Эҳтиёт бўлинг, спайс!
  • 01 Июль 2015

Эҳтиёт бўлинг, спайс!

Бу дунёда эрмаклар ва ҳою ҳаваслар жуда кўп. Шунинг учун ёш авлоднинг айрим вакиллари билим олиш, ўз устида ишлаш, келажаги учун пойдевор барпо этишга ҳаракат қилиш ўрнига умрини беҳуда сарфлаш, “куним ўтса бўлди” деган қараш билан бекорчилик ва ўткинчи ўйин-кулгига берилиб яшайди. Ҳаётга бундай ёндашув уларнинг тарбиясини яққол кўрсатади. Албатта, бунда ота-оналарнинг ҳам айби бор.

Улар учун ана шундай анъанавий ҳузур топиш усулларидан бири — наркотиклардир. Бу, аслида, янги тенденция эмас. Янгилик шундаки, бугунги кунда ёшлар экзотикани излаш ортидан кўпинча синтетик оғу “модаси” қурбони бўлаяпти. Ана шулардан бири — спайс.
У нима ўзи, деган савол туғилиши табиий. “Spice” инглизчадан “зиравор” дея таржима қилинади. Охирги йилларда мазкур чекиладиган аралашма Европада кенг тарқалди, Россияда оммалашди, умуман, глобал хатарга айланди. Ушбу гиёҳвандлик воситаси савдо-сотиғи “кўҳна қитъа”да 2006 йилдан (айрим манбаларга қараганда 2004 йилдан) бошланган. 2009 йилда унинг таркибий қисми нотабиий келиб чиқишга эгалиги, янада аниқроқ айтганда, марихуанани ҳосил қилувчи асосий модда тетрагидроканнабинол (ТГК)нинг синтетик муқобили эканлиги аниқланди. Спайсни ташкил этувчи асосий масаллиқ JWH-018 (синтетик) моддаси ҳисобланади. Бу ўзининг табиий “эгизаги”дан бир неча баробар кучлироқ ва зарарлироқдир.
Спайс нимаси билан шунчалик хавфли? Мутахассислар бу ҳақда кўпдан бери хавотир билан бонг урмоқдалар. Улар спайсни заҳарга муқояса қилишади. Мазкур аралашмани чекиш, шубҳасиз, муккасидан кетишга олиб келади. Айни пайтда у биринчи қабул қилинганидан кейиноқ дарҳол салбий таъсирини кўрсатади. Ҳаётида бир марта бўлса-да, ушбу оғуни татиб кўрган ҳар қандай инсон асл ҳолига қайта олмайди. Спайс асоратига кўра, марихуанага нисбатан анча хатарлидир. Бу у таъсир қилувчи моддалар билан юқори даражада тўйинтирилганлиги (концентрацияси) билан боғлиқ. Шунинг учун сархушликдан чиқиш узоққа чўзилиб, ҳаттоки, спайсдан олинган бир марталик мастлик галлюцинацияга дучор бўлиш учун етарли саналади.
Шифокорларнинг айтишича, унинг бузғунчи таъсири, биринчи навбатда, инсон руҳияти, организмдаги асаб тўқималарига йўналтирилади. Спайс чекувчилари кучли ҳаяжон, ваҳима ва саросима асирига айланади. Натижаларга қараганда, у кўриш, диққат, хотира ва ақлий фаолиятга путур етказади. Ўз навбатида, жигар, ўпка каби ички органлар азият чекади. Қон қуйилиб қолиши, мия ҳужайраларининг бузилиши кузатилади. “Зиравор тамаки”нинг ашаддий кашандалари эса, жинсидан қатъи назар, бепуштликдан азият чекади. Бир қисми эса ўз умрига завол бўлади. Интернет ОАВнинг ўтган йил сентябрь ойида Россиядан спайсга муккасидан кетганлар сони бир ойда 800 нафарга етгани ҳақидаги маълумотлари ҳамон хотирада турибди. Уларнинг 25 нафари ҳаётдан кўз юмган.
Ажал келтирувчи восита ҳақида қуйидаги далилларга ҳам эътибор бериш керак. Экспертларнинг ёзишича, спайсни ҳидидан ажратиб олиш қийин эканлиги бу борадаги яна бир хавфдир. У наркотик тутуни каби бугунги кунда урфга кираётган мевали чекиш аралашмалари ёки хушбўйлаштирилган тамакига ўхшаб кетади.
Бироқ спайсни истеъмол қилган кишини қолипга сиғмайдиган хурмача қилиқлари орқали осон билиб олиш мумкин. Йўқ одам билан суҳбатлашиш, йўқ нарсаларнинг кўриниши, эшитилиши, сабабсиз кўтаринкилик ёки кўзёш тўкиш, чалғиш ва соатлаб қотиб қолиш — синтетик заҳарни ичига тортганларга хос аломатлардир.
Шиддат билан ўзгараётган дунёда наркотик моддалар билан боғлиқ бугунги хавф-хатарларга қарши самарали курашиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис навқирон авлодни наркотикларнинг ҳалокатли таъсиридан ўз вақтида асраб-авайлаш айни муддаодир. Мутахассислар бу борада яхлит чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этишади.
Уларнинг фикрича, аввало, ота-оналар огоҳ бўлиши керак. Улар наркомания таҳдиди муқаррарлигини англаб етиши, ушбу муаммога жиддий ёндашишлари шарт. Яъни ўғил-қизларни эътиборсиз қолдирмай, уларнинг давомати, қизиқишлари, бўш вақтларини қандай ўтказаётгани, атрофидагилар, дўстлари билан қизиқишлари лозим. Боз устига, шифокорлар болаларда кайфу сафога ҳавас уйғонганини билдирувчи аломатларни аллақачон аниқлаб бўлишган. Улар қуйидагилардир: ўқишга қизиқишнинг йўқолиши, кайфиятнинг бирдан ўзгариши, ота-она билан мулоқот қилишни истамаслик, шубҳали янги дўстлар ва бошқалар.
Яқинлардан ёки танишлардан бири наркотик моддаларни истеъмол қилишни бошлаган бўлса, дарров умидсизликка тушманг. Ҳар қандай вазиятнинг чиқиш йўли мавжуд. Қадрдонингизга даволаниш учун ёрдам бериш даркор. Буни тўлиқ аноним ҳолда бажариш мумкин. Пойтахтимиз, республикамизнинг барча ҳудудида даволаш ишлари зимдан олиб бориладиган наркологик диспансерлар фаолият юритаяпти. Профессионал шифокорлар шахснинг жамиятга соғлом бўлиб қайтиши учун тезда ҳамда самарали ёрдам беради.
Албатта, оиладаги соғлом турмуш тарзи ҳақида ҳам унутмаслик зарур. Қаерда спорт ва жисмоний тарбия одатий машғулотга айланган бўлса, у ерда болалар наркотиклар таъсирисиз вояга етишини ишонч билан таъкидлаш мумкин.
Бинобарин, Ўзбекистонда давлатимизнинг наркотикларга қарши дастурини амалга оширишда оила ва маҳалла муҳим ўрин тутади. Зеро, айнан мана шу масканларда жамиятнинг бўлажак аъзоси шаклланади, тарбия асослари бунёд этилади. Шундай экан, жамиятимизнинг мазкур мустаҳкам бўғинлари — кучли давлат негизидир. Бундай мамлакат эса ҳар қандай хавф-хатар ва таҳдидга қарши кураша олади.

Аббосхон МУНИРХОНОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
журналистика факультети 2-курс талабаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn