Оммавий ахборот воситалари равнақи ва устувор вазифалар
  • 02 Июль 2015

Оммавий ахборот воситалари равнақи ва устувор вазифалар

Истиқлол йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бунинг учун мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос барпо этилди.

Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими яратилди. Бу эса оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ҳар бир ижодкорни давр нафаси билан яшаб, кенг жамоатчиликни бунёдкорлик сари руҳлантиришга, ислоҳотлар моҳиятини англашга ундовчи шахс сифатида  жамият ҳаётининг фаол, илғор фикрли вакилига айланишида муҳим аҳамият касб этди.
Бундай юксак масъулият ижтимоий-иқтисодий турмушнинг барча жабҳаларидаги янгиланишларга  дахлдор бўлиш, жамият ҳаётидаги ютуқ ва камчиликларни ўз вақтида кенг омма ихтиёрига ҳавола қилиш ва уларда маълум ижтимоий муносабатни шакллантиришни талаб этади.
Зеро, давлатимиз раҳбари яқинда матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакилларига йўллаган байрам табригида “Ўз-ўзидан равшанки, бугун биз яшаётган янги давр, янгича ижтимоий муносабатлар оммавий ахборот воситаларининг олдига тез суръатлар билан ўзгариб, ривожланиб бораётган жамиятимизнинг талабларига ҳар томонлама муносиб бўлиш, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, уларни кун тартибига қўйиб, жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда”, дея таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида, Президентимиз журналистларга қилаётган ҳар бир мурожаатида айни шу мураккаб ва қалтис замонда дунёда, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни чуқур идрок этиш, уларнинг туб моҳиятига етиб бориш учун, аввало, одамларда мустақил фикрлаш ва яна бир бор мустақил фикрлашни шакллантириш талаб қилинишига алоҳида тўхталмоқдалар.
Буларнинг барчаси оммавий ахборот воситалари вакиллари олдига янада шарафли вазифани қўймоқда. Сир эмаски, турли ғоя ва мафкуралар, манфаатлар кураши кескинлашиб, “оммавий маданият” ва бошқа таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги даврда ахборот ҳал қилувчи омилга айланаяпти. Шундай пайтда фуқароларда оқни қорадан, холисни нохолисдан ажратиш салоҳияти, маънавий-маърифий иммунитетни мустаҳкамлаш айни заруратдир. Бунда оммавий ахборот воситаларининг роли ва ўрнини кучайтириш ҳар қачонгидан кўра муҳим бўлиб бормоқда.
Юртимизда бунинг учун барча имконият мавжуд. Зеро, юқорида айтиб ўтганимиздек, республикамизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга доир босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мазкур йўналишда ўндан ортиқ қонунлар қабул қилиниб, соҳадаги қатор тармоқлар негизида журналистларнинг профессионал фаолияти учун зарур қулайликлар яратилаяпти. Хусусан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунларда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш белгилаб қўйилди.
Кейинги йилларда ОАВнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага бозор механизмларини жорий этиш ва эркин ахборот майдонини ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилаётир. Боиси, бозор иқтисодиёти шароитида жамиятга холис, тезкор, шаффоф ахборотларни етказишга, асосан, иқтисодий эркин бўлган оммавий ахборот воситасигина қодир бўлади.
Юртбошимиз йўллаган табригида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тобора чуқур ўрин эгаллаб бораётган миллий журналистикамиз истиқболи ҳақида ҳам фикр билдириб, жумладан, шундай дейди: “Биз ўз олдимизга дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига киришдек улкан ва шарафли вазифани қўйган эканмиз, мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги кескин рақобатга ҳар томонлама қодир бўлишини бундай юксак маррага эришишнинг асосий шарти ва гарови сифатида кўрамиз. Шу маънода, миллий журналистикамиз халқаро медиа маконида ўзининг муносиб ва мустаҳкам ўрнини эгаллаши бугунги кунда энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда”. Кўриниб турибдики, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимларининг ижтимоий мақомини юксалтириш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бўлиб, бу борадаги чора-тадбирлар бундан буён ҳам изчил амалга оширилади.
Бинобарин, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, депутатлар томонидан жабҳага оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш, тегишли қонунчилик ҳужжатлари устидан парламент назорати институтини янада самарали рўёбга чиқариш бўйича аниқ белгиланган режа асосида ишлар олиб борилаяпти. Хусусан, бу соҳада жаҳон тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Қолаверса, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Қонуннинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида ижро этилиши назорат-таҳлил асосида ўрганилиши назарда тутилаяпти. Айни пайтда Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазирининг Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот коммуникация тизимини ривожлантиришнинг кенг кўламли дастурини амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги ахборотини эшитиш мақсад қилинган. Буларнинг барчаси соҳага доир қонунчилик ҳужжатларини янада маромига етказиш, уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилган амалий таклифлар ҳамда тавсиялар олишда катта роль ўйнайди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти стратегиясида ахборотлашган жамият бунёд этиш, уни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Бундай истиқболли вазифаларнинг амалга оширилиши илғор демократик ҳуқуқий давлат қуриш, кучли фуқаролик жамиятини равнақ топтириш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада юксалтиришга қаратилган эзгу мақсадларимиз рўёбига хизмат қилиши, шубҳасиздир.


Расул КУШЕРБАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ахборот ва коммуникация технологиялари
масалалари қўмитаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn