Шодликлари бир олам болажонлар
  • 08 Июль 2015

Шодликлари бир олам болажонлар

Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати. Шу кунларда юртимизнинг соя-салқин, сўлим ва хушманзара манзилларидаги ёзги оромгоҳларда бўлган киши бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилиши, шубҳасиз.
Чиндан ҳам, мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Эртамиз давомчиларининг муносиб шарт-шароитларда ўқиб-ўрганиши, спорт билан шуғулланиши, касб-ҳунар эгаллаши, иқтидор ва маҳоратини намойиш қилиши, қисқача айтганда, ҳеч кимдан кам бўлмай камол топиши учун кенг имкониятлар яратилган. Ҳар йили болажонларимизнинг ёзги соғломлаштириш мавсумини юксак даражада ташкил этиш ва ўтказишга катта эътибор билан қаралаётгани ҳам ана шундай ғамхўрликнинг яна бир ифодасидир.
Таъкидлаш лозимки, жорий йилда мамлакатимиздаги 1 минг 150 га яқин оромгоҳда ёзги таътилни ўтказиш учун қарийб 290 минг ўсмир қамраб олинади. Аҳамиятлиси, уларнинг ярмидан кўпи стационар шароитдаги 213 та ҳордиқ масканида соғломлаштирилади. Шунга мувофиқ, мавсумга қадар оромгоҳларнинг мавжуд шарт-шароитлари яхшиланиб, моддий-техник негизи мустаҳкамланди. Масалан, кейинги уч йилда 9 та оромгоҳ янгидан қурилган бўлса, 70 дан ортиғи реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди.
Ўғил-қизларга бир олам қувонч ва завқ бағишлайдиган ушбу мавсум сўлим ҳамда хушҳаво манзиллари билан алоҳида ажралиб турадиган Тошкент вилоятида ҳам кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашидан маълум қилишларича, мавсум мобайнида табиат қўйнидаги 20 та болалар дам олиш масканида 14 минг 814 нафар ўғил-қиз соғломлаштирилса, халқ таълими тизимидаги ўқув муассасаларида ташкил этилган кундузги оромгоҳлар 17 минг 500 ўқувчини қамраб олади.
— Оромгоҳга борган ҳар бир боланинг қисқа фурсатда ҳам жисмонан, ҳам ақлан янада чиниқишига эришишимиз муҳим аҳамиятга эга, — дейди бирлашма раиси вазифасини бажарувчи Г. Тўхтаева. — Шу билан бирга, табиат қучоғида ўтган дамлар кичкинтойлар ёдида узоқ муҳрланиб қолиши лозим. Бунинг учун мавсумга жалб этилган ҳар бир мутасадди ўз ишига катта масъулият билан ёндашиши зарур. Шундан келиб чиққан ҳолда, биринчи галда, болаларнинг овқатланиш рациони, уларнинг саломатлигини кечаю кундуз назорат қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Хусусан, оромгоҳларда таомномалар таркиби бойитилди, табиий ва шифобахш хусусиятга эга шарбат ҳамда фиточойларни тайёрлаб бориш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, бепул тиббий хизмат кўрсатиш хоналари ташкил қилиниб, улар зарур дори-дармон воситалари билан таъминланди.
Ҳар йили вилоятдаги бир нечта оромгоҳларда Оролбўйидан келган болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш эзгу анъанага айланган. Бу мавсумда ҳам Хоразм вилоятилик 1250 нафар ўғил-қиз ёзги таътилни пойтахт вилоятининг бетакрор табиатидан баҳра олиб ўтказади. Бунинг учун аввалдан етарли тайёргарлик кўрилиб, барча шароит муҳайё қилинган. Айни кунларда Паркент ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги “Бойчечак” ҳамда “Меҳржон” оромгоҳлари мамлакатимиз шимолий ҳудудларидан ташриф буюрган 400 нафар кичкинтойга ўз бағрини очган.
Бўстонлиқ туманининг Чимён қишлоғидаги “Қуёшли” оромгоҳи нафақат пойтахтлик, балки юртимизнинг турли минтақаларидаги болажонларнинг севимли масканига айланган. Боиси, бу ерда ҳар йили ёзда мамлакатимиз вилоятларидан энг зукко ва билимга чанқоқ болажонлар меҳмон бўлишади. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳага кўра, бу маскан турли фанлар бўйича ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиққан 500 нафар ўқувчи учун интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи вазифасини ўтайди.
— Бундан ташқари, мавсум давомида оромгоҳимизда тегишли йўлланмалар асосида 1,5 минг нафар кичкинтой ҳордиқ олиб, ўз саломатлигини тиклаб қайтади, — дейди муассаса раҳбари Й. Раҳимжонов. — Бу йил ҳам мавсумни пухта ҳозирлик билан бошладик. Айни пайтда болажонларимизнинг интеллектуал қобилиятини юксалтиришга қаратилган турфа маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирларни тизимли равишда ўтказиб бораяпмиз. Кўркам боғ-роғлар, кўнгилочар хиёбон, спорт майдончалари, сузиш ҳавзалари, шунингдек, маънавият ва маърифат, компьютер хоналари дам олувчилар ихтиёрида.
Дарҳақиқат, муқим шароитдаги ҳордиқ масканларидаги тадбирлар мавсумга алоҳида шукуҳ ва жозиба бағишлаши, шубҳасиз. Шу кунларда вилоятдаги ана шундай муассасаларда дам олаётган болажонлар аввалдан ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, кўплаб бадиий-мусиқий томошалар, қизиқарли ижодий учрашувларнинг гувоҳи ва иштирокчиси бўлишмоқда. Уларда санъат усталари, иқтидорли ижрочи ёшлар, таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар қатнашаётир.
Бундай маърифий дастурлар кичкинтойлар дунёқарашини кенгайтириш, интеллектуал салоҳиятини бойитиш баробарида, мурғак дилларда ватанпарварлик, мардлик ва шижоат, меҳр-оқибат каби туйғуларнинг камол топишига хизмат қилаётгани билан, айниқса, аҳамиятлидир.

Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn