Инсон бахт учун дунёга келади
  • 03 Июль 2015

Инсон бахт учун дунёга келади

Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудуди қатори Қашқадарё вилоятида ҳам беқиёс ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Воҳада қад ростлаётган ижтимоий инфратузилма объектлари, муҳташам иншоотлар, таълим масканлари, шинам тураржойлар, соя-салқин хиёбонлар, кенг ва равон йўллар, замонавий кўприклар аҳоли турмушига янгича мазмун ҳамда фаровонлик бахш этаяпти.

Куни кеча Президентимиз вилоятимизга ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш асносида бу борада келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан ўзининг қимматли тавсия ҳамда кўрсатмаларини берди. Айниқса, давлатимиз раҳбари бунёдкорлик ишларига бутун қалб қўрини бағишламоқ кераклигини таъкидлаганларида, тўғриси, барчамиз тўлқинланиб кетдик.
Дарҳақиқат, айни пайтда қашқадарёликлар ана шу эзгу даъватга жавоб тариқасида, ўз уйини, кўчасини, маҳалласини обод қилишга киришган.
Юртбошимиз сафар давомида бизнинг фермер хўжалигимизда ҳам бўлиб, камтарона меҳнатимизга юқори баҳо бердилар. Мамлакатимиз фермер ва деҳқонлари томонидан ҳар йили 8 миллион тоннадан зиёд ғалла етиштирилаётир. Мана шундай улкан хирмонни бунёд этишда хўжалигимизнинг 32 кишилик жамоаси ҳам ўз ҳиссасини қўшаётганидан ниҳоятда мамнун. Фермер хўжалигимиз тасарруфида 170 гектар ер мавжуд бўлса, шундан 82 гектарида ғўза парваришланаяпти. 67 гектар майдондан эса “Яксарт” навли уруғлик ғалла йиғиштириб олдик.
Ҳосилдорлик гектар ҳисобига ўртача 40 центнердан ошди. Бундан ташқари, ихтиёримиздаги иккита замонавий ҳайдов ва чопиқ тракторидан унумли фойдаланилаётгани ишимиз самарадорлигини оширмоқда. Чорвачилик фермамизда эса 50 га яқин зотдор қорамол боқилаяпти.
Демоқчиманки, биз, қишлоқ мулкдорлари қўлга киритаётган ютуқлар замирида, албатта, давлатимизнинг катта эътибори мужассам. Бинобарин, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитларнинг узлуксиз дала бошига етказилаётгани, зарур бўлса, банклар томонидан молиявий ёрдам кўрсатилаётгани фермернинг ўз иши билан эркин ва хотиржам шуғулланишига кенг имконият яратаётир.
Энг муҳими, Президентимиз қайд этганидек, инсон бахт учун дунёга келади. Шу маънода айтганда, меҳнатимиз туфайли турмуш шароитларимизни янада яхшилаб, муносиб ҳаёт кечирмоқдамиз. Топган даромадимизни эса фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига сарфлаб, тўю томошалар қилаяпмиз, санаторийларда дам олаяпмиз. Маҳалламиз, юртимиз янада обод бўлишига баҳоли қудрат ҳисса қўшишга астойдил интилмоқдамиз.
Ишончимиз комилки, давлатимиз раҳбарининг учрашувда билдирган таклиф ва тавсиялари истиқболда пухта ҳамда пишиқ режаларни ишлаб чиқишда, фермер хўжалигимизнинг фаолият кўламини кенгайтиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилаверади.

Шомурод СУЛТОНОВ,
«Камол Султон» фермер хўжалиги раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn