Табиат гултожи
  • 07 Июль 2015

Табиат гултожи

Инсон она-табиатга суянади, ундан чексиз илҳом ва куч-қувват олади. Бинобарин, у атроф-муҳитни асраб-авайлаш, унга оқилона муносабатда бўлишга масъулдир. Айни кунларда пойтахтимиздаги кўргазма залларида намойиш этилаётган асарларнинг туб мазмуни ҳам инсон ва табиат уйғунлигига бағишланган.

Хусусан, Тошкент фотосуратлар уйида санъатсеварлар эътиборига ҳавола этилаётган фотосуратларда юртимизнинг кенг дала ҳамда сўлим хиёбонлари, пойтахтимизнинг гўзал жамоли ўз ифодасини топган.
Айтайлик, Умида Абдураззоқованинг суратларида йилнинг тўрт фаслини кузатиш мумкин. Энг муҳими, уларнинг барчасида инсон табиатнинг гултожи эканлиги моҳирона тасвирланган. Шу билан бирга, жонажон Тошкентимизда кейинги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, ёшларимизнинг пухта илм олиб, жисмонан соғлом бўлиб камол топишларига хизмат қилаётган таълим муассасалари, спорт иншоотларига оид манзаралар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
— Фоторассом оний лаҳзаларни абадиятга муҳрлай билиши лозим, — дейди У. Абдураззоқова. — Асарларимга ана шу нуқтаи назар билан ёндашишга интиламан. Мазкур суратларда ҳам камалак жилолари, бепоён адирликлар ҳамда дов-дарахтларнинг ўзига хос тароватини ифодалашга ҳаракат қилдим.
Анна Чудинованинг расмларида қаҳратон қиш тасвирланса-да, томошабин ўзида гўё ёз тафтини сезади. Устоз мусаввир Владимир Жирновнинг фотоасарлари эса оддий ва самимийлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам уларни ҳамма бирдек тушунади ва бирдек завқ олади.
Таъкидлаш лозимки, пойтахт марказий кўргазмалар залларида намойиш этилаётган тасвирий ва фотоасарларнинг аксарият муаллифлари ёшлардир. Уларнинг ижодий ишларини кузатар экансиз, барчасида санъатга бўлган янгича қараш ҳамда интилишлар, нафис ва ёрқин чизгилар, шунингдек, композицион жозибага гувоҳ бўласиз. Бу каби ўзига ҳосликлар эса, табиийки, ёшларимизнинг улкан иқтидори, беқиёс салоҳиятидан далолат беради.


Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn