Сайёҳлар тинч ва обод манзилларга интилади
  • 04 Июль 2015

Сайёҳлар тинч ва обод манзилларга интилади

Мамлакатимизга сайёҳлар келиши сўнгги уч йил ичида 30 фоиз кўпайди. Ўз навбатида, туризм экспорти ҳам уч баробар ошди.

“Ўзбектуризм” Миллий компанияси томонидан куни кеча тақдим этилган ушбу хабар ҳар бир юртдошимизга юксак ғурур, чексиз фахр бағишлаши, шубҳасиз.
Маълумки, туризм — иқтисодиётнинг юқори даромад келтирадиган тармоқларидан бири. Мазкур соҳа дунё мамлакатлари ва халқларининг маданият борасидаги амалий мулоқотида ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда. Айни пайтда дунёда 235 миллиондан ортиқ киши ушбу соҳада меҳнат қилаётир. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда сайёҳлар оқими ҳар йили 4-5 фоиз кўпаймоқда.
Ўзбекистон сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бинобарин, Президентимиз раҳнамолигида туризм саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Юртимизнинг фусункор табиати, бой тарихи ва маданияти, бетакрор қадрияту анъаналари ҳамда муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ва серфайз гўшалари жаҳон сайёҳларини тобора ўзига ром этаяпти.
Мамлакатимизда қарор топган мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳити, ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари, юксак сифатли хизмат уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай имконият яратмоқда. Бу Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сафининг муттасил кенгайиши, ички туризмнинг ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилаётир.
Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий обидалари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторидан жой олган. Мамлакатимизда етти мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Сайёҳлик инфратузилмасининг барча тармоғини изчил ривожлантириш мақсадида янги-янги замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, аэропортлар ва транспорт коммуникациялари барпо этилмоқда, янги сайёҳлик маршрутлари ишлаб чиқилмоқда, сервис хизмати тубдан яхшиланаётир.
Умуман олганда, туризм йўналишидаги салоҳият ва имкониятимизни чет элларда оммалаштириш, сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида мамлакатимиз сайёҳлик ташкилотлари соҳага доир йирик халқаро кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб келишаяпти.
Яна бир муҳим томони, барча ҳудудларда сайёҳликни ривожлантиришга доир манзилли дастурлар, экотуризм, альпинизм, отда, туяда, автомобилда саёҳат қилиш, off-road саёҳатлари, балиқ ови, рафтинг, геотуризм, маданий-маърифий туризм каби янги дастурлар амалга оширилаётгани ўз самараларини бераётир.
Айтиш керакки, соҳанинг ҳуқуқий асослари ҳам изчил такомиллаштирилиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туризм ва туристик инфратузилмани ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, миллий туристик хизматларни халқаро сайёҳлик бозорларига фаол киритишда муҳим дастуриламал бўлаяпти.
Ўзбекистон 1993 йилдан буён Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг аъзосидир. Самарқандда Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Буюк Ипак йўлидаги минтақавий маркази 2004 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. 2014 йилнинг 1-3 октябрь кунлари эса Самарқанд шаҳрида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси ўтказилди. Мазкур халқаро форумнинг очилиш маросимида Президентимиз Ислом Каримов иштирок этиб, нутқ сўзлагани мамлакатимизнинг ушбу нуфузли ташкилот билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари нақадар мустаҳкам асосга эга эканлигининг амалий ифодасидир.
Мухтасар айтганда, сайёҳликни ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалий саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг улкан салоҳиятга эга мамлакат эканини жаҳон миқёсида кенг намойиш қилиш имконини беради.

Омонулла ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn