Ёзги таътил қувончи
  • 10 Июль 2015

Ёзги таътил қувончи

“Камалак” болалар оромгоҳи Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғида, Ўнғор тоғлари этагида жойлашган. Ёзнинг иссиқ кунлари бошлангач, бу маскан ўғил-қизларнинг шодон қийқириқлари билан файзга тўлади.

Ажойиб ҳавоси, сўлим табиати билан дилга завқ берадиган  оромгоҳда мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил мавсумини мазмунли ўтказиши учун барча шарт-шароит яратилган. Ҳудуднинг гўзал манзараси чарчоқдан фориғ этса, масканда ташкил қилинган турли тўгараклар, кўнгилочар тадбирлар кунингизга мазмун бағишлайди.
— Табиат бу жойни атайин биз, болаларнинг яйраб дам олишимиз учун яратиб қўйгандай, — дейди Мингбулоқ туманидаги 14-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Мунаввар Эркиналиева. — Кун тартиби шундай тузилганки, ҳордиқ кунларининг ҳеч бир дақиқаси бекор ўтмайди. Эрталабки салқинда тоғ этаклари бўйлаб сайр уюштирсак, кундузи фан ва спорт тўгараклари билан машғул бўламиз. Мен бадиий гимнастика тўгарагига қатнашаяпман. Қисқа вақтда спортнинг ушбу тури бўйича бошланғич сабоқларни ўзлаштиришга улгурдим. Оромгоҳдаги мароқли ҳордиқ чоғида янги ўқув йилига куч-қувват йиғаман.
Бу маскандаги ўттиздан ортиқ тўгаракларда ўғил-қизлар жисмоний ва маънавий жиҳатдан чиниқишаяпти. Айни чоғда бу жойда 380 нафар бола дам олаётир. Яқинда Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйининг 46 нафар тарбияланувчиси ҳам таътил кунларининг бир қисмини оромгоҳда ўтказиб қайтишди.
Мавсум давомида вилоят бўйича шаҳар ташқарисидаги ана шундай 9 та оромгоҳ болаларнинг мазмунли дам олишлари учун шай қилиб қўйилган. Уларнинг асосий қисми баҳаво ҳудудларда жойлашган. Масалан, Поп туманидаги “Офтобча”оромгоҳи,  Косонсой туманидаги “Олмазор” ҳордиқ масканлари Косонсой соҳилида жойлашган бўлиб, ҳудуднинг бетакрор табиати болажонлар кайфиятига жўшқинлик бахш этади. Жорий йилда вилоят бўйича 5550 нафар ўғил-қиз ёзнинг ҳароратли кунларини сўлим оромгоҳларда ўтказади. Бунга қўшимча равишда туманлардаги 99 та умумтаълим мактаби қошида 11600 нафар ўқувчи учун кундузги оромгоҳлар ташкил қилинди.
Таъкидлаш лозимки, дам олиш масканларини мавсумга тайёрлаш борасида амалга оширилган тадбирлар натижасида болалар ҳордиқ кунларининг мазмунли ўтиши таъминланмоқда. Масалан, Норин туманидаги Еттиқашқар маҳалласида фаолият кўрсатаётган “Норин” болалар оромгоҳи жорий йилда мукаммал таъмирдан чиқарилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши бош ҳомийлигида бу ерда 10 миллиард 800 миллион сўмликдан зиёд ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, ҳар бири 50 ўринга эга бўлган тўртта ётоқхона биноси замонавий усулда таъмирланиб, совитиш, шунингдек, сув иситиш мосламалари билан жиҳозланди. 200 ўринли овқатланиш залига янги жиҳозлар ўрнатилди. Ўқувчилар ижодий қобилиятини оширишга мўлжалланган хоналар, кутубхона, спорт-соғломлаштириш, компьютер саводхонлиги тўгараклари хоналари янгидан қурилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Яхшининг боғи Аёллар маслаҳат маркази »