«Uzbekistan Profile» — европалик ўқувчилар учун янги нашр
  • 04 Июль 2015

«Uzbekistan Profile» — европалик ўқувчилар учун янги нашр

Бельгияда “Uzbekistan Profile” номли янги ойлик ахборот бюллетени нашрдан чиқа бошлади. Мамлакатимизнинг Брюсселдаги элчихонаси томонидан чоп этиладиган ушбу нашрда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳақидаги хабар-мақолалар мунтазам равишда европалик ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинади.

Инглиз тилида чиқа бошлаган “Uzbekistan Profile” Европанинг сиёсий, ишбилармон, эксперт ва жамоатчилик доиралари, Европа Иттифоқи институтлари, Европарламент, НАТО вакиллари ҳамда Брюсселда аккредитациядан ўтган бошқа халқаро ташкилотлар ўртасида тарқатилади.
Мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти ҳақида ҳикоя қиладиган қатор хабар-мақолалар мазкур нашрнинг биринчи сони саҳифаларидан жой олди.
Жумладан, “Сиёсат” рукни остида Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи, “Ўзбекистон — Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг 12-йиғилиши якунлари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг Ислом конференцияси ташкилоти Вазирлар кенгашининг 42-сессиясидаги иштирокига оид хабар-мақолалар ўз ифодасини топган.
“Uzbekistan Profile”нинг мазкур сонида давлат ва жамиятни демократлаштириш жараёнларига бағишланган халқаро конференцияларга оид материаллар ҳам эълон қилинган. Жумладан, “Самарали парламент назорати — тараққиётнинг муҳим омили” ҳамда “Оммавий ахборот воситалари эркинлиги — сўз ва ахборот эркинлигининг кафолати” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолаларда ОАВни либераллаштириш ва давлат бошқарувида парламентнинг ўрнини ошириш бўйича мамлакатимиз пойтахтида халқаро экспертлар иштирокида бўлиб ўтган муҳокамалар мавзуи қаламга олинган.      
2015 йил Ўзбекистонда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани тўғрисидаги мақола нашрнинг ижтимоий масалаларга бағишланган бўлими саҳифасидан жой олган. Унда мамлакатимизда кекса авлод вакилларига ҳар томонлама ижтимоий ёрдам кўрсатилиши юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ана шу мақсадга йўналтирилган тегишли Давлат дастурининг муваффақиятли равишда ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳақида ҳикоя қилинади.
Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишга доир Иккинчи миллий ҳисоботнинг тақдимоти ҳақидаги мақолада эса ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилиши бўйича республикамизда эришилган ютуқлар атрофлича қаламга олинган. Унда Ўзбекистоннинг 2000 — 2013 йиллар давомидаги тараққиётига оид маълумотлар ўз аксини топган.  
Хусусий мулкнинг ишончли муҳофазаси, кичик бизнес ва тадбиркорлик тараққиёти, бу жабҳани ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, республикамизнинг нуфузли халқаро кўргазмалардаги иштирокига оид материаллар нашрнинг “Иқтисодий ҳаёт янгиликлари” бўлимидан жой олган.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn