Муҳташам бинолар, замонавий кўприклар ва гўзал гулзорлар шаҳарларимиз кўркига кўрк бағишламоқда
  • 04 Июль 2015

Муҳташам бинолар, замонавий кўприклар ва гўзал гулзорлар шаҳарларимиз кўркига кўрк бағишламоқда

Халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти азал-азалдан дунё аҳлини лол қолдиргани рост. Сабаби, заминимизда барпо этилган тарихий обида ва иншоотлар ўзининг мураккаб меъморий ечими билан ҳанузгача етти иқлим одамларини ўзига оҳанрабодек маҳлиё этиб келмоқда.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Қўқон каби қадимий шаҳарларимиздаги тўрт мингдан зиёд осориатиқаларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳам бежиз эмас. Бу тарихимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.
Қувонарлиси, мустақиллик йилларида Президентимиз ташаббуси билан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига бўлган эътибор янада кучайтирилди. Натижада ўтган қисқа даврда мамлакатимиз қиёфаси тамомила ўзгариб, янгича чирой касб этди. Тарихий обидаларга уйғун тарзда кўплаб замонавий бинолар тикланди ва бу жараён изчил давом эттирилмоқда. Пойтахтимиз мисолида айтадиган бўлсак, кейинги йилларда барпо этилган “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи, “Маърифат маркази”, “Пойтахт” бизнес маркази, “Бунёдкор” спорт мажмуаси сингари кўплаб иншоотлар шаҳар кўркига ўзгача жозиба бағишлаб турибди.
Яқинда Тошкентда Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилгани эса бунёдкорлик салоҳиятимиз янада юксалиб, кўприксозликда бой тажриба тўпланганининг амалий тасдиғи бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Президентимиз бу муҳташам кўприк билан танишув чоғида таъкидлаганидек, авваллари бирор иншоот ёки кўприк қуриш керак бўлса, кимни ёрдамга чақиришни ўйлардик. Битта кўприк қуриш учун икки-уч йил вақт кетарди. Энди мамлакатимизда замонавий шаҳарсозлик, йўлсозлик тажрибаси тўла шаклланди, кўприксозлик соҳаси пайдо бўлди. Мана шундай замонавий, муҳташам кўприкни 8 ойда бунёд этганимиз республикамизнинг жадал ривожланиб бораётгани, халқимиз нақадар улкан ютуқ ва марраларга эришаётганини кўрсатади.
Дарҳақиқат, юртимиз кўприксозлари бунёдкорлик жабҳасида ҳеч кимдан кам эмасликларини намоён этишмоқда. Эни 26, кўприк қисми қарийб 500 метр, умумий узунлиги эса 942 метрга тенг бўлган бу замонавий мажмуа “ТошкентбошпланЛИТИ” ва “Боштранслойиҳа” институтлари лойиҳаси асосида “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик темир йўл компаниясига қарашли “Кўприкқурилиш” трестининг “13-кўприк қурилиш” отряди томонидан барпо қилинди.
Улкан кўприклар қуришга ихтисослаштирилган мазкур трест 2004 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК таркибига киритилган эди. Корхона жамоаси ўтган давр ичида тизимда олиб борилган қурилиш ишларида фаол иштирок этиб, бу борада етарли тажриба тўплади. Айниқса, Амударё узра иккита улкан кўприк, “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўли линиясида 42 та кўприк бунёд этилгани катта мактаб вазифасини ўтади. Бу эса янги кўприкни жуда қисқа вақт ичида сифатли қуриб битказишда қўл келди. Негаки, йўлсоз ва қурувчиларнинг ғайрат-шижоати билан асосий қурилиш ишлари олти ой ичида уддалангани кўпчиликнинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлаётир.
— Қўлга киритилган бу муваффақиятнинг кўплаб омиллари бор, — дейди “Кўприкқурилиш” трестининг бошқарувчиси Зафар Маҳаматов. — Шулар ҳақида тўхталганда, энг аввало, мамлакатимизда қурилиш ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хорижнинг энг замонавий техника ва ускуналари билан таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бизнинг корхонамиз ҳам кейинги йилларда энг сўнгги русумдаги оғир юк кўтариш автокранлари, бурғилаш мосламалари, автобетон насослари, юк машиналари, мобиль бетон заводлари билан тўлиқ таъминланди. Қолаверса, ишчи-ходимлар малакаси муттасил равишда оширилаётгани боис улар ушбу воситаларни технологик жараёнларда бемалол қўллаш лаёқатига эга бўлишмоқда.
Бугунги кунда корхона тасарруфида 300 дан ортиқ автотранспорт ва махсус қурилиш техникалари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти хорижнинг энг сўнгги русумдаги машиналаридир. Бу ишчи кучига эҳтиёжни камайтириб, бурғилаш, оғир темир-бетон конструкцияларини монтаж қилиш каби ишларни тез бажариш имконини бераяпти. Муҳандислик ечимига кўра, мураккаб бўлган мазкур йўл ўтказгичи қурилишига 450-480 киши жалб этилгани бунинг тасдиғидир.  
