Интерфаол хизматлар суғурта ишини ташкил этишда қўл келмоқда
  • 02 Июль 2015

Интерфаол хизматлар суғурта ишини ташкил этишда қўл келмоқда

Иқтисодиёт ривожида суғурта хизматларининг ўзига хос ўрни бор. Шу боис мамлакатимизда ушбу йўналишдаги ишларга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида суғурта хизматлари нафақат аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ёки ишбилармонлар фаолиятини рағбатлантириш, балки иқтисодиётни инвестицион жиҳатдан фаоллаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этаяпти.

Кейинги йилларда суғурта ташкилотларининг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали хизмат кўрсатишга ҳаракат қилаётгани, айниқса, ўз самарасини бермоқда. Бу ҳақда пойтахтимизда “Ўзагросуғурта” давлат-акциядорлик суғурта компанияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида сўз юритилди.
Таъкидландики, “Ўзагросуғурта” республикамиздаги йирик суғурта ташкилотларидан бири сифатида аҳоли орасига чуқур кириб бормоқда. Айни пайтда компания томонидан юздан зиёд суғурта хизматлари кўрсатилиб, мижозлар билан бир йилда ўртача тўрт мингдан ортиқ шартномалар тузилаётгани ана шундан далолат беради.
Компанияда интерфаол хизматлар кўламини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бундан бир неча йил аввал дирекциялараро “VPN” тизими жорий қилинган бўлса, кейинчалик ушбу хизмат ҳудудий бўлинмаларга ҳам татбиқ этилди. Бу эса, ўз навбатида, суғурта шартномаларининг электрон базасини марказлаштирилган ҳолда юритиш, электрон хатларни “онлайн” тарзда узатиш билан бирга, ҳудудий бўлинмаларга корпоратив тармоқ орқали интернетга чиқиш имконини берди. 
Бугунги жадал ривожланиш даври эса ҳар бир жабҳада, шу жумладан, ахборот-коммуникация тармоғида ҳам янада кўпроқ изланишларни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, компания жамоаси бу борадаги ишларни такомиллаштиришга ҳаракат қилаяпти. Бунда Президентимизнинг 2014 йил
3 апрелдаги “Иқтисодиётнинг реал секторида ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.
— Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ижросини таъминлаш мақсадида бу йил “СRM” дастурини ишга туширишни режалаштираяпмиз, — дейди компаниянинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш департаменти етакчи мутахассиси Зиёвиддин Жалилов. — Дунёга машҳур “Terrаsoft” компаниясига тегишли мазкур дастурнинг Тошкент шаҳри ва вилояти дирекцияларида тест синовларидан ўтказиш жараёни шуни кўрсатдики, уни қўллаш жуда қулай. Яъни мижозлар ушбу тизим орқали компаниямиз хизматларидан уй ёки хизмат хонасидан чиқмаган ҳолда, электрон тарзда фойдаланиши мумкин. Йил охиригача республикамиздаги барча мижозларимиз шундай имкониятга эга бўлади.
Анжуманда, шунингдек, суғурта хизматларининг аҳоли турмуш фаровонлиги ва иқтисодиётимиз равнақини таъминлашда тутган ўрни юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn