Фаровонлик йўлидаги бунёдкорлик
  • 07 Июль 2015

Фаровонлик йўлидаги бунёдкорлик

Президентимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида вилоятимизга ташрифи чоғида Қарши шаҳрида олиб борилаётган юмушларни юқори баҳолаб, янги-янги вазифаларни белгилаб берди.

Жумладан, “Бунёдкорлик ишларига бутун қалб қўрини бағишламоқ керак. Ободлик кўнгилдан бошланади, деган сўзлар халқимиз қалбидан чуқур жой олди, эзгу даъватга айланди”, дея алоҳида таъкидлади давлатимиз раҳбари. Бу бежиз эмас. Сабаби, ҳақиқатан ҳам, “Қарши чўли” деган “тамға” собиқ иттифоқ давридан мерос бўлиб қолган эди. Ҳозиргидек замонавий кўприклар, халқаро андозаларга жавоб берадиган йўллар қуриш қаерда эди дейсиз?! Ҳатто оддий қурилишлар ҳам “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида юзаки ёндашувлар, фақатгина ҳисоботларни тўлдириш учун бажарилганини бугун биз, нуронийлар жуда яхши эслаймиз.
Ўша даврларда инсон омили, унинг тақдири билан боғлиқ масалалар, муаммолар ечимида баландпарвоз гаплар, қуруқ ваъдалардан нарига ўтилмагани кўпчиликка аён. Негаки, собиқ тузумнинг бир ёқлама сиёсати одамларга шунчаки “ишчи кучи”, “меҳнат воситаси” сифатида муносабатда бўлишни тақозо этарди.
Истиқлол шарофатини қарангки, қисқа давр ичида қаддимиз, қадримиз юксалди. Халқимиз бунёдкорлик, яратувчанлик иштиёқи билан яшашга одатланди. Қишлоғу маҳаллаларимиз кўркига кўрк қўшилди. Мана, кейинги йилларда Қарши шаҳрида 56 километрлик ҳалқа йўли ва унинг темир йўл ҳамда Қашқадарё билан кесишадиган жойларида эса 6 та муҳташам кўприк бунёд этилди. Биргина ҳалқа йўлининг Қашқадарё дарёсини кесиб ўтадиган қисмидаги кўприкнинг узунлиги 108, эни 27 метрдан иборатлигининг ўзиёқ Юртбошимиз томонидан мустақиллик йилларида узоқни кўзлаб, изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси нечоғли улкан эканини кўрсатади.
Эътиборли жиҳати шундаки, халқ манфаати йўлидаги бундай бунёдкорлик ишлари келгусида ҳам давом эттирилади. Чунончи, Президентимизнинг маслаҳатларига кўра, ушбу кўприк атрофи аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариш масканига айлантирилади, йўл ва дарё бўйларида ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар кўпайтирилади, пировардида дарё соҳили ободонлаштирилиб, турли тадбирлар ўтадиган баҳаво ҳамда гавжум, одамлар қайиқ билан сузиб юрадиган сайрбоп гўша тусини олади. Энди ўзингиз айтинг: бу ишлар кўпи билан бир ярим йил ичида тугалланиши Қаршида яшовчи ҳар бир кишининг эртанги кунга бўлган ишончини янада ошириши муқаррар эмасми?
Шу билан бирга, нафақат Қарши шаҳрида, балки Шаҳрисабз ва бошқа ҳудудларда ҳам кўп қаватли уйлар қурилаётганидан дилингиз яйрайди. Нега деганда, бу биноларнинг биринчи қавати деворлари гранит билан қопланган бўлса, юқори қаватларида эса уларга замонавийлик  бахш этиш мақсадида чанг-ғуборни сездирмаслик ва иморатнинг асл қиёфасини сақлаш учун оқ мармардан фойдаланилган. Энг муҳими, мазкур уйларда яшовчи оилаларга зарур шарт-шароитлар яратилган.
Қисқача айтганда, мустақиллик йилларида бутун республикамизда мисли кўрилмаган қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир. Буларнинг барчаси, табиийки, тараққиётнинг “ўзбек модели” амалий самараларидир.


Январ ИНОЯТОВ,
«Нуроний» жамғармаси Қашқадарё вилояти
бўлими раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Табиат гултожи Нуронийлар шахмат клуби »