Лойиҳага кўра, кўприкнинг асосий эстакада қисми олтита оралиқдаги 24 метрли тўсинлардан ташкил топган бўлиб, уларнинг пойдевори 324 дона призматик ва 142 дона бурғилаш йўли билан ўрнатилган қозиқдан иборат. Уларни жойлаштиришда тажрибали машинист Дониёр Ҳамдамовнинг хизмати, айниқса, катта бўлди.
— Кўп йиллардан буён шу соҳада меҳнат қилиб келаяпман, — дейди у. — Бугунги кунда биз, қурувчилар учун яратилган шароитни аввалгилари билан асло таққослаб бўлмайди. Ўз фаолиятим мисолида айтадиган бўлсам, илгари бошқарган бурғилаш мосламасида битта қозиқ ўрнатиш учун бир нечта қўшимча хизмат кўрсатиш техникаси, 10-12 нафар ишчи ва механизатор ёрдамига эҳтиёж сезар эдик. Шунда ҳам ҳар бир қозиқ 9-10 кун давомида қоқиб бўлинар эди. Энди-чи? “Либхер” бурғилаш мосламаси ёрдамида бу юмушни бажариш учун 2-3 киши кўмагида бир кун кифоя қилади, холос.
Олти қаторли автомобиллар ҳаракатига мўлжалланган ушбу кўприк қурилишида зарур бўладиган қурилиш материаллари, темир-бетон конструкцияларининг барчаси ўзимизда ишлаб чиқарилгани диққатга сазовор. Қолаверса, бетон қоришмаларини тайёрлашда замонавий технология ва қўшимчалардан унумли фойдаланилди. Бу, ўз навбатида, қурилиш жараёнида заруратга қараб, бетонни тез қотириш ёки мазкур жараённи секинлаштириш имкониятини яратди. Буларнинг ҳаммаси пировардида иншоотнинг мустаҳкам барпо этилишини таъминлади. 
— Корхонамизга замонавий кранлар келтирилгани иш унумдорлигини оширади, — дейди тажрибали машинист Рустам Норбоев. — Негаки, улар ёрдамида бирваракайига илгаригидек 25-40 тонна эмас, балки 160-180 тонна юк кўтариш, 2-3 та операцияни бажариш мумкин. Шу боис ҳар бирининг узунлиги 24 метрга тенг тўсинларни 7,5 метр баландликка жойлаштириб, халқимизнинг оғирини енгил қилишга муваффақ бўлдик.
Очиғи, бу чорраҳада иккита катта кўчанинг кесишиши оқибатида тирбандлик юзага келаётган эди. Бу эса ҳайдовчи ва йўловчиларнинг қимматли вақти йўқотилиши баробарида, ёнилғи сарфи ортиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўларди. Янги мажмуа қурилиши туфайли бундай муаммолар ўзининг ижобий ечимини топди.
Гап шундаки, Себзор кўчасининг ўтказувчанлик имконияти соатига 3200 автомобилдан 9800 тага етказилди. Бундан ташқари, Абдулла Қодирий кўчасида ҳам автомобиллар қатнови 2400 тадан 5600 тага кўпайди. Натижада чорраҳадаги тирбандлик бартараф этилиб, Нурафшон, Абай, Олмазор, Зулфияхоним, Қорасарой, Сағбон, Зарқайнар, Навоий, Сақичмон кўчаларида қатновнинг равонланишига замин яратилди.
Эътиборлиси, кўприкка ҳамоҳанг унинг икки томонида узунлиги 102 ва 111 метрлик иккита пиёдалар ер усти, шунингдек, битта ер ости ўтиш йўлаги барпо этилди. Ўзида қурувчиликнинг замонавий намуналарини мужассам этган бу иншоотларда одамлар учун барча қулайлик яратилгани шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига манзур бўлмоқда. Хусусан, ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари, чиқиб-тушиш учун зинапоядан ташқари, эскалаторлар ҳам ўрнатилган. Ушбу эскалаторлар очиқ жойларда ишлатишга мўлжалланган бўлиб, соатига 6700 нафар йўловчини ўтказиш қувватига эга.
Соҳа мутахассисларининг айтишича, ер усти пиёдалар ўтиш йўлагининг афзал жиҳатлари кўп. Аввало, уларни қуриш чоғида ер ости муҳандислик коммуникацияларини кўчиришга ҳожат йўқлиги туфайли тез амалга оширилади ҳамда қиймати нисбатан арзон.
Мухтасар айтганда, бугун шаҳар марказидаги мазкур мажмуада яратилган шарт-шароитлар, жумладан, ландшафт дизайни, гўзал фавворалар, анвойи гуллар, райҳонлар ва манзарали дарахтлар унга зеб бериб, янада кўркам қиёфа касб этганки, бу халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳиятидан дарак бериб турибди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn