Юридик хизмат фаолияти такомиллаштирилмоқда
  • 04 Июль 2015

Юридик хизмат фаолияти такомиллаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат ва хўжалик бошқаруви, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Тадбирда сўнгги йилларда давлат органларида юридик хизматни  ривожлантириш, улар фаолиятига услубий ёрдам кўрсатиш, шу орқали қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиб келинаётгани таъкидланди. Соҳага оид қабул қилинган қарорларда юридик хизмат ходимларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни аттестациядан ўтказиш, малакасини ошириш тартиби белгиланган бўлиб, ўз навбатида, Адлия вазирлиги унинг ижросига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Эътироф этилганидек, шу кунгача адлия органлари томонидан юридик хизматга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўнлаб идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Мазкур тизим ходимларининг доимий равишда янгиланиб турадиган маълумотлар базаси яратилган. Унга дахлдор юридик адабиётлар кўп нусхада чоп этилиб, давлат органларига тарқатилди. Юридик хизмат ходимларини ўқитиш ва касбий билимлари даражасини аниқлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилаётир. Жумладан, қарийб 850 нафар юристларнинг малакаси оширилиб, салкам 1000 нафари аттестациядан ўтказилди.
Анжуманда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги қарори билан эндиликда юридик хизматлар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан амалдаги тартиб-таомилларга бир қатор ўзгартиришлар киритилаётгани қайд этилди. Хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги юристларнинг штат бирликларини қисқартириш ёхуд бошқа таркибий бўлинмаларга қайта тақсимлашга йўл қўйилмайди. Ушбу хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар белгиланган тартибда адлия органларида малака оширадилар. Юридик хизмат раҳбари лавозимига қабул қилиш тартиблари ҳам соддалаштирилди.
Тадбир давомида иштирокчилар юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш, тизимни салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш, ходимлар билим ва амалий кўникмаларини оширишда зарур бўладиган маълумотлар билан яқиндан танишдилар.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn