Бунёдкорлик шижоати обод манзиллар жамолида яққол акс этмоқда
  • 03 Июль 2015

Бунёдкорлик шижоати обод манзиллар жамолида яққол акс этмоқда

Бунёдкорлик — халқимизга хос фазилатлардан. Қадимий обидалардан тортиб, мустақиллик йилларида барпо этилаётган улкан иншоотлар, равон йўллар ва маҳобатли кўприклар, шунингдек, кўркам тураржойлар, ижтимоий соҳа объектлари, сўлим боғу хиёбонлар — буларнинг барчаси халқимиз ақл-идроки, куч-қудрати ва бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин ифодасидир.

Энг муҳими, бугунги асрий ўзгаришлар палласида юрт ободлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшишдек эзгу мақсад ҳар бир юртдошимизнинг орзу-интилишларида акс этаётир. Айниқса, мазкур жараёнда давлатимизнинг катта эътибори ва ғамхўрлигида униб-ўсаётган шижоатли ёшларимиз етакчи куч бўлиб майдонга чиқаётгани таҳсинга сазовор. Чунончи, бундай фидойилик ва дахлдорлик ҳиссини ёзги таътил пайтида жойларда фаолият олиб бораётган “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати мисолида ҳам кузатиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, “Камолот” ЁИҲ томонидан амалга оширилган ушбу анъанавий лойиҳа олий таълим муассасалари талабалари ва коллеж ўқувчиларининг бўш вақтларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ ва маҳаллаларда вақтинча ишсиз бўлган йигит-қизларнинг бандлигини таъминлашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, шу кунларда Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларида  фаолият юритаётган 39 та ана шундай меҳнат гуруҳи 700 нафарга яқин йигит-қизларни ўз сафига бирлаштирган. Улардан қарийб 400 нафари ижтимоий муассасаларда олиб борилаётган таъмирлаш ва реконструкция ишларига жалб этилган бўлса, 180 нафардан ортиғи қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қурилишида қатнашмоқда. Шунингдек, яна бир нечта гуруҳлар аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, таълим-тарбия соҳаларида ёрдамлашаётир.
— Бундай гуруҳларга кўнгилли тарзда аъзо бўлинмоқда, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси ўринбосари Мирзобек Тошбоев. — Улар иш тури ва шарт-шароитдан келиб чиқиб, махсус кийим-бош, бажарилаётган ҳажм ва кўламга қараб маош, шунингдек, тураржой, тиббий хизмат ва иссиқ овқат билан таъминланаяпти. Меҳнат объектини танлашда унинг хавфсизлиги, ёшлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатмаслиги, юқори даражада жисмоний куч талаб этмаслиги каби жиҳатлар ҳам назарда тутилган. Ўтган вақт мобайнида мазкур лойиҳа йигит-қизларимиз ҳаётига чуқур кириб, уларни юрт равнақи йўлида янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундамоқда. “Бунёдкор”чиларимиз сафи шу кунларда тобора кенгайиб бораётгани бунинг тасдиғидир.
Янгийўл туманидаги 60-умумтаълим мактаби жорий йил давлат манзилли дастури асосида капитал таъмирдан чиқарилмоқда. “ўайрат-Жўра” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари 680 ўринли мазкур муассасани янги ўқув йилигача замонавий қиёфага келтириш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этаётир. Бу ерда туман ёшларидан иборат “Бунёдкор” меҳнат ҳаракатининг 15 нафар аъзоси қурувчиларга кўмаклашиш баробарида, таътил вақтида маълум миқдорда даромад ҳам топаяпти.
— Болаликдан қурувчи бўлишни орзу қилган эдим, ҳозирги кунда худди шу йўналишда таҳсил олаяпман, — дейди тумандаги қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Темур Абдужабборов. — Танлаган соҳам бўйича тажриба ва малака эгаллашимда ёшлар меҳнат ҳаракати сафига қўшилганим айни муддао бўлди. Ҳам бўш вақтимдан унумли фойдаланаяпман, ҳам оиламга наф келтираяпман. Муҳими, ўз меҳнатим билан юртимиз ободлигига ҳисса қўшмоқдаман.
Яхши дам — меҳнатга ҳамдам. Меҳнат гуруҳларида ҳам белгиланган режа асосида маданий-маърифий тадбирлар, мароқли учрашув ва мулоқотлар ташкил этиш, қизиқарли танлов ҳамда викториналар ўтказиш кўзда тутилган.
“Бунёдкор” ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, овқатланиши, эҳтиёж туғилганида, тиббий хизматдан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад уларнинг меҳнатга лаёқатини рағбатлантириш, замонавий билимларини ошириш ва маънавий дунёқарашини кенгайтиришдан иборат.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.  

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn