашув ҳамда музокараларда мунтазам иштирок этаётганини билдирди.
Унинг эътирофига кўра, мустақиллик йилларида республикада фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида салмоқли натижаларга эришилган. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳуқуқий демократик давлат қурилишига мустаҳкам замин яратди. Мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қабул қилинган 30 дан зиёд қонунчилик ҳужжатлари Ўзбекистоннинг мазкур йўналишга қаратаётган юксак эътиборидан далолат беради.
— “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши фуқаролик жамияти институтлари барча тизимининг ривожланишини, унинг давлат бошқаруви жараёнига интеграциялашувини белгилаб бермоқда, — деди Э. Приллер.
Бранденбург Технология ва инновацияларни ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш институти бошқаруви раиси Эдгар Клозе ҳам Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди. Унинг фикрича, бу мамлакат барқарор ривожланишидаги кўпгина муҳим вазифалар ҳаётга самарали жорий қилинишига кўмаклашади ҳамда ўзбек жамиятининг улкан “ижтимоий капитали”дан кенг фойдаланиш имкониятини яратади. Э. Клозе аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этадиган мамлакатда фуқаролик фаоллиги рағбатлантирилаётгани катта эътиборга сазовор эканлигини алоҳида таъкидлади.
— Жорий йил 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганим мен учун шарафдир, — деди у. — Шу муносабат билан Ўзбекистонга сафарим чоғида фуқароларнинг юксак сиёсий фаоллигига шахсан гувоҳ бўлдим. Мазкур муҳим сиёсий тадбирда сайловчиларнинг 91 фоиздан зиёди қатнашди. Бу кўпгина мамлакатлар, жумладан, сайловларда фуқароларининг иштироки қарийб 50 фоизни ташкил қиладиган Германия учун ҳам яхши намуна бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам бизнинг бугунги мулоқотимиз бир томонлама эмас, балки икки томонлама аҳамиятли, деб ўйлайман. Яъни фақатгина ўзбек мутахассислари ноҳукумат ташкилотларини ривожлантириш соҳасидаги бизнинг тажрибамизни ўрганишаётгани йўқ, балки биз ҳам аҳолининг фуқаролик фаоллигини ошириш масалаларида ўзбек ҳамкасбларимиздан ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар мавжуддир.
Тадбирнинг “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири суҳбатлашган иштирокчилари ҳам Ўзбекистондаги тараққиёт жараёни хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.
Хусусан, Германиядаги Фуқаролик жамияти ҳамкорлиги бўйича марказнинг масъул ходимаси Сюзанне Ланг Ўзбекистон ва ГФР ўртасидаги тажриба алмашувлар ҳар икки томон учун муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этди. Унинг айтишича, мазкур давра суҳбати ҳам Ўзбекистонда фуқаролик жамияти шаклланиши ва ривожланиши тамойилларини теран англаш учун қулай имконият яратди.
Берлин давлат кутубхонаси илмий ходимаси Франк Риедес эса элчихонада бўлиб ўтган мунозаралар жуда фойдали бўлганини маълум қилди.
— Бу ерда ўзбек ва немис экспертлари томонидан билдирилган мулоҳаза ҳамда берилган шарҳлардан келиб чиққан ҳолда, менда ушбу ҳамкорликни янада фаоллаштириш юзасидан айрим фикрлар туғилди, — деди у. — Замонавий шароитларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда бошқа соҳалар қатори, ахборот-кутубхона ишининг ҳам аҳамияти кам эмас. Шунинг учун биз бундан кейин республикангизда фуқаролик жамиятини бундан-да равнақ топтиришга йўналтирилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратамиз.
Немис эксперти, ҳуқуқшунос Торстен Яник Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, нодавлат ноҳукумат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, демократик янгиланиш ва мамлакатни модернизациялаш жараёнларида уларнинг ролини ошириш юзасидан ҳаётга татбиқ қилинаётган чора-тадбирларни алоҳида эътироф этиб ўтди.
— Ўзбекистон бу борада халқаро ҳамкорликни, жумладан, Германиянинг муайян жамғарма ва ташкилотлари билан ўзаро алоқаларни кенгайтиришга катта эътибор қаратаётгани диққатга сазовор, — деди Т. Яник. — Германиялик мутахассисларнинг юртингиз фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга жиддий қизиқиш билдираётгани ҳам қувонарлидир.
Фуқаролик жамияти институтларининг республикада тутган ўрнини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолар экан, “Берлинер Блатт” электрон нашри муҳаррири Фолькер Нееф қуйидаги фикрларни билдирди:
— Таълимсиз фуқаролик жамиятини ривожлантиришни тасаввур этиб бўлмайди, — деди немис журналисти. — Ўзбекистонда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда дунёнинг тараққий топган мамлакатлари тажрибасини ўрганиш ва улардан самарали фойдаланган ҳолда, таълим-тарбия ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга моликдир. Бу эса, табиийки, юртингизнинг илмий-маърифий салоҳиятини янада мустаҳкамлайди.

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn