Ёш мутахассислар шижоати
  • 01 Июль 2015

Ёш мутахассислар шижоати

Мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани чет эл сармояси иштирокидаги корхоналар сони йил сайин кўпайишида муҳим омил бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ички бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ҳамда ҳудудлар экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаяпти.

Хусусан, юртимизнинг йирик индустриал марказларидан бири бўлган Навоий вилоятида кейинги йилларда Жанубий кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ўндан ортиқ корхоналар барпо этилиб, уларда 300 дан зиёд кишиларнинг бандлиги таъминланди. Эътиборлиси, аксарияти касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан иборат ана шу маҳаллий ишчи-мутахассислар кўмагида юқори кучланишга чидамли кабеллар, автомобиль генераторлари ҳамда компрессорлари, электротўшаклар, бир марталик дори ниналари, косметика ва дори-дармон воситалари каби бир неча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ўтган йили Навоий шаҳрида Жанубий Кореянинг “Tolbiz” ҳамда “Top-point Co. Ltd” корпорациялари билан ҳамкорликда фаолият бошлаган “Bagil Medical New Technology” қўшма корхонаси — ана шундай илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири. Бу ерда қиймати қарийб 2 миллион АҚШ долларилик замонавий дастгоҳлар ўрнатилган бўлиб, улар йилига 48 миллион дона 5 миллиграммли бир марталик шприцлар ишлаб чиқариш қувватига эга.
— Хорижнинг етакчи  компанияларидан келтирилган мазкур инновацион технологиялар тўлиқ компьютерлаштирилган, — дейди қўшма корхона директори Фахриддин Баротов. — Уларни бошқариш осон ҳамда қулай. Шу боис халқаро санитария қоидаларига тўлиқ мувофиқ келадиган юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлашда самарадорликка эришаяпмиз.
Айтиш жоизки, айни кунда мазкур корхонада маҳаллий аҳоли вакилларидан 36 нафари иш билан банд. Келгусида бу ерда ишлаб чиқариш суръати ошиб, янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилиши билан жамоа аъзолари сони янада кўпайиши кўзда тутилган.
— Ўзбекистонда чет эллик сармоядорлар учун қулай инвестициявий муҳит яратилган, — дейди Жанубий Кореянинг “Top-point Co. Ltd” корпорацияси директори Ким Ен Чул. — Қолаверса, кўплаб имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эгамиз. Эркин фаолият юритишимиз ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлангани эса иш унумдорлигини муттасил ошириб бориш ҳамда янги-янги истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишимизда қўл келаяпти. Энг муҳими, бундай имкониятдан мамлакатингизга сармоя киритаётган бошқа чет эллик инвесторлар ҳам мамнун.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn