Маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда маслаҳатчиларнинг ўрни
  • 03 Июль 2015

Маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда маслаҳатчиларнинг ўрни

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини — маҳалла институтининг соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда мустаҳкамлаш, жамиятда аҳиллик ва тотувликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш каби бир қатор йўналишлардаги вазифаларни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Айниқса, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан маҳаллаларда миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, аҳоли, аввало, ёшларнинг қизиқишлари ҳамда манфаатларини муҳофаза қилиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда маҳалланинг иштирокини кенгайтириш ва нуфузини янада ошириш, фаолиятларига оид қонун ҳужжатлари ижросини бажариш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги Фармони асосида ҳудудида камида 500 оила яшайдиган маҳаллаларда ҳамда таркибида маҳаллалар ташкил қилинмаган посёлка, қишлоқ ва овулларда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилганига бу йил 11 йил тўлди.
Ушбу лавозимларга ҳаёт тажрибасига эга, аҳолига, биринчи навбатда, ёшларга соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ибратли миллий-диний анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш масалаларида ижобий таъсир ўтказа оладиган обрўли, фаол хотин-қизлар тайинлангани, айни пайтда 8,5 мингдан ортиқ маслаҳатчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда иштирок этиб, самарали ва изчил фаолият юритаётгани эътиборга молик.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди маълумотларига кўра, биргина, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳалла маслаҳатчилари томонидан 4 миллионга яқин оилаларнинг ижтимоий-маънавий ҳолати ўрганилиб, 130 мингга яқинига тиббий ёрдам кўрсатилишига, 105 мингдан зиёд фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашилган.
Шу билан бирга, маҳаллаларда эрта никоҳ, оила муносабатларини тартибга солиш, ёш оилалар ўртасида ажралиш ҳолатларининг олдини олиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича 76 мингга яқин тарғибот тадбири ташкил қилинди. Бу, ўз навбатида, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришда долзарб аҳамият касб этмоқда. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада яхшилаш орқали ўқувчилар давомати ва бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан ота-оналар ўртасида жами 52 мингга яқин тадбир ва учрашувлар ўтказилди. Тиббиёт муассасалари вакиллари билан биргаликда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича 18 мингга яқин оила қурувчилар билан саломатлик йўналишида тушунтириш ишлари олиб борилиб, 75 мингдан ортиқ ёш оилаларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланди.
Албатта, бу рақамлар маҳалла маслаҳатчиларининг ўз ишига масъулият билан ёндашаётгани ва бу йўлда астойдил меҳнат қилаётгани маҳсули, десак, асло муболаға бўлмайди. Бинобарин, ана шундай хайрли ишларга бош-қош бўлаётган диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолияти муносиб рағбатлантирилмоқда. Президентимиз Фармонига биноан охирги 5 йил давомида юзга яқин маслаҳатчилар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани бунинг амалий ифодасидир.
Маълумки, мамлакатимизда ҳар йили маҳалла маслаҳатчилари томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни ўрганиш, уларни муносиб тақдирлаш ҳамда бу борадаги илғор иш тажрибаларини кенг оммалаштириш мақсадида “Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танлови катта тайёргарлик асосида ўтказилади.
Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган танловнинг туман, шаҳар босқичлари, июнь ойида эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар саралаш босқичларида 8,5 мингдан ортиқ маслаҳатчилар қатнашиб, юксак билим ва тажрибаларини намойиш этишди.
Шу ўринда мазкур танловларнинг аҳамиятига эътибор қаратадиган бўлсак, таъкидлаш жоизки, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар учун бу тадбир катта маҳорат синовидир. Зеро, бу уларнинг ҳудудда амалга ошираётган ишлари, эришган ютуқлари, намунали иш тажрибаларини оммалаштиришга, шу билан бирга, бошқаларнинг ҳам янада самарали фаолият юритишларида муҳим омил ҳисобланади.
Бинобарин, бугунги кунда долзарб масалалардан бири, бу — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маслаҳатчилар фаолиятига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш ҳамда тарғиботини мунтазам олиб бориш ҳисобланади. Негаки, ҳаётда учрайдиган турли масалалар, муаммоларнинг ечимини топишда қонун ҳужжатларини чуқур билиш тақозо этилади. Шу боис ҳозирги вақтда маҳалла маслаҳатчиларининг фаол, ҳаётий тажрибаларга бой, шу билан бирга, ҳуқуқий маданияти юксак, етук салоҳиятли, мушоҳадали бўлиши ҳам давр талабидир. Бу эса ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, аҳоли манфаатларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришга имкон беради.
Умуман олганда, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг оила институтини янада мустаҳкамлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, фуқаролар йиғинлари ҳудудида аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, жамиятда маҳалла институтининг ўрни ва нуфузини янада юксалтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш юртимизда ушбу ноёб тузилманинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини оширишга хизмат қилади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, келгуси ҳафтада Бухоро шаҳрида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ички ишлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда “Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтади. Танлов, шак-шубҳасиз, маҳалла институтининг жамиятимиз ҳаётидаги нуфузи, аҳамияти янада ошиб бораётганининг ифодаси бўлади, маслаҳатчиларнинг илғор тажрибаларини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn