Истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсоли
  • 02 Июль 2015

Истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсоли

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Бинобарин, “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” деган эзгу ғоя асосида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирларнинг барчаси аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган.

Бу эса шу азиз Ватанимизда яшаётган ҳар бир кишини ғурурлантиради, уни янгидан-янги марраларни забт этишга ундайди. Шунинг учун бўлса керак, юртдошларимиз бугунги дориламон кунлар, тинч ва осуда турмушимиз мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат маҳсули эканлигини теран англаб етди ва шу боис рўй бераётган беқиёс ўзгаришларга дахлдорлик ҳамда масъулият туйғуси билан ёндашмоқда.
Айтиш жоизки, юртнинг омонлиги, фарзандларимиз саодати йўлидаги  ислоҳотлар ҳамда Ватан тимсоллари миллий ғуруримизни юксалтириш, она-диёримизга нисбатан муҳаббат ва садоқатимизни кучайтириш, порлоқ келажагимизни бунёд этишга бўлган ғайрат-шижоатимизни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
Хусусан, бугун инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида муҳофаза этадиган Конституциямизга, дунёнинг барча ҳудудидаги элчихоналаримиз пештоқида юксак ҳилпираётган байроғимизга, давлат идоралари, олий ўқув юртлари ва бошқа иншоотларнинг олд томонига ўрнатилган, қонун ҳужжатлари асосида ташкилотларнинг муҳрлари ҳамда ҳужжат бланкаларига тасвири туширилган гербимизга, халқаро спорт ареналари узра юртдошларимиз ғалабаси шарафига баралла янграйди-
ган мадҳиямизга эгамиз.
Уларда халқимизнинг маънавий-маданий мероси, тарихи, урф-одат ва анъаналари, орзу-умидлари, эзгу мақсадлари мужассам. Давлат рамзлари ҳар биримиз учун тақдиримиз, бахтимиз ифодаси, эркин ва обод Ватанимизнинг муқаддас тимсоли сифатида, айниқса, эъзозлидир.
Биласиз, 1992 йилнинг 2 июлида “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга биноан, гербимиз тасвири Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, ҳокимликлар, давлат қўмиталари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари бинолари, хорижий мамлакатлардаги дипломатия ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасалари пештоқига ўрнатилган.
Герб тасвири давлат идораларининг муҳр ва сарварақларида, расмий нашрларда, миллий пул, қимматли қоғозлар ва облигацияларда, почта маркаларида, фуқаролик паспортида ҳам акс эттирилган. Юртимиз давлат чегараларида барпо қилинган салобатли дарвозаларнинг энг юқорисида қўр тўкиб турган Давлат герби барчамизга чексиз фахр бағишлайди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербида халқимиз тарихи, орзу-истакларимиз, қадриятларимиз, турмуш тарзимиз, шу билан бирга, жаннатмонанд юртимизнинг гўзал табиати ўз ифодасини топган. Ундаги ҳар бир ранг, ҳар бир белгида теран маъно мужассам. Масалан, қуёшнинг заррин нури остида товланаётган олтин водий серқуёш заминимиз, нурафшон ўлкамизни ифодалайди. Асрларга тенгдош пурвиқор тоғлар оралаб оқаётган серсув дарёлар эса элимиз кўзлаган сарбаланд марралардан, ризқ-рўзи бутун халқимизнинг фаровон турмушидан далолат беради. Гербнинг юқори қисмидан жой олган, олтин зарҳал билан ҳошияланган саккизбурчак ичидаги мовий осмонда нур таратаётган яримой ва юлдуз тасвири миллий анъана ҳамда қадриятларимизнинг боқийлигига, юксак маънавиятимиз, мустаҳкам ирода ва эътиқодимизга, шунинг баробарида, ойдин орзуларимиз ва пок ниятимизга ишорадир.
Чамбар ичида чаноқлари қийғос очилган ғўза шохлари ҳамда мўл-кўл буғдой бошоқлари тасвирланган. Азалдан маълумки, пахта ва ғалла фаровонлик, ризқ-рўз ва барака рамзи ҳисобланади. Қолаверса, бу она-юртимизда қадимдан деҳқончилик маданияти тараққий топгани, мамлакатимизнинг бугунги иқтисодий салоҳиятини билдиради.
Гербимиз марказида бахт, эрксеварлик, ҳиммат ва олижаноблик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қушининг қанотларини кенг ёзиб, кўкка парвоз қилишга шайланиб тургани ифодаланган. Давлатимиз гербининг пастки қисмида, байроғимизни ифодаловчи чамбар бандига барчамиз учун азиз ва муқаддас бўлган “Ўзбекистон” сўзи битилган.
Мухтасар айтганда, бошқа давлат рамзларимиз сингари герб ҳам халқимизнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этган. Шу боис у ўзини шу юрт фарзанди деб билган, қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон, дея жонажон Ватанимизнинг ҳар бир дадил одимидан ғурурланувчи юртдошларимиз учун чексиз ифтихор манбаи бўлиб қолаверади.


О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn